«Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Оллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта Мағфиратли бўлган Зотдир. 11. (Шунда) У Зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. 12. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур». (Нуҳ сураси, 10-11-12-оятлар).
Истиғфорни кўп айт, шунда кенглик, хотиржамлик, ҳалол ризқ, солиҳ фарзанд, ва мўл-кўл баракотни топасан.
«(Оллоҳ сизларга амр қилурки), Ïарвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар, бунда (У) сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз етгунича) чиройли мато — фойдаланиш билан фойдалантирур ва ҳар бир яхшилик соҳибига яхшилик (яъни, ажр — мукофот) берур». (Ҳуд сураси, 3-оят).
Ҳадисда айтилади: «Ким истиғфорни кўп айтса, Оллоҳ таоло унинг учун ҳар қандай ғамдан қутулиш, ҳар қандай сиқилишдан чиқиш йўлини кўрсатур».
Саййидул истиғфорни тилингдан қўйма: «Оллоҳим, Сен Парвардигоримсан, Сендан ўзга илоҳ йўқдир, Сен мени яратгансан, Мен Сенинг қулингман, имконим борича аҳду ваъдамда тураман. қилган ишларимнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ сўрайман, неъматларингга қуллуқ қиламан, гуноҳларимга тавба қиламан, мени кечир, чунки фақат Сенгина гуноҳларни кечирурсан».
Шўрчи тумани ХидиралиЎғли Эрали жоме масжиди имом хатиби Музаффаров Муминхон