Халқимизда “Бир гулдан болари бол йиғса, илон захар йиғади”, деган пурмаъно нақл бор. Карами кенг Аллоҳнинг беш кунлик синовли дунёсида мана шу икки жонзоднинг турмуш тарзи барча мавжудодлар ичида аъло ва мукаррам қилиб яратилган инсонга ибрат аслида. Бир ота-онадан туғилиб, битта оилада камол топиб, битта маҳаллада яшаб, битта ватанда истиқомат қилгувчиларни ҳам ёруғ фитрат билан кузатсангиз ўй-ташвишию, қилган аъмоли бири бириникидан фарқ қилишини англайсиз. Зотан, инсон борки ўз орзу истакларининг ижобатини фарзандида кўради. Улғайиб, юрт сўрайдиган, киндик қони томган заминнинг корига камарбаста бўлишини истайди. Аммо, ноқобил фарзандлар қаёқдан пайдо бўлади? Ноқобил фарзанднинг гуручдаги курмак мисоли пайдо бўлишига ким айбдор? Инсоният неча замонлардан бери шу саволга жавоб излайди. Ота-она фарзанднинг вужудини дунёга келтиради. Устоз мураббий эса унинг рухини тарбиялайди. Маҳалла-куй, атрофдаги одамлар, жамият эса хулқ-атворининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Демак, ноқобил фарзанднинг дунёга келишида фақатгина ота-онани айблаб бўлмайди. Шу туфайли ҳам зукко халқимиз ота-онани ноқобил фарзанд келтирадиган иснод юкидан озорланишининг олдини олиш учун бир болага етти маҳалла ота-она, дейишади. Қачонлардир ширин кулгулари билан хонадонга нур бағишлаган, беозор шўхликлари билан маҳаллага файз берган болаларнинг улғайгач қўлига қурол тутиши бу — чинаккам фожеанинг ўзгинасидир. Йигитлик бурчини адо этиш, ватан деган саждагоҳ каби муқаддас гўшани ёвлардан ҳимоя килиш, юрт ободлиги, замин тинчлиги, осмоннинг мусаффолиги учун қурол кўтариш албатта, шарафли вазифа. Аммо, ўзлагаларга озор бермай, кундалик юмушлари билан банд бўлган бегунох инсонларга қирғин солиш жирканч ишдир. Ҳатто муқаддас динимиз таълимотида ҳам бундай иш қораланган. Афсуски, ўзларидан пешво, муқаддас Ислом дини номидан ниқоб, эътиқоди суст гумрохлардан лашкар қилиб олган нобакорлар ҳам йўқ эмас. Таассуфлар бўлсинки, террор, экстремист деган манқуртлар армияси дунё афгор оммаси талофат еган, азият чеккан биринчи ва иккинчи жахон урушидан ҳам кўпроқ инсоният бошига қирғин солди. Инсониятга етган азият бунда ҳаробаларга айланган шаҳарлар, кули кўкка совурилган масжидлар-у, берилган қурбонлар билан ҳам ўлчанмас. Зотан, қалбида яратувчанлик бўлган, тинчликсевар инсонларнинг бундай қирғин баротларнинг гувоҳи бўлиб, қалблари ларзага келиши, ич-ичидан бегуноҳ инсонлар ва вайроналарга ачиниб чеккан азиятлари ҳам ана шу ёвузликларнинг асоратидир. Шулар ҳакида ўйлар экансан, эртанги мунаввар тонглар, фарзандлар кулгуси, инсонларнинг бахтиёр турмуш тарзи, ривожланиш ва тараққиёт, илм-фан ривожи бардавом бўлиши учун барча масъул деган фикрга келасан киши. Зотан, ёвузлик ва эзгулик доим ёнма-ён яшаган. Минг бир орзу-истаклар билан тарбияланган фарзандларни йўлдан уриш, уларни соҳта даъволар ва ёлғон ваъдалар билан ўз измига олиш орқали қувватланган. Бу жонивор танасига ёпишиб,’ унинг қонини сўриб, тинкасини қуритиб, бирор бир касалликка чалинтириб, жонворнинг ҳаёти завол топиши эвазига бўлсада яшаб қолиш учун курашаётган паразитлар каби тутилган иш афсуски, доим иш берган.
Қани энди шундай минбар бўлсаю, ундан туриб қилган хитоб дунёнинг барча қитъаларида яшаётган инсонларга эшитилса. Овозингизни тўсадиган бирор тўсиқ, халакит қилувчи бирор омил бўлмаса ва шундай даъват этсангиз: “Фарзандлар тарбиясида шундай огоҳ бўлингки, унга хилватларда пойлаб туриб, кўз тикканлар бор! Фарзандингизга ота-боболари тарихини шундай сўзлаб берингки, қулоқларига қўрғошин мисоли қуйилсин. Холбуки, сохта тарихлар тўқиб, уни чалғитувчилар сиз айтган тарихни бузишга имконсиз бўлсин. Фарзандингизга муқаддас динимиз, унинг ахкомлари ва шариъатни шундай ургатингки, токи фарзандингиз Аллоҳ ягона эканини, Муҳаммад (с.а.в) унинг расули, ислом тинчлик ва осойишталик, дўстлик, бағрикенглик дини эканини чукур англасин. Сиз шундай панду-насихат қилингки, улардан зурриёдингиз огоҳ, бўлиб, сўзларингизни тинчлик ва осойишталик сабоғи сифатида билсинлар”
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилоят вакили ўринбосари Абдусалом Фатуллаев