Пандемия моддий ва маънавий қадриятларга нисбатан дунёқарашимизни ўзгартириб юборди. Инсон ва табиат, жамият ва эътиқод масалаларида ўзаро уйғунликни таъминлаш тобора долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.Чунки, инсон эътиқоди хоҳ дунёвий, хоҳ диний бўлсин  унинг ижобий ёки салбий таъсири  моддий ва маънавий қадриятларда ўз таъсирини қолдиради. Эътиқод тўғри шаклланган ва тарбияланган жамиятда инсон  моддий ва маънавий қадриятлардан ўз турмушида улардан зийнат сифатида фойдаланади ва бадъатга ўралган қадриятлардан халос бўлиб бораверади. Лекин, глобаллашув ва айниқса  ХХI асрнинг 20-йилларида дунё мамлакатларини қамраб олган  пандемия даврида моддий ва маънавий қадриятларга нисбатан эътиқодни тўғирлаш, аниқроғи эса тарбиялаш жуда ҳам мураккаб кечмоқда.Давлатнинг куч ишлатар тузилмалари ҳам бу жараёнда иштирок этишга мажбур бўлмоқда. Ўзбекистонда 2019 йил 31 декабрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Узлуксиз маънавий  тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”[1] ги қарори жамиятда  соғлом эътиқодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин, қачонки унда қўйилган  ахлоқий фазилатларни шакллантиришга  барча муассасалар масъулият билан ёндошиб ўз муассасаларидаги шахсларнинг фаолияти индикаторларини мониторинг қилиб бориб  турмушида намоён бўлаётган бидъатларга барҳам бериб бориш анъанаси мавжуд бўлса эришиши мумкин. Демак, эътиқодни тарбиялашга янгича тизимли ёндошув бугун жамиятда бош муаммо.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”[2] деб таъкидлади. Шарқда, жумладан Мовароуннаҳрда эътиқод тарбияси давлат раҳбарлари маърузаларида, мутафаккир олимларнинг илмий асарларида ва маҳалла-куй ҳамда оилаларда ота-оналарнинг диққат марказида бўлиб келган. Фақат собиқ Шўролар ҳукумати даврида бу жараёнга бир томонлама ёндошиб, диний эътиқодга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилди. Дунёвий эътиқод ҳам  нотўғри талқин этилди. Совет мафкураси  бугунги  МДҲ  мамлакатлари ҳудудларидаги миллатлар негизида “совет халқи” шаклланади ва жамият ривожланиб борган сари “дин барҳам топади”деган сохта ақидани одамлар турмушига сингдиришга 75 йил уринди. Охир-оқибат эса 75 йиллик  совет атеистик эътиқоди  1991 йилга келиб ўз умрини яшаб бўлганини намоён қилди. ХIV аср мобайнида ислом маънавияти дастлабки нозил бўлган пайтдан бошлаб  инсонни дунёвий ва диний эътиқодда  комилликка даъват этиб келаётганлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Иқроъ’ бисми Роббикаллазий холақ;

Холақол инсаана мин ъалақ;

Иқро’ ва Роббукал акром;

Аллазий ъллама билқолам;

Ълламал инсаана маа лам яълам”[3].

Таржимаси:

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!

(У) инсонни лахта қондан яратди.

Ўқинг!Раббингиз эса Карамлидир.

У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди.

У инсонга билмаган нарсаларини билдирди.

Бу Аллоҳ каломининг мазмун-моҳиятини узоқ йиллар атеистик эътиқод тарғиботчилари ўзларининг доҳийси номи билан боғлаб халқни чалғитиб келди. Ўзбек халқи бу оятларнинг асл моҳиятини таниқли уламо шайх Алоуддин Мансурнинг Қуръони Карим таржималарининг ўзбекча изоҳли таржимаси орқали барҳаманд бўлди. Таниқли адиб Ўткир Ҳошимов эса барча масъулиятни зиммасига бу китобнинг изоҳли ўзбекча таржималарини даврий равишда “Шарқ юлдузи” журналида чоп эттириб борди. Бундан 30 йил бурун шундай савобли ишларга қўл уриш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас эди. Шунинг учун ҳам ўзбек халқи ўз уламо олими шайх Алоуддин Мансур ва  дилкаш адиби Ўткир Ҳошимовни ва  “Шарқ журнали”ни алоҳида меҳр билан тилга олинади. Қуръони Карим ислом оламида энг олий маънавий қадрият,бу маънавий қадриятда илм олиш, ўқиш фарз амалларидан биридир. Демак, халқ учун дунёвий ва диний  илмларни ўрганиш бу ўз қадриятларини билиш, ўрганиш мажбурий савобли амалдир. Ўзбекистон мустақилликка эришганлигининг  30 йиллик даврини   таҳлил қилсак, жамиятда  халқнинг эътиқоди, қадрияти ва уларга бўлган муносабатларда жуда кўп ижобий ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, 2016-2020 йилларда мамлакатимизда дин ва эътиқод, диний таълим муассасаларига муносабат, диний уламолар асарларини ўрганиш ва халққа содда тилда тавсир қилиб тушунтириб беришда ибратли ишлар қилинганлигини халқ ўз турмуш тарзида сезиб ҳам турибди. Халқаро ташкилотлар  бу жараённи эътироф ҳам этмоқда. Бунинг яққол меваси сифатида 2020 йил 7 декабрда Америка Қўшма Штататлари Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан  чиқарди. Бу дин, эътиқод, қадрият соҳасида Ўзбекистоннинг жасоратли ислоҳотларининг  тан олинишидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон- мактаб остонасидан,таълим-тарбия тизимидан бошланади”[4] деган ғояни бежизга айтмади. Диний таълим муассасалари ва ота-оналарга  бу ғоя жуда улкан масъулият юклайди.Чунки, бола туғилгандан то 30 ёшгача  бўлган даврда унинг эътиқодини ва ахлоқий фазилатларини тўғри йўналтириш, эртага жамиятга  жуда катта интеллектуал капитал олиб келади. Бу эса Мовароуннаҳрда 9-12 ва 15-16 асрларда рўй берган биринчи ҳамда иккинчи ренессанс даврининг  узвий давоми бўлиб, 20-аср бошларида жадидчи-маърифатпарвар  имомларимиз Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий , Мунаввар қори Абдурашидхонов амалга оширолмай кетган учинчи ренессансга бизнинг давримизда  қўйилган пойдеворнининг дебочаси бўлади.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги

малака ошириш маркази Сурхондарё вилояти

 минтақавий филиали “Ижтимоий ва мутахассислик фанлари”

 кафедраси мудири, фалсафа фанлари номзоди У.Мустафаев

[1] Қаранг  “Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 31-декабрь ВМ 1059-сонли қарори.

[2] Қаранг “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси” 2020 йил 29-декабрь

[3] Қаранг.шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тавсири. Тошкент 2018.597-бет.

[4] Қаранг. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси.2020 йил 29 декабрь.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here