Ҳайру-эхсон қилиб, саҳоват кўрсатиш албатта, мусулмон кишига ҳос бўлган фазилатлардан бири. Етим-есирлар, бева бечоралар, ногирон ва ўзгалар ёрдамига мухтож, қолаверса мушкул вазиятдаги инсонларга кўмак қўлини чўзишнинг савобини зиёда дейдилар. Ҳаттоки, эҳтиёжманд одамга ўз вақтида қарз беришни ҳам катта бир эҳсондек, гап дейишади. Муқаддас Ислом динида садақа ва эҳсон борасида ҳам бир нечта саҳиҳ ҳадислар бор. Садақа ва эҳсон ҳақида сўз борганида халкимиз “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин”, дейишади. Битта танадаги икки аъзо! Бу нақл албатта, бежизга эмас. Аввало бу садақа ёки эҳсон олган инсонни миннатнинг оғир юкидан ҳалос қилади. Унинг уялиб, боши ҳам бўлишининг олдини олади. Зотан, ҳар қандай хизматни миннат йўққа чиқаради. Яна шуни хам айтишадиларки, энг яхши садақа ва эҳсон бу кишининг ўз оиласига қилгани. Зотан, ўз оиласининг моддий ва маънавий эҳтиёжлари учун қодир бўлиб, сўнгра эҳсон улашиш жоиздир. Кўпни кўрган отахон ва онахонларимизнинг бутун умр ҳаж амалини адо этиш учун йиғган маблағларини маҳалласига ичимлик сувини келтириш ёки бўлмаса таъмирталаб йўлларни таъмирлатиш ва шунга ўхшаш савобли ишларга сарф этганини ҳам кўп эшитамиз. Аммо, бугунгидек ўзининг глобаллиги билан муўим ахамият касб этаётган бугунги замонамизда инсонларнинг манна шундай эътиқодлари билан боғлик истакларидан ҳам ғараз мақсадларда фойдаланиб қолувчилар ҳам оз эмас. Масалан, яқин бир танишим суд мажлисида иштирок этгани ҳакида гапириб қолди. Эмишки, ишлаб пул топиш мақсадида хорижга кетган бир таниши ўша ёқларда бир гуруҳ ғаламисларнинг тузоғига илиниб қолибди. Аввал бошда дину-диёнатлар ҳақида борган суҳбатлар кейинчалик бузғунчилик режалари ва фисқу-фасодга айланибди. Ҳатто, муқаддас Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган нобакорлар инсониятга қирғин келтирувчи жангу-жадалларни одамлардан олинган ҳайру-эхсонлар ҳисобидан уюштираётган экан. “Байтулмол” деб ўша ерда ишлаётганлардан ҳар ойда пул маблағлари йиғилар экан ва бу маблағларнинг жанг қилаётган террорчиларга юборилганини айтишар экан. Ўша содда йигит қора курсида ўтириб, терроризмни молиялаштириш ва бошқа бир қанча жиноятларни содир этгани учун қонун олдида жавоб берибди. Йигит ўз айбини тан олибди. Байтулмол беришдан ташқари диний экстремистик оқим манфаатига хизмат қиладиган бошқа бир қатор ишларни амалга оширганини рўй-рост тан олиб, қилмишлари учун кечирим сўрабди. Албатта, халқимиз, унинг фарзандлари эътиқодли инсонлар. Уларни чалғитиш эса уруш ўчоғига ўтин қалаётган ғаламисларнинг энг асосий юмуши бўлиб қолган. Бу ўринда ҳатто уламолар қирғин учун, тинч яшаётган инсонларга нотинчлик солиш учун моддий кўмак бераётганларни ҳам ана шундай жохил, қўли қонга ботган манқуртларга тенглашади. Аҳир, ўзингиз ўйлаб кўринг, дунё афгор оммаси халқларнинг тинч яшаши ва уруш, нифоқлар чиқмаслигининг тарафдорлари. Бемаъни жангларни деб қанчадан қанча мўмин-мусулмонлар қатлиом қилинди, хонадонлари, шахарлари ва муқаддас масканлари вайрон этилди. Жонларига зулм ўтиб, бева-бечоралар сони ортди. Ватансиз, бошпанасиз қолиб, қочоқ мақомида жон сақлаётганлар қанча. Ўз уйидан ишлаб, пул топиш, шунинг ортидан рўзғор кечириш учун чиққан одам мехнат қилса-ю, унинг топганидан “Байтулмол”, эҳсон учун, деб пул олишса. Бу пуллар ёвузлик йўлида сарф этилиши ана шундай ёвузликка даҳлдор этмайдими, одамни?!
Мана шундай ҳолатлар ҳақида эшитган вақтинг, диндош, ватандош инсон сифатида қалбингда бир оғриқ пайдо бўлади. Унга қарата: хонадонингда бир этак болангга ғамхўрлик қилиб, турмуш ўртоғинг йўлинга кўзини тикиб ўтирган бўлса. Бедор тунлари, беҳаловат кунлари сенинг ой бориб, омон қайтишингни худодан сўраб, оромини йўқотган бўлса! Наҳотки, ана шу бемаъни жангларда гезариб, ўз юртига, халқига, ватанига қурол ўқталиб, мўмин-мусулмонларнинг қонини дарё қилиб оқизиб, парокандаликни касб қилган, барча кирдикорларини эса дин ривожи йўлида, деган ниқоб билан хаспўшлаётган нокаслар яқинларингдан, оилангдан ҳам азиз бўлса эй инсон, дегинг келади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилоят вакили ўринбосари Абдусалом Фатуллаев