Истиқлол шарофати туфайли миллий ва диний қадриятларимизга эркинлик берилиб, рамазон ойида бажарилиши керак бўлган ибодат ва маросимларни мукаммал адо этиш, фазилатли кунлар шарофатидан кенгроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдик. Чунки мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда инсоннинг маънавий камолоти билан боғлиқ миллий-диний қадриятларни тиклашга умумдавлат аҳамиятига молик устувор йўналиш сифатида қаралди.

Инсонни камолот сари етакловчи миллий ва диний қадриятларимиздан бири Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлардир. Бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб этган инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади. Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, қалбини турли ғуборлардан тозалайди.

Диёримиз мусулмонлари ҳар йили Рамазон рўзасини тинчлик-осойишталик, бағрибутунлик билан адо этмоқдалар. Дарҳақиқат, бу ойда иймон-эътиқод билан қилинадиган дуолар ижобат бўлади, чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилувчининг дуосини қабул қилади. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара, 183).

Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида энг эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, хайрли ишларни кўпайтиришга шошилмоғимиз лозим. Зеро, рўза инсонни дўзахдан тўсиш билан бирга уни жаннатга етаклайди.

Бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи, унинг раҳматига эриштириб, азобидан узоқлаштирувчи ибодат бўлган рўза беқиёсдир. Ҳаттоки, Аллоҳ таоло рўза тутувчилар кириши учун жаннатда алоҳида бир эшикни яратиб қўйгандир. Бу ҳақда Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, жаннатда бир эшик борки, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўза тутганлар киради, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. “Рўза тутганлар қаерда?” дейилади. Шунда улар ўринларидан турадилар ва ўша эшикдан жаннатга кирадилар. Кириб бўлганларидан сўнг эшик ёпилади. Улардан бошқа ҳеч ким киролмайди”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Рамазон ойининг фазилатларини батафсил баён қилгувчи ҳадисни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Салмон Форсий (р.а) ривоят қилиб шундай дейдилар: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга хутба ўқиб шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва баракотли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло бу ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, у – сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У – хайр-эҳсон улашиладиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”…

Шунингдек, рўзадор киши кам таъминланган оилалар, етим-есирлар, бева-бечоралар ва беморларга имкон қадар ёрдам бериши, улардан ўзининг меҳр-оқибат тафтини аямаслиги керак. Рамазон ойида ўтказиладиган ифторликларни оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда, ҳар бир оиланинг имкониятидан келиб чиқиб, исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ниҳоят даражада иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказиш эса шариатимиз руҳига мос тушади. Ушбу саодатли кунларда мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиши, оилаларимизнинг маънавий камолоти, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину-диёнатига содиқ инсонлар бўлиб камол топишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Бобохон Қосимов,
Музработ тумани бош имом-хатиби.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here