Ислом ақидасидек очиқ, аниқ ва равшан ақидани англамаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда ҳам хавфлидир. Мустаҳкам ва равшан ақида бўлмагандан кейин турли бидъат, хурофот, афсона, сафсаталарга ҳам ишониб кетавериш кузатилади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлинади. Олдинлари, моддапарастлик авж олган даврда, сеҳр кишининг соғлиғига зарар бериши ҳақида гапирилса, кулги-масҳарага қолиш аниқ эди. Энди эса, аксинча, кўпчилик дардлар ортида сеҳр ва шунга ўхшаш нарсалар турганига ишонилади. Исломда эса ҳамма нарса ўз воқелигига қараб ўртача баҳоланади. Асосан хасталиклар оғир кўтариш, зах-нам жойларда кўп ўтириш ва ғам-қайғу каби омиллар сабабли келиб чиқади. Улар тиббий йўл билан муолажа қилинади. Шу билан бирга баъзи ҳолларда ҳасталик сабаби сеҳр бўлиши ҳам мумкин. Ундай ҳолатда беморни даволаш учун Қуръони карим ҳамда суннати Набавийдан ривоят қилинган дуоларга мурожаат этилади.
Бугун айрим одамлар сеҳр ва фол балосига йўлиққан. Инсонлар Аллоҳнинг каломи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини бир четга қўйиб, шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ солмоқдалар. Кишилар уларнинг олдига турли мақсад билан боради, кўпчилиги келажагини билишга қизиқади. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайди. Агар фолбин келажакни билса, нима учун турли конларни топиб олмайди? Конларни-ку қўйинг, қўлида турган ютуқ чиптасининг ҳимоя қоплами тагида нима борлигини билиб бойиб кетмаган? Энг ёмони, бу ноқулай ҳолатга диний тус берилди. Фолбин, сеҳргар, башоратчи ва ҳоказолар эркак кишилар бўлса, эгнига ажабтовур чопон, бошига қандайдир салла ўраб, бўйнигами, қўлигами тасбеҳ осиб олади. Ўтирган жойларига ҳам шунга ўхшаш нарсалар қўяди. Бирорта дуоними, сураними чала ёдлаб, такрор-такрор ўқийди. Агар аёл киши бу ишга қўл урган бўлса, у ҳам ўзича шунга ўхшаш ғалати тадбирлар қўллайди. Оқибатда, одамлар бу нарсаларни динда бўлмаса ҳам, динга алоқаси бор, деб тушуна бошлайди. Улар дунёдаги барча муаммоларни шу фолбин ёки дуохонлар ҳал қилади, деб ўйлайди. Бўйи етган қизига совчи келмаётган оналар ҳам уларга мурожаат этади. Кечаси уйқусида чўчиб кетадиганлар ҳам, бошқа турли дардларга чалинганлар ҳам, иши юришмай қолган тижоратчилар ҳам, бирор нарсасини йўқотиб қўйганлар ҳам, тузукроқ мансабни мўлжаллаган амалдор ҳам, қўли келмай қолган қиморбоз ҳам, хуллас, кўпчилик уларга мурожаат эта бошлади. Фалон жойда бир фолбин чиқибди, борганлар фойда топаяпти экан, у фалончига ундай депти, пистончига бундай депти, каби шов-шувлар тез тарқалиб, одамлар ўша томонга чопадиган бўлди. Лекин шу фолбин ва сеҳргарларнинг мижозлари ақлини ишлатиб, чуқурроқ тафаккур қилиб кўрмайди. Ўзлари эътқод қилиб, кўтар-кўтар қилаётган одамлар кимлар, уларнинг “мўъжиза”лари нимадан иборат, бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмайди. Қизига совчи чиқмай фолбинга келган она ўша фолбин ёки дуохоннинг ўзи бева экани, оиласи бузилган ёки яқин кишиларида худди шу муаммо борлигини билмайди. Тузукроқ мансаб илинжида юрган амалдор, бу одамнинг қўлидан мансабга кўтариш келса, ўрнимга ўзи чиқиб олмасмиди ёки ўғлини, қариндошини кўтариб қўймасмиди, деб ўйлаб кўрмайди.
