Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов маҳаллий телевидение орқали воҳа аҳлига мурожаат қилиб, мамлакатимизга кириб келган коронавирус пандемиясидан хавотир ёки ваҳимага тушишга арзигулик сабаб йўқлигини таъкидлади. Инфекция тарқаб кетишининг олдини олиш ва ундан сақланиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Дунё бўйлаб коронавирус тарқалган илк кунларданоқ юртимизда вазият тўлиқ назоратга олиниб, зарур чоралар белгилаб олинди. Шу боис ҳам саросимага тушишга бирон асос, важ йўқ, деб ўйлайман. Вилоятимиз аҳли осойишта ҳаёт кечирмоқда. Карантин муносабати билан ёпилган таълим муассасаларидан ташқари, барча ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, ташкилот, идора, бозор, умумий овқатланиш ва савдо мажмуалари, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш субьектлари бир маромда фаолият юритмоқда. Фақат оммавий оммавий тадбирлар бекор қилиниб, қўшни давлатлар билан чегаралар ёпилди. Чет мамлакатларда юрган фуқароларимизни олиб қайтиш учун чартер рейслар тайёрланиб, уюшган ҳолда олиб келиш ташкил этилмоқда.
Хориждан келаётган фуқароларимиз махсус тайёрланган масканларда карантинга олинган. Вилоят ҳокимлиги ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида тегишли бошқарма, корхона, ташкилотларнинг масъул ходимларидан иборат амалга оширилаётган чора тадбирларни мувофиқлаштирувчи доимий ишловчи штаб фаолияти йўлга қўйилиб, “Ишонч телефон”лари ишга туширилди. Агар сизларни қизиқтираётган масала бўлса, бемалол мурожаат қилишларингиз мумкин. Йўловчиларни ташувчи корхоналарга дезинфекция ишлари билан шуғулланувчи ташкилотлар бириктирилиб, жамоат транспортини ҳар куни икки марта дезинфекция қилиш тизими жорий этилди.

Вилоятдаги юқумли касалликлар шифохоналарида 155 ўрин ҳамда керакли дори-дармон воситалари тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, хориждан қайтиб келадиган фуқаролар учун Қумқўрғон ва Термиз туманларида 250 ўринли обсервация карантин жойи шакллантирилди. Уларга олиб келинадиган фуқаролар учун 13 турдаги санитар-гигиеник воситалар жамланмаси тайёрланиб, ҳар бир фуқарога қабул жараёнида тақдим этилади. Карантинга олинганларнинг 14 кун давомида бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида мазкур муассасалар бадиий китоблар ва спорт анжомлари билан таъминланди.

Аҳоли ўртасида ортиқча ваҳима уйғотмаслик, бозорлардаги нарх-навонинг сунъий ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида бозорлар ва савдо комплексларда савдо ярмаркалари ташкил этилди, етарли озиқ-овқат захиралари шакллантирилди.

Вилоят “Сурхон Дори-дармон” масъулияти чекланган жамиятининг 210 та ижтимоий дорихонасида етарли миқдорда доир-дармон мавжуд. Жумладан, 4 тонна гипохлорид калций, 628 килограмм перекис водород, 1 минг 800 килограмм 96 фоизли спирт каби дезинфекция воситалари бор. 10 га яқин тикув-трикотаж корхонасида кунига 50 минг дона тиббий ниқоб тайёрланиб, дорихоналарга етказиб берилмоқда. Тиббий ниқоблар донасини минг сўмдан оширмай сотиш қатъий назоратга олинган.

Мавриди келганда айтишим лозимки, бу балони бошдан ўтказган Хитой ва Корея тажрибаси вирусни қатъий интизом ва ўзаро ишонч орқалигина қисқа муддатларда енгиш мумкинлигини намойиш этди. Кўҳна тарихдан халқимизнинг бундан минг карра оғир кунларни бошдан кечирганини яхши биламиз. Бу синовли дамлар халқимизни янада жипслаштириб, пандемияни хавотир ва саросималарсиз ўтказишга куч бағишламоқда. Сизлардан фақат мутахассислар тавсияси асосида санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ваҳимага тушмасдан ҳаракатланишни сўраб қоламан.

Ушбу пандемиядан сизларни эҳтиёт қилиш чораларини кўриш учун вилоятда мен бошчилик тўртта сектор ва барча ташкилотлар раҳбарлари, тиббиёт ходимлари, жамоатчилик фаоллари бор куч ва имкониятимизни сафарбар этамиз.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here