Оила — ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак насллар учун бетакрор тарбия масканидир.

Шу боис мамлакатимизда барча хайрли ишлар, эзгу амаллар, аввало, оилаларни мустаҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказиш ҳамда уларнинг ёруғ келажагини таъминлаш мақсадини рўёбга чиқармоқда. Зеро, оилада шаклланган соғлом муҳит фаровон турмуш, осуда ҳаёт тарзимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Ҳар бир одам бу дунёда бахт-саодатни фақат ва фақат оиласидан топади, ҳар кимнинг қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб бориши, аввало, улғайган муҳити ва олган тарбияси ҳосиласига бевосита боғлиқ. Зотан, оилани миллий қадриятларимиз ҳамда замонавий қарашлар уйғунлиги асосига қуриш — кечаги кундан хулоса, бугунидан маъно ва эртанги кунга ишонч билан яшаётган халқимиз танлови, мустаҳкам маънавий илдизларга таяниб яшаш саодатидир. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида оилага алоҳида эътибор билан ёндошилса-да, кўпчилик давлат Конституцияларида биздаги каби «Оила» боби йўқ экан. Бу албатта, миллий давлатчилик тарихимиз, халқимизнинг азалий қадрият ва анъаналари билан боғлиқ. Бош Қомусимизнинг мазкур бобида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, унда никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш, ўз навбатида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши ўз ифодасини топган. Қуръони Каримда Аллох Таоло: «Улар ила яхшиликда яшанг.» (Нисо:19), деб марҳамат қилган.

Бу борада Росулуллоҳ ﷺ мархамат қиладилар:

خيركم خيركم لأهله ، وأنا خيركم لأهلي

«Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли оиласига яхши муомалада бўлганидир. Мен сизларнинг оилада яхши муомалада бўлишда яхшироғингизман» дедилар.

Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботида 1990 — 2015 йилларда Ўзбекистонда оналар ўлими 33,3 % қисқаргани қайд этилди. Бунга, албатта, президентимиз раҳнамолигида оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётини енгиллаштириш борасида яратиб берилган шарт-шароитлар натижасида эришилди. Бугун қатор мамлакатларда иқтисодий инқироз, қирғинбарот урушлар, табиий офатлар, ички можаролар оқибатида аёллар ҳимоясиз, ночор ва ғариб аҳволда қолаётган бир пайтда юртимиз хотин-қизлари тинч-омон, фаровон турмуш кечирмоқда. Буни барча оилалар ўз тақдири мисолида кўриб, англаб турибди. Эсласак, авваллари мамлакатимизда оналар эртадан кечгача фақат дала юмушлари билан банд, уларнинг соғлиғидан путур, ҳаётидан мазмун кетган эди. Мустақилликнинг илк давриданоқ, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан камқонлик касалига мубтало бўлган ҳомиладор аёллар учун имтиёзли овқатланиш жорий қилинди, хотин-қизларни оғир меҳнатдан холи этиш, уларга қисқартирилган иш куни белгилаш, кундалик турмуш учун бекаму кўст маданий-маиший шароитлар яратишга катта эътибор қаратилди. Буларнинг ҳаётий исботини биргина мисол — Ўзбекистон нуфузли халқаро ташкилотлар рейтингида болалар саломатлиги муҳофазаланган етакчи мамлакатлардан бири экани, ривожланиш кўрсаткичлари бўйича фарзандларимизнинг 92 фоизи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келаётганида ҳам кўриш мумкин. Бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтадиган бўлсак, эътироф этиш жоизки, соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида — туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида, яъни 10-14 ҳафталарида барча аёллар оммавий ультратовуш текширувидан ўтказилмоқда. Натижада ҳомиладорликнинг эрта даврида ҳомиланинг умумий аҳволи, унинг ривожланиши ҳамда туғма нуқсонлар ва акушерлик патологиясини аниқлаш имкони туғилди. Ёки перинатология хизматининг аҳамияти ой-куни етмай туғилган чақалоқларни парваришлашда ҳам яққол намоён бўлаётир. Авваллари кам вазнда туғилган чақалоқлар ҳаётини асраб қолиш жуда катта муаммо эди. Бугун мамлакатимизда энг кам вазнда туғилган гўдакларни ҳам соғлом ҳолда ривожлантириш имконияти бор. Ваҳолонки, ҳозирги вақтда бундай кам вазнли чақалоқ туғилиши ўта оз. Ўзбек оиласи деганда кўз олдимизда бир уй бола-чақали, мўътабар бобо-буви, ота-оналаримиз, фарзандлар, набиралардан иборат катта бир маънавият қўрғони гавдаланади. Оилада ватанга садоқат, ота-онага оқибат, оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват омиллари ўсиб келаётган ёш авлод онгига сингдирилади. Оиладаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш ота-онада фарзандлар, фарзандлар олдида ота-онага нисбатан бурчларини, уларнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.Ҳеч бир таълим-тарбия фарзанд­лар оилада, тўкин дастурхон атрофида жамулжам бўлган бобо-бувию ота-оналаридан олган насиҳату ўгитичалик куч-қувватга эга эмас.Зотан, оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақловчи, миллий қадриятлар ривожини таъминловчи, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни дунёга келтириб тарбияловчи маскандир. Мухтасар қилиб айтганда, она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.

Худайназаров Фахритдин

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ҳадисшунослик бўлими илмий ходими                          

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here