Фолбин, дуохон ва бошқалар эса, келганларнинг ҳаммасини қабул қилиб, уларнинг бошини айлантиришда давом этаверадилар. Уларнинг кўплари жин урган шахслар бўлиб, ўзларидан инсонларга, жамиятга, эл-юртга тегаётган зарарни англаб етмайдилар. Ҳақиқатан ҳам жин теккани учун уларда баъзи нарсалар пайдо бўлиши мумкин. Лекин бу касб қилиб олиниб, одамларнинг бошларини айлантиришга ҳуқуқ берадиган фазилат эмас, балки даволашга муҳтож дарддир. Фолбин ва сеҳргарлар зарари фақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётгани билан чегараланиб қолмайди. Бу зарар жиддий ижтимоий зиддиятларга олиб боради. Бунинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик тарқатишдир. Фараз қилайлик, бир инсон фолбинга боши оғриётгани учун мурожаат қилди. Албатта, фолбин уни тиббий муложага буюрмайди. У ўзини содда мижозига: “Тўғри, мен ҳам сизни узоқдан кўриб, шу одамнинг боши оғриётган бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Буни ўзингиз тасдиқлаб турибсиз. Энди биз бир ожиз одаммиз, ҳамма нарса Яратганнинг ўзидан бўлади, келинг бир кўриб қўяй-чи”, дейди-да ўзига хос ҳатти-ҳаракатлар қилгач: “Сизга илму амал қилишибди. Ё қариндошларингиз ичида ё маҳаллангизда ё бўлмаса иш жойингизда сизга нисбатан ёмон ниятли кишилар борга ўхшайди. Ўшалар илму амал қилган бўлса керак. Тупроққа дам солиб сочган бўлишлари ҳам мумкин”, дейди. Шундан кейин боши оғриётган киши ҳаммадан шубҳаланиб, душманлар ахтара бошлайди. Ўзича чора тадбирлар кўради. Натижада, жамиятда ўзаро душманлик ва ишончсизлик ортиб боради.
Баъзи туппа-тузук кишилар ҳам: “Ишонмаймиз-у, лекин бир бориб қўяверайлик-чи”, деб фолбинлар ҳузурига отланади. Бу иш тўғри эмас. Мўмин киши барча шубҳали нарсалардан узоқ юриши лозим. Мисол учун, ароқ ичмаса ҳам, ичганларнинг олдида ўтириш мумкин эмас. Ўтирса, гуноҳ бўлади. Шунингдек, фолбинга ишонмаса ҳам, олдига бориш нотўғри иш ҳисобланади.Фолбинга борган одамнинг унга ишониб қолиш эҳтимоли кучаяди. Гуноҳга ботишнинг олдини олиш учун фолбинларга умуман мурожаат қилмаслик буюрилган. Шариат бўйича, бирор ишни қилмоқчи бўлган одам, аввало, яхши ўйлаши, ўрганиши, биладиганлар билан маслаҳат қилиши, шундан сўнг Аллоҳга таваккал этиб, иш бошлаши кўрсатилган. Агар бирор ишни қилиш-қилмасликни танлай олмай ҳайрон бўлса, маслаҳатлардан сўнг ҳам азму қарорга кела билмаса, истхора қилади. Истихора деб, ётишдан олдин таҳорат олиб, ният қилиб, икки ракаат намоз ўқишга айтилади. Намоз охирида истихора дуоси ўқилади. Ётганида тушида бирон-бир ишора бўлиши, агар тушида ишора бўлмаса, ўша ишнинг яхши-ёмонлигини кўнглига солади. Шунга қараб иш қилади.
Шариатга мувофиқ иш олиб борган одам олий даражаларга эришади. Шариатга хилоф иш қилганлар эса, икки дунёда ҳам саодатга эриша олмайди. Мана, фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимликнинг ҳукми ва уларга тегишли хулосалар билан танишдик. Энди эса амал қилиш керак. Авваллари билмай бу ишларни қилганлар бўлса, тавба этсинлар. Бу ҳукмларни эшитмаган, билмаганлар бўлса, уларга ҳам айтиб билдирсинлар. Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг тўғрийўлидан адаштирмасин.
Олтинсой туман бош имом хатиби: М.Маматқулов