Бир шоҳнинг яккаю ёлғиз зурриёди бўлиб, у шунчалар уқувсиз эканки, унга салтанат тугул, оддий бир ишни топшириш ҳам амримаҳол экан. Ўғлимни қандай ҳунарга ўргатсам экан, деб шоҳ узоқ бош қотирибди ва охири фолбинликни маъқул кўрибди. Устоз фолбинлар бу мушкул вазифани чор-ночор ўз зиммаларига олишибди.
Орадан йиллар ўтиб, улар шаҳзодани саройга бошлаб келишибди, шоҳ олдида таъзим қилиб:
— Олампаноҳ, ўғлингиз фолбинликнинг барча сир-асрорларидан воқиф бўлди — нимаики билсак, унга ўргатдик.
Шоҳ узугини кафтига яшириб, ўғлини синов қилибди.
— Қани, айт-чи, қўлимдаги нима?
Шаҳзода қумга чизиб, фол очибди:
— Қўлингиздаги нарсанинг ўзи думалоқ, ўртаси тешик, — дебди ниҳоят.
Шоҳ бундан роса мамнун бўлибди.
— Баракалла ўғлим! Лекин сен унинг фақат аломатларини айтдинг. Энди отини ҳам айт-чи?
Шаҳзода ўйлай-ўйлай:
— Тегирмон тоши, — деб жавоб берибди.
Бу гапни эшитган шоҳ пешонасига уриб, фарёд чекибди:
— Билим кучи билан барча аломатларни топдинг, лекин одамнинг кафтига тегирмон тоши сиғмаслигига фаросатинг етмади.
«Шарқ ҳикоят ва ривоятлар» китобидан.
Ангор тумани «Намоз хожи бобо» жоме масжиди имом хатиби А. Саидов