НАМОЗДАГИ ҚАВЛЛАР МАЪНОСИ:
2. САНО МАЪНОСИ.
Намозни бошлашда ўқиладиган дуо бизда “сано”, араб тилида “истифтоҳ (яъни, намозни очиш) дуоси” дейилади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни бошласалар, “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табаарокасмук, ва таъаалаа жаддук, ва лаа илааҳа ғойрук”, деб айтардилар” (“Сунан” соҳиблари, Аҳмад, Ҳоким, Дорақутний ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Санонинг турли шакллари бор. Ҳанафий, ҳанбалий мазҳаби уламолари “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика”ни ихтиѐр қилишган. Шофеийлар “Важжаҳту важҳий лиллазий фаторос самааваати вал арз” деб бошланадиган дуони ўқишади.
“Субҳаанакаллоҳумма” Аллоҳ ҳар қандай айб-камчиликдан пок эканини, “Ва биҳамдика” эса мақтовнинг ҳамма тури Аллоҳга хослигини эътироф этишдир. Яъни: Эй Парвардигорим, Сен нуқсон-камчиликлардан холисан, буюксан, мутлақ комил Зотсан. Ожизликдан, зулм қилишдан, Ўзинг яратган жонзотларга ўхшашдан поксан. Барча ҳамду санолар фақат Сенгагина хос.
“Ва табаарокасмук” Сенинг исминг комил, улуғ, муқаддасдир. Осмонлару ерда исминг баракаси зиѐда бўлди, дегани. Агар Аллоҳнинг исми шу қадар баракали бўлса, унда Аллоҳнинг Ўзи янада баракалироқ, улуғроқдир.
Ҳақиқатан, Аллоҳнинг исми баракалидир. Агар овқат ейишдан олдин “Бисмиллаҳ” десангиз, шайтон сизга шерик бўлмайди, таомга барака киради. Агар басмалани айтмасангиз, шайтон сиз билан қўшилиб таом ейди. Агар жонлиқ сўяѐтганда Аллоҳ исми зикр қилинмаса, у нопок ўлимтик бўлиб қолади. Оламлар Парвардигори исми айтиб сўйилса, пок-ҳалол гўшт саналади. Зеро, Аллоҳнинг исмисиз бошланган ҳеч бир ишда хайр-барака, унум бўлмайди.
“Ва таъаалаа жаддук” жумласи “Сенинг улуғлигинг юқори бўлди” маъносини англатади. Аллоҳ шундай буюк Зотки, яратган мавжудотларидан ҳеч бири Унга тенглаша олмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзи улуғдир.
“Ва лаа илааҳа ғойрук” эса “Сендан Ўзга илоҳ йўқ. Сен Яккаю Ягонасан” мазмунини билдиради. Аллоҳдан бошқа ҳар қандай “маъбуд”лар, “илоҳ”лар ботил, сохтадир. Фақат Аллоҳ буюк, комил, ибодат учун лойиқ Зотдир.
Санони тафаккур қилиш билан қалб уйғонади, Аллоҳга қурбат ҳосил бўлади, шайтон васвасаси даф этилади, ғафлат ортга чекинади, ихлос сари кенг йўл очилади.
«Намозда хушуъ» китобидан.
Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар Сайфидинов