Инсоннинг уйи унинг хулқи, одоб камолоти, муомаласи ва ички дунёси қанчалик софлигини намоён қилувчи ҳақиқий макондир. Хоналар ичида, деворлар ортида, ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўз хизматкори ёки аёли билан бўлган муомалаларида киши табиатидаги бошқаларга маълум бўлмаган барча хусусиятлар юзага чиқади. Биз бу умматнинг Пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай бир олий мақом ва даражада эканларига қарамай, ўз уйларида қандай ҳолатларда бўлганлари ҳақидаги сўзларга қулоқ тутайлик. Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда қандай ишлар қилганлари ҳақида сўралганида: “Одамлардан бири эдилар: кийимларини тозалар, эчки соғар ва ўзларига ўзлари хизмат қилар эдилар”, – деб жавоб берганлар. Имом Бухорий ривояти.
Дарҳақиқат, бу камтарлик, кибрга берилмаслик ва бошқаларга «юк» бўлмасликнинг олий намунасидир. Ўртоқлик ва ҳамкорликдаги олийжанобликдир. Қаранг, Одам болаларининг энг сараси ҳар қандай уй юмушларини ўзига ор билмаяпти!
Инсоннинг юриш-туриши ақлининг мезони ва қалбининг калитидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқалардан кўра энг кўп билган, у зотнинг ҳолатларини аъло даражада сифатлаб берган зот – Оиша розияллоҳу анҳодирлар. Чунки у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамиша ҳамроҳ эдилар.
“Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон ишларни қилувчи, ҳаёсиз сўзларни сўзловчи, бозорларда шовқин қилувчи эмас эдилар. Ёмонликка ёмонлик қайтармас, балки кенглик қилар ва кечирар эдилар”,- Имом Аҳмад ривояти.
Бутун оламга раҳмат қилиб юборилган у зоти шарифнинг хислатларидан яна баъзиларини бизга севимли набиралари Ҳусайн розияллоҳу анҳу сўзлаб берадилар: “Отамдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатдошлари билан бўлган муносабатлари ҳақида сўраганимда бундай дедилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қувноқ, мулойим ва гўзал ахлоқли зот эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай ҳолатда ҳам одамларга самимий муносабатда бўлар эдилар: бирон-бир кимсани айбламасдилар, мазаммат қилмасдилар ёки сирларини билишга интилмасдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савобидан умид қилган сўзинигина сўзлар, гапирганларида саҳобалар бошларида қуш қўниб тургандек жим ўтиришар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини тугатганларидан кейингина гапирар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб гапира бошлаган саҳоба сўзини тинглар, саҳобалар кулган нарсаларга кулар, ажабланган нарсаларидан ажабланар, бирор нотаниш одамнинг қўпол сўзлари ва ноўрин талабларига сабр қилар, буни кўрган саҳобалар нотаниш одамни чеккага олиб чиқиб кетишини хоҳлаб, қўлларидан ушласалар: “Эҳтиёжини сўраган одамни кўрсангиз, унга кўмакчи бўлинглар!” – дер эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муносиб одамлардангина мақтов қабул қилар, сўзини тугатмагунча ҳеч кимнинг гапини бўлмас, ҳаддидан ошсагина, унинг сўзини қайтариқ ёки ўринларидан туриб кетиш билан бўлар эдилар” Имом Термизий ривояти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикр этилган гўзал хулқ-атворлари ҳақида бирма-бир фикр юритиб кўрсангиз, ўзингиз учун ибрат, фойда оласиз, албатта. Чунки улар яхшиликлар мажмуасидир!

Саййид Алиакбархон САЙФУДДИНОВ
Сурхондарё вилояти бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here