Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мусо Муҳаммад Хажжод Аз-Захроний деган одам томонидан айтиб берилган қуйидаги воқеа ҳар бир ақл эгасига катта ибратдир. Инсонни макр-ҳийла нақадар тубан аҳволга тушириб қўйиши-ю, Аллоҳга иймон келтириш натижасида етук инсон бўлиши тасдиқланади. «… Ушбу воқеани менга шайх Жалил Содиқ айтиб берган эдилар. Шайх бир куни мендан сўраб қолдилар: «Дунёдаги энг жажжи даъватчи кимлигини биласанми?».
Мен: «Ҳа, у Исо ибни Марямдирлар, алайҳиссалом«, — дедим.
Шайх: «Йўқ, мен замонамиздагини сўраяпман?» деб сўрадилар.
Мен қизиқсиндим: «Хўш, ким экан у?»
Шайх: «Ундоқ бўлса, қулоқ сол», дедилар-да, ҳикояларини бошладилар. «Менинг бир қариндошим бор. Аллоҳ дунё эшикларини унга кенг очиб қўйган. Молу-давлат деганлари оқиб келган. Одамлар орасида бойлиги туфайли, жуда обрў-эътибор топган. Ҳамма нарсада омади чопган, магар Аллоҳ билан алоқасидагина омадсиз… У Зотдан умуман узилган. Намознималигини билмайди. Гарчи, соғ-саломат жисм ва мўл ризқ эгаси бўлишига қарамасдан (!), масжид эшигини қоқишни хаёлига ҳам келтирмайди… Бунинг устига, Аллоҳ унга ёқимтойгина ўғил фарзанд ҳам ато этган. Болакай эндигина олти ёшга тўлиб-тўлмаган, хали мактабга ҳам бормаган. Лекин, шу ёшидаёқ, Аллоҳ таъоло унда кўпгина бошқа болалардан фарқли равишда, кўркамлик, ақлу-заковат, фасохат ва хаё-одобни жамлаб қўйган. Бир куни у дадасининг олдига кириб келди. Дада қўлида телевизорнинг пульти, у каналдан бу каналга айлантириб ўтирарди. Телевизор олдида кўп ўтирганидан, кўзлари толиққан, чарчаган, хаёллари ҳам тўзғиган, паришонхотир… Кириб келганда, боланинг юзлари хўл, сочларидан сув томчилаб турарди, жажжи қўлчалари тирсагигача шимарилган, улардан ҳам сув томиб турибди… У келди-да, дадасининг олдида тўхтади. Унга болаларча тикилди. Боқишида, дадасига нисбатан норозилик аломатлари юзидан билиниб турарди!
Дадаси унга қараб: «Э-э-э, саломат бўсинлар! Шу кетишларида, Худо хоҳласа, қаерга йўл олдилар энди?!» деди, хазилнамо охангда. Шунда болакай ўзининг чучук тилида гапира кетди: «Мен масжидга кетаяпман намоз ўқигани, намозхонлар билан. Мен сизга ўхшаган яҳудий эмасман, сиз-чи, дадажон, яҳудийсиз, намозни хуш кўрмайсиз».
Дададан совуқ тер чиқиб кетди…
— Б-б-болам, бу нима деганинг?!- деди, ўзини йўқотаёзган алфозда.
— ҳа, тўғрида, нима- деди-да, ўгирилиб, чиқиб кетди…
Дада анграйганча, шу холида, кичкинагина гўдак ўғли юзига тушириб кетган иймоний зарбаларнинг таъсиридан ўзига келолмай анчагина ўтирди. Гарангсиган кўйи, уй ичида тентираб юрди. Кейин эса, сабрсизлик билан унинг келишини кута бошлади…
Бирдан эшик секин очилди-да, болакай кириб келди.
— Нимага кеч қолиб юрибсан..?!
— айтдим-ку, дада, одамлар билан намоз ўкигани бораман деб.
Дадаси қасам ичиб айтадики, Аллоҳ шу болани қандайдир ҳимоя қилиб тўсиб турарди. Жуда қаттиққўл ва жахлдор бўлишига қарамасдан, унга қаттиқ, ёмон муомала қилишга ёки қўл кўтаришга, жилла қурса, уришиб-сўкишга ҳам журъат қилолмасди…
Ота довдираб юрган пайтда яна бир воқеа рўй берди. Бир куни кўчага ўйнагани чиқиб кетган бола кеч қолди… Хавотирга туша бошлаган даданинг жазаваси қўзий бошлади.
Энди кўчага қидиргани чиқмоқчи ҳам эдики, эшик ғийқиллаб очилди…Ва…
— Қаерларда юрибсан? Сени излаб ҳаммаёқни қараб чиқдик… Қидирмаган хонамиз қолмади… Сиз жаноби олийларини топиш учун энди мелисаларга хабар беришимиз қолувди!!!
