Яхши қўшни
Ижтимоий ҳаётда бизлар билан энг кўп алоқада бўладиган кишиларимиздан бири бу қўшнилардир. Ҳаётимизнинг осойишталиги, ҳаловати ва бахти кўпинча қўшниларга боғлиқ бўлади. Агар Аллоҳ таоло бир кишига солиҳ қўшни ато қилса, кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшниси бор кишилар ҳаётида кўпгина нохушликлар юзага келиб туради.
Шунинг учун Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг хаққи асосий хақлардан бири қилиб белгиланган. Уларга яхшилик қилиш иймон аломатларидан бўлган. Абу Шурайҳ ал-Хузоий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонига икром кўрсатсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин” – дедилар.
Қўшнига яхшилик қилиш, имкон қадар унга ёрдам бериш, муҳтож бўлганда ҳожатини чиқариш, бемор бўлса бориб кўриш, яхши ва ёмон кунларида бирга бўлиш, деворини баланд қилиб юбормаслик каби ишларда намоён бўлади.
Қўшничилик ҳақлари борасида уларнинг миллати, дини ва жамиятдаги ўрни ажратилмайди. Балки, ҳаммасининг зиммасида қўшничилик ҳаққи собит туради.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитига: “Яҳудий қўшнимизга хам хадя қилдингми?” дея қайта-қайта сўрайверди. Сўнг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар тавсия қилдики, ҳатто, уни меросга шерик қилса керак, деб ўйладим” деганларини эшитдим — дедилар.
Шунингдек, қўшни феъли оғир, гуноҳ ишларни кўп қиладиган бўлса ҳам унинг ҳаққи ҳамиша сақланиб туради. Бу каби қўшниларга ҳам яхшилик қилиш мусулмонларнинг одатларидан бўлган. Улуғ имомиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўта парҳезгор ва тақводор бўлишларига қарамасдан хатокор кишиларга нисбатан жуда мулойим бўлганлар. У кишининг маст ҳолатда ухламасдан бақириб чиқадиган қўшниси бор эди. Унинг ёқимсиз овози кечаси билан имомнинг оромини бузар эди. Бир кеча ўша қўшнининг овози чиқмай қолди. Тонг отгач Абу Ҳанифа суриштириб, унинг мастлиги туфайли қамалиб қолганини билди. Волийнинг ҳузурига бориб, уни қамоқдан озод қилди. Кейинчалик ўша қўшни ичишни ташлади. Илм таҳсилига берилиб, охири Куфанинг фақиҳларидан бирига айланди.
Қўни – қўшнига яхшилик қилишда, ҳадя беришда уларнинг яқинроғидан бошлаш лозим.
Оиша розиаллоҳу анходан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам га: Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, улардан қайси бирига ҳадя берай? — деб сўрадим. Ул зот: “Сенга эшиги яқинроғига”, — дедилар.
Агар ёнидаги қўшниси қолиб, ундан кейингисига ҳадя берилса, ён қўшнининг кўнглига “қўшним мени ёмон кўрармикан” деганга ўхшаш шубҳа тушиш мумкин.
Шариат нуқтаи назаридан ўнг томондан, чап томондан, олд ва орқа томонлардан қирқта хонадон қўшни ҳисобланар, уларда қўшничилик хаққи бўлар экан.
Ўз – ўзидан маълумки, маҳалладаги ҳар-бир хонадон бир – бирларига қўшни ҳисобланиб, ўзаро ҳақ-ҳуқуқларга эгадирлар.
Ҳозирги кунимизда ҳам баъзи инсонларни қўшниларига нисбатан яхши муомалада эканлигини кўрамиз. Қўшничилик ҳақларига риоя қилаётган маҳалла ва қишлоқларда кўпгина муаммо ва камчиликлар ўз ўрнида ҳал қилинмоқда.
Аммо, минг афсуслар бўлсинки, баъзи ҳолатларда қўшничилик алоқаларида, уларнинг ўзаро муомалаларида кўнгилсизлик ва нохушликлар хам юзага чиқмоқда.
Шундай экан, динимиз кўрсатмаларига мувофиқ қўшничилик ҳақларини ўз ўрнида адо қилайлик.
Қўшниларнинг аҳил-иноқ бўлиб, бир-бирига меҳрибонлик асосида тинч-тотув ва саодатли яшашларига нима етсин!
Қизириқ туман “Такия ота” масжиди имом-хатиби: Х.Чоршанбиев