Динимизнинг аҳамият билан қарайдиганмасалалардан бири меҳнатсеварликдир. Аллоҳ меҳнатсеварликни ҳам ибодатдан санаган ва фарз қилган. Жаноби Ҳақ Қуръонида шундай деб буюради: «Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан(аввало) охират(ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни унутмагин». («Қасос» сураси, 77-оят).
Бу дунёси учун меҳнат қилмаган миллатлар қашшоқ бўлиб қоладилар, бошқа миллатларга
муҳтож бўладилар, қудратларидан жудо бўлиб, бошқа миллатларга қарам бўлиб қоладилар.
Бундай миллатлар у вақтда Аллоҳ олдидаги ибодатларини тўла-тўкис адо этолмайдилар,
болаларини ўқита олмайдилар, нодон бўлиб қоладилар. Бундай миллатнинг динлари, имонлари
заифланиб, бу дунё қайғусидан динларини камол топтиришга ҳоллари келмайди ва оғир
аҳволга тушиб қоладилар.
Бу дунёга ортиқча берилиб, охиратни унутган кишиларда ҳам мана шунга ўхшаган
ҳолатлар юз беради. Дин, имон заифлашади, масжидларда намоз ўқувчилар камаяди, кишилар
ўртасидаги яқинлик ва муҳаббат тугайди, одамларнинг даражаси пул билан ўлчанади.
Такаббурлик ортиб, дўстлик ва қардошлик камаяди. Буларнинг иккаласи ҳам зарарлидир.
Шунинг учун мусулмон кишИ бу дунёни ҳам, охиратни ҳам унутмаслиги керак.
Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай деганлар: «Чинакам мусулмон охиратдан ҳам, бу
дунёдан ҳам воз кечмайди. Дунёсини қолдириб, ёлғиз охирати учун қайгурувчи киши хайрли,
яхши мусулмон эмас. Охиратни унутиб, ёлғиз бу дунёси учун киришувчи ҳам хайрли мусулмон
эмас. Одамларнинг хайрлиси, яхшиси бу дунёси учун охиратдан кечмайди, охирати учун бу
дунёсидан кечмайди, иккаласини бирга олиб боради ва бошқаларга оғирлик туширмайди».
Демак, ҳақиқий мусулмон дунё ва охират ишларини бирга олиб борган кишидир. Бошқа бир
ҳадисларида ҳам пайғамбаримиз: «Бу дунё учун ҳеч ўлмайдигандек бўлиб меҳнат қил, охират
учун эса худди эртага ўлаётгандек бўлиб меҳнат қил», — деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таоло бу дунёни ҳам, охиратни ҳам имонли қуллари учун яратган.
Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтиёр бўлмоқ мусулмоннинг ҳақидир. Баъзи мусулмонлар
«бу дунё кофирларники, охират мусулмонники», — деб ишонадилар. Яъни, бу дунёда
мусулмонларга роҳат йўқ, охиратда кофирларга роҳат йўқ. ёки кофир бу дунёда бахтли
бўлади, мусулмон эса охиратда бахтли бўлади. Аллоҳ таоло бу дунёни ўзига ишонган қуллари
учун яратган. Мусулмон одам бу икки жаҳонда ҳам бахтиёр бўла олади.
Пайғамбаримизнинг энг кўп қилган дуоларидан бири»Раббано отино» дуосидир. Унинг
маъноси: «Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ва гўзаллик бергайсан.
Бизни жаҳаннам ўтидан сақлагайсан». Пайғамбаримиз бу дуода дунё учун қайғу ва азоб
сўрамаганлар, балки яхшилик сўраганлар.
Дунёда бахтли бўлиш учун охиратни унутмасдан ҳаракат қилмоқ лозим. Чунки дунё ҳаёти
фонийдир, жуда тез ўтиб кетади. Охират ҳаёти эса мангудир.
Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: «Дунё охиратнинг зироатгоҳидир. Унга нима эксанг,
охиратда шуни ўрасан», — деган эдилар. Бир ислом олими айтишича, дунёда икки турли одам
бор. Бирини дунё алдайди, чунки у Аллоҳни ҳам, охиратни ҳам унутган, дунё учунгина ҳаракат
қилади. Иккинчиси дунёни алдайди, чунки у дунё учун ҳам, охират учун ҳам ҳаракат қилади.
Бу ишларни бирга олиб боради. Сиз шу иккинчилардан бўлинг. Дунё сизни алдамасин, сиз
дунёни алданг.
Пайғамбаримиз бир куни саҳобалари билан ўтирганларида, қўлларига иккита қисқа таёқ
олиб, улардан бирини ёнларига қўйдилар, бошқасини узоққа отдилар. Сўнг саҳобалардан: «Бу
ҳаракатларимнинг маъносини биласизми?» — деб сўрадилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва унинг элчиси
билур», — деб жавоб беришди. Шунда пайғамбаримиз бу ҳаракатнинг мазмунини бундай деб
тушунтирдилар: «Бу қисқа таёқларнинг бири амал, бири эса ажалдир. Узоққа улоқтирилган
таёқ одамнинг амали, яъни дунёдаги тилакларидир. Киши ҳамма вақт шу тилаклар орқасидан югурадию, лекин ҳечам етолмайди. Ёнимга қўйилган таёқ эса кишининг ажалидир. Ажал, ўлим
одамга жуда яқин, лекин одамлар ажалдан ғофилдирлар. Одам амалининг орқасидан югурибюрган вақтда ажал уни тутиб олади ва дунёдаги ҳаёти тугайди. Дунё ҳаёти сизни алдамасин,
чунки Аллоҳ одамга шох томиридан ҳам яқинроқдир». Ўлим билан охиратни ҳамиша ёдда тутиш
керак. Бир кун келиб биздан у фоний дунёда қилган ботин ишларимиз сўралади.

ШЎРЧИ ТУМАНИ “ ТОЛЛИ ОТА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ
РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here