— Дада…дада… сиз барибир тушунмайсиз. Сиз ёмон одамсиз. Сиз намозни яхши кўрмайсиз. Мен кеч қолганим йўқ. Ўйнадим. Кейин шом намозини ўқидик. Сўнгра, қўшнимиз Абдулазиз ака билан бироз гаплашиб қолдик. Ундан сўнг тўғри уйга келаяпман. Кеч қолганим йўқ, дада.
Дада шундай дейди: «Шу топда ўзимни ушлолмай қолдим, кўз ёшларим ёноқларимга оқиб туша бошлади… Қачонгача бу ғафлат??! Қачонгача бу каби беғубор, соф мавъизаларни қабул қилсамда, гуноҳлар зулмати ичра юришимда давом этаман??! Аллоҳ таъоло гўдак тили билан гапиртириб турибди-я
Ҳақни??!…
Шайх сўзида давом этади: Валлоҳи (Алллохга қасам), уни шу вақтгача хеч ким бунчалик таъсирлантира олмаганди. Гарчи, болакайнинг онаси солиҳа аёл бўлиб, кўп марталаб эрининг ҳидоятга келишига харакат қилган бўлсада, бу уринишлар самарасиз кетганди Лекин, Аллоҳ бирон ишни ирода килса, албатта, у иш амалга ошгувчидир!… Дада сўзида давом этади: «Узоқ хаёлларга чўмиб, ўйланиб қолдим.. Аллоҳнинг ҳайбати тушган эди менга…Аллоҳ қалбимга Ўзидан бўлган қўрқув билан бирга муҳаббат ташлаганди… Менда авваллари, бунақа ҳолат хеч ҳам бўлмаганди!….Узоқ вақт сукутга кетиб, ўйланиб қолдим… Ҳаммаёқ сукунатга чўмгандек эди гўё… Бу сукунатни хуфтон намозига чақирган Ҳақнинг товуши бўлиб юборди…Бу товуш, ёнимиздаги, охирги марта қачон борганимни эслолмайдиганим, масжиддан таралаётган азон товуши эди!
Менга тиқилиб турган ўғлимнинг нигохи, гўёки: «Дадажон, қўлимдан тутинг, кетдик, Аллоҳ сари бирга йўл оламиз!» деяётгандек эди. Сакраб турдим…Тезда таҳорат олдим ва қалбимнинг ич-ичидан келаётган кўз ёшларим ёноқларимдан қуйилганича, ўғлимни қўлимга кўтариб олиб, масжидга йўл олдим.
Масжидга қадам қўйишим биланоқ, ўғлим шодлигидан, қўлимдан ерга тушиб, худди учиб кетгудек бўлиб югуриб кетди. Йўлида учраган намозхонга қараб: «Бу менинг дадам! Аҳмад амаки, қаранг, бу дадам бўладилар!…Фатҳилла амаки, мана мени дадам… Дадам…Дадам…Дадажоним..» дер эди шошилиб. Жажжи даъватчининг намозхон дўстлари келишиб, унинг дадасини намоз неъматига мушарраф бўлгани ва кўп йиллардан сўнг, нихоят, масжидга қайтгани билан табриклашар, муборакбод этишарди. Шайх айтадилар: «Валлоҳи, бир вақтлар, кибр ва бахиллик зохир бўлиб турган, юзини ғубор қоплаган кишидан, нур ёғилиб турган, очиқ юзли инсонга айланган ўша кишини кўрдим… Юзи чиройли бўлиб кетганди… У билан суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, у, хар жума эрталабдан туриб олиб, типирчилаб, онасидан жума намозига чиқиш учун, ғусл қилдириб, хушбўйликларни суриб қўйишини талаб қилиб турадиган ўғли Ҳақида сўзлар эди…
Сўзларини давом эттириб, шайх яна шундай дейдилар: «Болакайни ҳам кўрдим. Кўчада, болалар билан югуриб, терлаб-пишиб, ўйнаб юрибди. Ўзимча фикр қилдим: «Биз катталар, ёши улуғлар, даъват майдонида сусткашлигимиз сабабли, омадсизликка учраб турганимизда, шу ўйноқлаб юрган жажжи даъватчи биздан кўра илғорроқ ва омадлироқ эмасми?!…»
Дарҳақиқат, азизлар, ўйлаб кўрайлик, ушбу ҳикоят бизга очиқ ҳақиқатни зоҳир қилмаяптими? Аллоҳ азза ва жала бирон ишни ирода этса, уни амалга ошиш сабабларини албатта, пайдо қилади. Аллоҳ Ўзининг ибодатида улғайтирган ва Ўз хифзу-ҳимоясида сақлаган болакай қандай ҳам ажойиб, шундай эмасми? Ўйлаб колади, киши. Ичимиздаги айрим оталар, кун келиб, фарзандлари уларни масжидлар сари етаклашларини кутиб ўтирибтиларми?… Қайтанга, хайрли ишларда улар фарзандларига етакчи ва кўмакчи бўлишни ўрнига-я?.. Ёки бу кетишда, таълим-тарбия тушунчалари ўзгариб, фарзандлар оталарни тарбиялашга ўтиб қолиндими?… Афсусуки, орамизда канчалар ибратлар бору, лекин, жуда кам ибрат оламиз!..