ФИТНАДАН УЗОҚЛАШИНГ
Машҳур араб тарихчиси Муҳаммад Ал-Жазарийнинг фикрига кўра: “Фитна имтиҳон ва синовдир…. Фитна сўзини кейинчалик синов туфайли кишига етадиган “азият” маъносида ҳам ишлатиш оммалашган. Сўнгра бу сўз гуноҳ, куфр, уруш, ёндириб юбориш, йўқ қилиш, бирор нарсадан четлатиш маъносида ҳам кўп қўлланган”.
Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка раҳна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича таъкидланган: “… Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир. …” (“Бақара” сураси, 191-оят); “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир.” (“Бақара” сураси, 217-оят). Мусулмонларга фитна тарқалганда барчани қамраб олиши ҳақида огоҳлантирилиб, ундан сақланишга буюрилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).
Ҳанафий мазҳабининг йирик олими Имом Муҳаммад Ходимий фитна ҳақида қуйидагиларни айтган: “Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни боғийликка ташвиқ қилиш, подшога қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади”.
Ислом уламолари фитна жозибадор бўлгани сабабли унга аралашган одам чиқиб кетиши қийин бўлади, лекин киши ҳар қандай оғир бўлмасин фитналардан қочиши керак деб таъкидлашади. Асримизнинг етук олими марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий фитнага қуйидагича таъриф берган: “Адолат ҳукмронлиги бўлмаган, унинг тизгини қўлдан кетган, кишилар ихтиёрсиз ҳамда қоидаларсиз урушга берилиб кетадиган ҳар бир ҳолат фитнадир. Хатар ва ҳалокатга сабаб бўлишда барча фитналар баробар».
Шунинг учун жиҳод экан, уришиш керак экан ва шаҳидлик жаннатийлик экан деб фитналар ва алдовлар гирдобига тушиб қолмаслик керак. Чунки ўз жонига зулм қилиш деган иборалар ҳам бор. Ўз жонига зулм қилиш харом амал. Фитна илмсизлик натижасида келиб чиқади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши ҳам инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради.
Бойсун туман «Саид Баҳромхон» масжиди имом хатиби Ў. Алимов