Муқаддас динимиз инсонни ер юзида фисқу фасод қилиш, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш, қолаверса, ўз жонига зулм, ўзини ҳатто қурбон қилиш гуноҳи кабира эканини билдириб, ер юзини обод қилиб, эзгу амаллар билан шуғулланиш, унинг манфаати учун ато қилинган неъматлардан фойдаланиш, унинг шукрини ва ҳаққини адо этиш савоб ишлар қаторига кириши ҳақида таълим беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир оятида инсонни азизу мукаррам қилиб яратганини билдирган бўлса, бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло Одамни ер юзида ўзининг ўринбосари қилиб яратганини баён қилган. Бу оятлар инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ кўрсатади.

Аллоҳ таоло одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса, ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим. Аллоҳ таоло инсонга ақл-идрок бердики, токи ҳаёт ва унинг неъматлари қадрига етсин ҳамда дунёга фақат бир марта келишини билсин, ҳаётда учрайдиган баъзи қийинчилик ва мусибатларни сабру қаноат билан енгсин.

Дарҳақиқат, ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим. Акс ҳолда, энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.

Улуғ китобларимизда инсоннинг ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиши ман этилган. Ҳадиси шарифларда ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтилган. Жумладан: “Кимки тоғ тепасидан ташланиб, ўз-ўзини ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши темир парча қорнига суқулган ҳолатда жаҳаннам ўтида абадий қолур», деб айтилган.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай деган: “Бандам ўз-ўзини ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда яшаш учун курашиш ҳисси, сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукрлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Айниқса, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб исломий жамоалар орасида кенг тарқалиб, ҳатто жасорат даражасига ҳам чиқариб қўйилди.

Яқин Шарқда бўлаётган воқеаларни, белига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган ёшларни тез-тез телевидения ва радио ахборотлари орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Ўшандай жоҳилона ҳатти-ҳаракатларни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кимсалар аслида ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир. Қолаверса, ўзларини портлатиб юбораётган ёшлар ҳеч қандай шаҳид ҳам бўлмайдилар, чунки улар билан бирга ҳалок бўлаётганлар бегуноҳ кишилардир.

Ўз-ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканлигини шундан ҳам билиш мумкинки, бундай ишни қилган кишига жаноза намози ўқилмаслиги тавсия қилинган. 

Ўз жонига қасд қилиш оқибатида урушлар ва  зўравонликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони даражасида одамлар бу ёруғ дунё билан хайрлашмоқда.

Жаҳон динларининг барчасида ўз жонига қасд қилувчилар қаттиқ қораланади ва гуноҳ сифатида кўрилади. Айрим халқларда ўз жонига қасд қилувчилар қабристондан ташқарига кўмилади.

Ҳозирги пайтда айниқса,  ёшлар  орасида ўз жонига қасд қиладиганлар борлиги афсусланарли ҳолдир.  Фарзандларимиз бундай иродасиз ва заиф бўлмасликлари керак.  Ахир инсонга  умр бир маротаба берилади.  Ундан унумли фойдаланиш керак.   Биз ўз  фарзандларимизни берилган умрнинг қадрига етадиган ва қадрлайдиган қилиб тарбиялашимиз, умр бебаҳо неъмат эканлигини  тушунтиришимиз керак.   Арзимас нарсалар ёхуд гап-сўзлар учун ўз жонига қасд қилиш  ўта ноинсофлик,  ўта заифлик,   иродасизлик ҳисобланади.  Шуни фарзандларимиз онгига сингдириб  боришимиз керак.

         Ҳадиси шарифлардан бирида шундай дейилган: “Мусулмон кишига етадиган ҳар бир дард, қийинчилик, мусибат, қайғу-алам, озор ёки ғам ва ҳатто унга кирган тикон сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг хатоларини кечиради”.

Мазкур ҳадисда мусулмон кишига етган ҳар бир дард, мусибат унинг хатоларига каффорат бўлиши, яъни Аллоҳ таолонинг раҳматига яқинлаштириши айтилмоқда.Азизлар, инсонни Аллоҳу таолло азиз қилиб яратди,  берган умридан оқилона фойдаланайлик азиз жонимизни асрайлик!

 ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here