Қуръони каримнинг илк ояти “Ўқи” амри билан нозил бўлган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ таоло қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. (Мужодала сураси, 11-оят).
Муовия ибн Абу Сўфён розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишларида фақиҳ қилиб қўяди” деганларини эшитдим”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм ҳақида яна шундай деганлар: “Иймон бир тан бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси илмдир”.
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган эканлар: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан тирилтиради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади” (Имом Термизий ривоят қилган).
Абу Ҳомид Ғаззолий шундай деганлар: “Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу-зулматдан нур бағишловчи ва заиф бандаларга куч-қувватдир, илм билан банда аброрлар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади”.
Аллоҳ таоло барчамизга манфаатли илм олишни, илм туфайли Ўзининг жамолини кўришни насиб қилсин, иншоаллоҳ.

👤Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар Сайфидинов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here