Бағрикенглик ўзбек халқига хос бўлган чинакам исломий фазилатдир. У самимият, очиқ мулоқот ҳамда виждон ва эътиқод туфайли вужудга келади. Шунингдек, у фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу билан миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди.
Ҳукуматимиз раҳбарияти барча фуқароларимизга диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда.
Динимизнинг асоси – Қуръони каримда ҳам бағрикенглик кенг тарғиб қилинган.
Ислом дини инсониятни миллатлар ўртасидаги алоқаларни ўзаро танишув ва ёрдамлашув асосига бино этишга чақиради. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилган: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Демак, одамларнинг асли бир: ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.
Кишилар ўзларича мезон тузиб, бирларининг иккинчиларидан афзалликларини ўлчаб юришади. Кимдир мол – мулкига қараб, кимдир ҳасаби – насабига қараб, яна бирлари танасининг рангига қараб, яна кимдир қабиласи ёки миллатига қараб ва ҳоказо ўлчовлар воситасида ўзини устун қилиб кўрсатади. Ҳамма бир ота ва бир онадан тарқалганлигини, у ота – оналар эса, тупроқдан яратилганини унутиб қўяди.
Оқибатда турли – туман келишмовчиликлар, уруш – жанжаллар ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Ислом динида бу каби ўлчовларнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Улар ҳаммаси бекор қилинади ва ягона мезон сифатида илоҳий ўлчов жорий этилади. Бу ўлчов инсонлар қадрини фақат битта нарсага қараб, яъни, инсоннинг тақвосига қараб ўлчайди: “Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир”.
Ер юзида инсонларнинг қадр – қиймати ушбу илоҳий ўлчов билан ўлчангандагина турли низолар, уруш – жанжаллар ва келишмовчиликлар барҳам топади. Шу сабабдан тинчлик халқлар ўртасидаги табиий алоқа бўлиб қолиши энг зарурий шартлардандир. Бунга ушбу муборак оят ҳам далил бўла олади: «Эй мўминлар, тинчликка барчаларингиз киришингиз» (Бақара сураси, 208-оят).
Халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳар бир инсон, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва ҳурмат қилиши учун жуда муҳим. Бағрикенгликсиз демократия асослари ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаб бўлмайди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик ҳам бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, давлат ва диний ташкилотлар ҳамда уларнинг ўзаро муносабатлари давлат томонидан қабул қилинган қонун-қоидалар асосида тартибга солинади. Шунингдек, давлат ва дин муносабатларидаги асосий жиҳат – бу диннинг сиёсатга аралашмаслигидир. Зеро, ҳар қандай дин, биринчи ўринда маънавий-ахлоқий жиҳатни ўз ичига олади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида ғайридинга ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишни тарғиб қилганлар. Масалан, «Кимки бир дарахт экса ва ундан ҳайвонми, қушми, ҳашаротми, одамзотми еса, уни эккан одамга савоб бўлади”, деган мазмундаги ҳадисни олайлик. Мана шу каби ҳадислардан ҳам динимизнинг бағрикенглигини яққол кўрамиз.
Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу анъаналарга содиқ қолиб, диний ва миллий тотувликка катта ҳисса қўшиб келмоқдалар. Мамлакатимизда турли динлар вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида бирлашмоқда. Динимизнинг бағрикенглик фазилатини ўрганар эканмиз, гап бориб аслида одоб-ахлоққа бориб тақалишини кўрамиз. Бироқ бугун нима учун мусулмолар бир-бири билан уруш қиляпти? Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун одамзотга яхши муомала қилишни буюрганлар. Демак, динимизнинг жавҳари, асл моҳияти ҳам инсон зотини севиш экан.
Халқимизга хос бағрикенглик ҳам ўзининг қадимий илдизларига эга. Мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.
Шу боис сиёсий барқарорлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашда, фуқароларимизда ягона Ватан туйғусини шакллантиришда, юрт истиқболига дахлдорлик ҳиссини камол топтиришда халқимизнинг бағрикенглик хислати асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Термиз тумани бош отинойиси Сайфуддинова Лутфинисо