Халқимизда кўплаб хайрли анъаналар мавжуд. Уларнинг энг эътиборлиларидан бири ўтган яқинлар руҳини шодлаш мақсадида қабрларни зиёрат қилишдир. Шариатимиз кўрсатмаларига кўра Қабрлар зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз (сав) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан кейин шундай марҳамат қилганлар:
Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади
Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим. Зеро улар ҳам бизлардек яшаганлар, турли амалларни қилиб ўтганлар. Ҳозирда ўша қилмишларига яраша бир қадар Аллоҳнинг ажри ёки уқубатига сазовор бўлган ҳолда ётурлар. Бу эса инсонни фикр қилишга ундайди.
Қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим. Аввало қабристонга кирилганда сизга салом эй қабристон аҳллари — деб салом бериб ҳокисорлик билан кирилади. Сўнгра марҳумлар руҳига бағишлаб тиловати Қуръон ҳамда дуои хайрлар қилинади. Бунинг, албатта маййитлар учун фойдаси бор. Ҳадиси шарифда:
Маййитларингизга Ёсин сурасини ўқингизлар” – дейилган.
Ватандошларимизнинг кўплари ўтганларини хотирлаш мақсадида қабристонларга борадилар. Шунингдек, азиз-авлиёларнинг мақбараларини, яқинларимизни қабрларини зиёрат қилиб туриш Ислом динида савобли ишлардан саналади. Аммо бунинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Масалан, азиз авлиёларнинг мозорларига борилганда Байтуллоҳни тавоф қилгандек атрофини айланмасдан, одоб билан бориб тиловат ва дуо қилиб савобини шу қабр соҳибининг руҳига бағишлаб, биздан ва авлодларимиздан шу зотлар каби улуғ инсонлар чиқаргин, деб Яратганга илтижо қилинади. Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар бир зиёрат этувчи киши қабрда ётган авлиё ёки бошқа зотлардан мадад сўраб, ундан ҳожатини раво қилишини талаб қилишлиги дуруст эмас. Ҳар қандай ҳожати бўлса, бевосита фақат Парвардигорнинг ўзидан сўралади.
Қабрларга шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш, унинг устида ўтириш, босиб юриш, қабр рўпарасида намоз ўқиш мумкин эмас. Қабрни таниб олиш учун бирор белги сифатида унинг устига тош ёки тахта қўйиш, уларга сана ва номларини ёзиб қўйишга рухсат этилган, аммо чиқими кўп ва дабдабали қилиб қабр тошлари ўрнатиш исроф саналади ва шариат бундай нарсалардан қайтаради.
Шариатимизда қабрлар атрофига гул ва шунга ўхшаш ўсимликлар экиш жоиз. Лекин мевали дарахтлар экиш, уларни мевасини истеъмол қилиш, қабристонда чорва молларини ўтлатиш макруҳ ишлардандир.
Аллоҳ таоло ўтганларимизнинг руҳларини шод, охиратларини обод айласин.
П.Тошбоев
Денов тумани бош имом хатиби