Қуръонда Аллоҳнинг «марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси» (Анбиё сураси, 83-оят) эканлиги билдирилган. Яна Қуръонда гуноҳ қилиб, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтганлар Аллоҳнинг мағфиратли ва раҳимли Зот эканлигини кўришлари билдирилган. (Нисо сураси,110-оят).
Шу сабабли инсон Аллоҳни раҳм қилувчи, мағфират этувчи Зотлигини ўйлаши, умид билан дуо қилиши лозим. Киши қилган хатоси туфайли ҳис қилаётган виждон азоби қанчалик катта бўлмасин, бу Аллоҳнинг чексиз мағфиратидан умид узишга сабаб бўла олмайди. Шу билан бирга кишининг хато ва гуноҳлари туфайли мавжуд руҳий ҳолати унинг Аллоҳга умид билан дуо қилишига тўсиқ бўла олмаслиги керак.
Чунки Қуръонда Аллоҳнинг раҳматидан умид узиш кофирларга хослиги эслатилган: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Ҳақиқатан, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар» (Юсуф сураси, 87-оят).
Маълумки ҳеч кимнинг жаннатга кириши учун кафолати йўқ. Бу хусусда Аллоҳ Қуръонда: «Албатта, Роббиларининг азобидан омонлик йўқдир» (Маъориж сураси, 28-оят), ояти билан ушбу ҳақиқатни бандаларига билдирган. Шу сабабли барча одамлар сўнгги имконигача Аллоҳдан қўрқишлари лозим. Шундай экан, имтиҳон дунёсидаги барча одамлар Аллоҳга қалбан илтижо қилиб залолатга тушишдан, шайтонга итоат қилишдан паноҳ тилаши, Аллоҳдан ҳидоятда собит туришларини сўраши лозим. Чунки ҳеч кимнинг тўғри йўлда мустаҳкам туришига кафолати йўқ.
Қалбларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қўлида бўлиб, бу ҳақда Қуръонда иймон келтирган ва илмда собит бўлган ақл эгалари томонидан қилинган қуйидаги дуога эътибор қаратилган: «Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта, Сенинг ўзинг кўплаб ато қилувчисан» (Оли Имрон сураси, 8-оят).
Албатта, илмда собит бўлган мўмин киши ҳидоят Аллоҳнинг раҳмати, нақадар улуғ неъмати эканлигини билгани боис, Аллоҳган қалбан ёлвориб ушбу ҳидоят йўлида собит қилишини сўрайди.
Мўминнинг бошқалардан энг фарқли жиҳати Аллоҳдан қўрқишида акс этади. Чунки Аллоҳга иймон келтирмаган кимсанинг жаҳаннамнинг мавжудлигига бўлган ишончи ҳам сустдир. Мўмин киши охират кунига қаттиқ ишонгани учун, бу ишонч уни мудом Аллоҳдан қўрқиб яшашга чорлаб туради. Фақатгина Аллоҳга иймон келтирган ва Роббисига қарши кибр қилишдан қўрққан, Унинг чексиз раҳматидан умидвор бўлган кишигина Аллоҳга қўрқув ва умид билан дуо қилади. Бу тарбияни ўзида шакллантиришни истаганлар албатта, Аллоҳнинг каломини, ундаги азоб ва раҳмат оятларини мудом ўқиши, уни қалбига сингдириб, амалда тадбиқ қилиши лозим.
Эътибор берсак Қуръонда қўрқув ва умид оятлари ёнма-ён келади. Агар киши дуоларида қўрқув ҳис этмаса у тафаккур қилишдан йироқ турган кимса бўлади. Инсон Аллоҳга жаҳаннам азобидан паноҳ тилаб қанча кўп дуо қилса, Унинг жаннати, жамолини истаб ҳам шунча кўп дуо қилиши лозим. Яъни жаҳаннам азобидан қўқиб, жаннатга киришни умид қилиши лозим. Бу ҳолат Қуръон оятларида қуйидагича баён қилинган: «Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир» (Аъроф сураси, 56-оят).
«Уларнинг ёнбошлари ётар жойидан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига Биз ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар» (Сажда сураси, 16-оят).
Кўриб турганимиздек қўрқув ва умид Қуръонда таълим берилган дуонинг икки тамалидан биридир. Қуръонни диққат билан ўқисак, уни тафаккур қилсак барча ибодатлар ва ҳаётнинг ҳар лаҳзасида бу икки туйғунинг аҳамияти буюк эканини тушуниб етамиз. Унутмаслик керакки, дуо абадий ҳаётимизда нажотга етаклайдиган ибодатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақиқатни қуйидагича баён қилган: «Ва Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менга ибодатдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди».
(Ғофир сураси, 60-оят). Аллох таоло хаммамизни узиниг зокир бандаларидан қилиб, узига ихлос билан дуо қиладиган, солих бандаларидан булишлигимизни хаммамизга насиб этсин.
Қораев Махмуджон
Денов туманидаги «Домуло Афанди» жоме масжиди имом хатиби