Динимизга кўра мусулмонлар дўстлик, осойишталик, тотувлик ва муҳаббат оғушида
яшашлари керак. Одамлар орасидаги дўстлик, самимият ва қардошлик туйғуларини барбод қилиб, унинг ўрнига гина-кудурат ва душманликни рўёбга чиқарадиган энг ёмон нарсалардан бири ғийбатдир. ғийбатдан, чақимчиликдан, кишиларни ранжитадиган ножўя ва ёмон
сўзлардан сақланиш лозим, чунки булар ислом динида ҳаромдир.
Бир куни пайғамбаримиз саҳобалардан сўрадилар: «ғийбат нима, биласизларми?»
Саҳобалар: «Аллоҳ ва унинг расули билур», -дедилар. Шунда пайғамбаримиз: «Дин қардошига ёқмайдиган сўзларни унинг орқасидан сўзлашдир», — дедилар. Пайғамбаримизнинг саҳобалари яна сўрадилар: «Агар қардошларимизни ёмонлаганимиз тўғри бўлса, сўзласак бўладими?»
Пайғамбаримиз марҳамат қилдилар: «Агар сўзлаган сўзларингиз тўғри бўлса, ғийбат
қилган бўласиз. Сўзлаган сўзларингиз тўғри бўлмаса, туҳмат қилган бўласиз».
Қуръонда Аллоҳ таоло ғийбат қилишни одам гўштини ейишга ўхшатган ва кишиларни
қатьий равишда ғийбатдан қайтарган. «Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар!
Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб
юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирон киши
ўлган биродарларининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ана ёмон, кўрдингизми?!
(Бас гуноҳи бунданда ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз! Аллоҳдан
қўрқингаз!» («Ҳужурот» сураси, 12-оят)
Пайғамбаримиз ғийбат қилувчиларни ёқтирмасдилар. Агар бирон киши уларнинг
ҳузурларида ғийбат қилишга тутинса, ғийбатнинг ҳаром ва гуноҳ эканлигини у кишининг ёдига солардилар.
Пайғамбаримиз ғийбатни эшитишга ҳам рухсат бермасдилар. Ул зот бир ҳадисларида
«ғийбат қилувчи билан ғийбатни тингловчи гуноҳда баробардир», — деганлар.
ғийбатчилар ёмон бир касалликка учраган кишилардир. Бизнинг ҳузуримизда бошқаларни ёмонлаб турган киши бошқалар ҳузурида бизни айблаш бизнинг ҳақимизда ҳам ножўя сўзлар сўзлаши муқаррар.
Мусулмон одам бошқаларнинг айбларини қидирмайди ва уларни у ерда-бу ерда сўзлаб
юрмайди. Мўмин киши биродарининг хато ёки айбларини сир тутишга интилади.
Пайғамбаримиз айтганларидек, «Ким бир мусулмон қардошига ёрдам қилса, Аллоҳ ҳам
у кишига ёрдам қилади; қайси бир мусулмон ўз қардошининг дардларига дармон
бўлса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг дардларидан бирига дармон бўлади. Ким бир
мусулмон қардошининг айбини яширса, Аллоҳ ҳам охиратда унинг айбини
яширади».
Инсон бошқаларнинг айбларини эмас, балки ўзидаги хатоларни қидириши, яхши кишилар қаторидан ўрин олишга интилиши зарур. Пайғамбаримиз таъкидлаганларидек; «Яхши
мусулмон ўз айбларини қидирадиган, бошқаларнинг айбларини излашга вақт
топмаган кишидур».
ғийбатнинг бу дунёга оид кўп зарарлари бўлгани каби, охиратга алоқадор жуда кўп
зарарлари ҳам бор. ғийбатчи ўзи қилган яхшиликлар ва ибодатлардан топган савобларининг ҳам беҳуда кетишига сабаб бўлади. «ғийбатчи рўза тутмаган кишидур», -дегандилар
пайғамбаримиз. Демак ғийбат кун бўйи оч қолиб, чанқаб тутган рўзамизнинг савобини йўққа чиқаради.
Мусулмон одам чиройли ва фойдали сўзлар сўзлайди ёки сукут сақлайди. Пайғамбаримиз бу ҳақда шундай деганлар: «Аллоҳга ва охират кунига ишонган киши хайрли ва
фойдали бир сўз сўзласин ёки жим турсин». Бир киши мусулмон қардошига, яхшилик тилаб ихлос ва самимият билан уни танқид қилса, бу ғийбат бўлмайди. Чунки дин қардошининг хато ва нуқсонлардан қутилишига
ёрдамлашиш ҳам ҳар бир мўмининг ўз диний қардоши олдидаги бурчидир. Бундай иш ғийбат бўлмай, ҳақ ва ҳақиқатга даъват этиш ҳисобланади. Аввал замонларда баъзи йиллари ёмғир ёғмасдан, экинлар унмай қоларди. қишлоқ халқи
Аллоҳдан ёмғир сўраб илтижо қилишарди. Ҳазрати Мусо ҳам ўз қавми билан бир куни
Аллоҳдан ёмғир сўрашга чиқиб, қўлларини кўтариб, дуо қилди, ёмғир юборишни илтижо этди.
Жаноби Ҳақ ваҳий фариштасини юбориб, шундай деди: «Умматинг орасида жуда ашаддий бир ғийбатчи бор. Агар уни ғийбатдан тўхтатсангиз, сизга ёғмир бўлади». Ҳазрати Мусо: «Ё раббим,бу кишининг ким эканини менга билдиргин», -деб дуо қилган эдилар, Аллоҳдан шундай жавоб келди: «Унинг ким эканини сенга билдирсам, у вақтда мен ғийбатчи бўлурман»
ШЎРЧИ ТУМАНИ “ ТОЛЛИ ОТА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ
РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО