Ҳаётимиз довомида жуда кўп ирим-сиримларга дуч келамиз. Баъзан улар сабабли тараддудланиб қоламиз. Аксарият ҳолатларда қоғозга ёзилмаган бу каби «қоида»лар гоҳида қилаётган ишларимиз унумига, дам кайфиятимизга салбий таъсир кўрсатади. Аслида ирим-сиримлар ҳақми?  Бу борада Ислом таълимотида нима дейилган?

Маълумки, тақдирга имон келтириш динимиз асосларидан биридир. Шундай экан, инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни ҳам тақдирдан деб билиш ва у инсонга Аллоҳнинг хоҳиши билангина етади, деб ишониш энг тўғри йўлдир. Одамлар орасида кенг тарқалган номақбул амаллардан бири шумланишдир. Исломдан илгариги жоҳилият замонида одамлар биpop ишни қилмоқчи бўлсалар, қуш учириб кўрар эдилар. Агар қуш тепага кўтарилиб ўнг томонга учса, хурсанд бўлиб, ўша ишни бошлардилар. Агар қуш чап томонга учса, хафа бўлиб, шумланар ва ўша ишни қилмас эдилар, Пайғамбаримиз алайҳис салом ушбу эътиқодни рад қилиб, инсонлар шумланаётган нарсалар ҳеч қандай зарар ҳам, манфаат ҳам келтира олмаслигини баён қилдилар. Бу борада Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбар алайҳис салом шундай деганлар: «Касалликнинг юқиши йўқдир, шумланиш йўқдир, руҳларнинг қушга айланиб юриши йўқдир, Сафар ойидан шумланиш йўқдир».

Ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида ана шундай нотўғри фикр ва ирим-сиримлар учраб туради. Масалан: йўлда кетаётган одам олдидан қора мушук ўтса, бир фалокат юз беради, деб тушунади. Аср вақтида қичқирган хўрозни ҳам бехосият ҳисоблаб, уни сўйиб юбориш керак, деб ўйлайдилар. Бу каби иллатларни кўплаб санаш мумкин.

Иккита фарзандни бир вақтда уйлантирганда уларнинг бирининг оиласи бахтсиз бўлади, деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Бундай фикр инсонлар ўртасида ўзаро келишмовчилик, шубҳа-гумон ва фитналарга сабаб бўлгани учун Пайғамбаримиз алайҳис салом бу каби нотўғри фикрларнинг ҳар қандай кўринишини рад қилдилар. Аслида ёшларни оиланинг иқтисодий имкониятига, оила бошлиқларнинг ўзаро келишувига мувофиқ кам харажат билан қовуштириб қўйиш савобли иш. Чунки, динимиз кўрсатмаларида, “Хайрли ишлар кечиктирилмайди” дейилган. Қайси ойда, қайси кунда, қандай тартибда бўлсин, ёшларнинг тўйларини қилиб ёшларни хурсанд қилиш суннатдир.

Бундай бўлмағур иримларга ишонувчиларга шундай дейишимиз мумкин: агар тақдирда бахтсизлик ёзилган бўлса, фарзандларни алоҳида-алоҳида никоҳлаб қўйилса ҳам ёшлар бебахт бўлиши ёки аксинча қўша никоҳ билан оила қурган ёшлар энг саодатли хонадон соҳиблари бўлишлари мумкин. Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳис салом: “Тақдирни дуодан ўзга ҳеч нарса қайтара олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса узайтира олмайди”, деганлар.

Бизнинг кундалик ҳаётимизда кўпроқ учрайдиган ирим-сиримлардан бири, сафар ойидан шумланишдир. Исломдан илгариги жоҳилият замонида бу ой ҳақида одамлар турли ёмон гумон қилар эдилар. Улар сафар ойи ичида никоҳ муносабатларини боғламас, бирор эзгу ишга қўл урмас, тижорат ёки бошқа мақсадда ҳам сафарга чиқмас эди. Бунинг таъсири одамлар орасида ҳали ҳам сақланиб қолган. Икки ҳайит ўртасида тўй килмаслик, янги уйга кўчиб ўтмаслик каби эътиқодлар ҳам шулар жумласидандир. Бундай нотўғри фикрлар яхши ва хайрли ишларнинг кечикишига сабаб бўлади. Натижада инсонлар ҳаётидаги интизом издан чиқади.

Киши бундай ҳолатга тушганда, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб дуо қилиши лозим. Урва ибн Омир р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳис салом: «Қайси бирингиз одамлар шумланадиган бирор нарсани кўриб қолсангиз шундай деб дуо қилинг: «Эй Аллоҳ! Яхшиликни фақат Ўзинг келтира оласан ва ёмонликларни даф қилгувчи ҳам фақат Ўзингсан, куч ва қувват ҳам фақат сендадир «.

Расулуллоҳ алайҳис салом дедилар: “Умматимнинг ажралмас уч хусусияти бор: Шумланиш, ҳасад ва бадгумонлик. Шунда бир одам: «Ё Расулаллоҳ, кимда шу хислатлар бўлса, уни қандай кетказади?»-деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоху алайҳи васаллам жавоб бердилар: «қачон ҳасад қилсанг Аллоҳга истиғфор айтгин. Қачон гумон қилсанг уни тасдиқламагин, қачон бир нарсадан шумлансанг парво қилмай ўз ишингда давом этавер».

Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, шумланиб ирим-сирим қилиш беҳуда нарса. Ирим-сирим, бидъат-хурофотларга ишониш мумкин эмас. Сабаби уларнинг асли йўқ. Бундай ирим-сиримлар Қуръони каримда бир неча оятлар билан рад этилган. Ҳадисларда инсонлар бундай ёмон ишлардан қайтарилган.

Расулуллоҳ алайҳис салом бир ҳадиси шарифларида «Ирим-сирим қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг тақдирисиз таъсир этмайди”, деб марҳамат қилган бўлсалар, бошқа бир ҳадисларида: “Ирим-сирим бемаъни нарсадир”, деганлар.

Баъзан инсонларнинг йўл устида баъзи ҳайвонларнинг учрашидан, қарға ва бойўғлининг товушларидан ҳамда баъзи бир рақамлардан ирим қилишлик, шу сабабли кўп муҳим ишларни ёки ҳаракатларни кечиктириши дуруст эмас. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам ботил иримлардандир. Бойўғлининг дарахтга чиқиб сайрашлигидан ҳеч кимга зарар йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидай, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб, топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади.

Хонадонида кетма-кет бир неча кишилар вафот этса, “Ўлик тортади”, деган нотўғри эътиқод билан қабрни очиш, ўликни уриш, жасаднинг бирор жойига шикаст етказиш каби иримлар ҳам қабиҳ ишлардандир. Иймонли киши бундай ишларни ўзи ҳам қилмайди, бировнинг ҳам қилишига рози бўлмайди. Зеро, оғир кунларда инсоннинг ёрдамчиси фақат Аллоҳ таоло ва қутулиш воситаси дуодир. Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилиб келтирган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Балолардан, қора кунлардан, тақдир қабоҳатларидан ва душманларнинг ҳасадидан ўзингизга паноҳ тилаб, Аллоҳ таолога дуо-илтижо қилинглар!”дедилар». 

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, халқимиз ичида баъзида бидъат-хурофот ва ирим-сиримларга берилиб хайрли ишларни бошқа муддатларга кўчирадиган, бошқаларнинг ҳам фикрини чалғитиб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлар эди. Бундай ботил тушунчаларга кўр-кўрона эргашиш хурофотларга эргашишдир. Ҳар қандай ҳолатга ақл билан тафаккур қилиб, илм билан ёндашишимиз керак.

Қизириқ тумани «Саъд Ибн Абу Ваққас» жоме масжиди имом хатиби

Чориев Анвар

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here