Поклик бор жойда барака бўлади

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло яхшилик қилувчидир, яхшилик қилувчини севади. Аллоҳ таоло покдир, покликни яхши кўради. Аллоҳ таоло марҳаматлидир, олийжанобликни яхши кўради. Аллоҳ таоло карамлидир, сахийликни яхши кўради. Ҳовлиларингизни тоза тутинглар… ” (Имом Термизий ривояти)

Юртимиз узра фасллар келинчаги баҳор фасли кезиб юрибди. Баҳор фаслида барча наботот олами уйғониб, дарахтлар-у, қир-адирлар ям-яшил рангда бурканади. Деҳқон боболаримиз яхши ниятлар билан эккан экинларига ишлов бериб, ҳосилларининг мўл-кўл ва баракали бўлишини Парвардигорларидан сўрашади. Айни баҳор фаслида юртимизда ҳайрия хашарлари ўтказилиб,  корхона-ю, муассасалар, кўча-ю, ҳиёбонлар, мактаб-у, коллежлар ҳамда хонадонлар-у, қабристонлар атрофи тартибга келитирилади. Чиқиндилар кўмилиб, ариқлар тозаланади. Натижада поклик, озодалик хукмрон бўлади ва бу айтиб ўтилган амаллар, ислом динимизнинг талабидир. Ота-боболаримиздан бизга бир ибратли сўз меросдир. “Ҳар ким уйи атрофини тоза тутса, бутун шаҳар покиза бўлади”. “Ҳар ким қалбини покласа, жамият аҳил-иноқ бўлади”. Доимо поклик, тозалик учун қилинган барча ишлар юқори баҳоланиб келинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Имкониятингиз борича пок ва покиза бўлингиз. Зеро Аллоҳ таоло ислом динини покизалик узра бино қилгандир. Жаннатга ҳам фақат пок кишилар киргайлар” – деганлар.

Шундай экан барчамизнинг танамиз, яшаш жойларимиз, рўзғорларимиз, ўқиш ва иш жойларимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз, кўча ва ариқ зовурларимиз, қабристонларимиз тоза, озода бўлиши керак. Шундагина юртимизда, маҳаллаларимизда, хонадонларимизда барака бўлади.

Абу-Барза Ал-Асламий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: Ё Расулаллоҳ: Мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг, шунда Расулуллоҳ: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла” — дедилар.

Ривоят қилинишича, улуғ донишмандлардан бири вафотларидан олдин ўғлига насиҳат қилиб шундай дейди: Эй нури дийдам, мен вафот қилганимдан сўнг, мени ўзинг ювгин, кафанлаб, жаноза намози ўқилгандан кейин қабримга ўзинг қўйгин. Ўғил отаси жон омонатини топширгандан сўнг, отасининг васиятини бажарди. Ҳафта ўтиб, фарзанд отасини тушида кўрсаки, ранглари сарғайиб, паришон ҳолда турибди: Эй отажон сиз умрингизни тоат ибодатда ўтказиб, минглаб шогирдларга илму-маърифатдан таълим бердингиз. Сизни қабрга қўйганимдан кейин Аллоҳ таоло қандай муомала қилди деб сўради фарзанд. Шунда донишманд жавоб берди: Сен мени қабримга қўйганингдан кейин савол-жавоб бошланди. Бир нидо қилувчи, қани эй банда бизнинг даргоҳимизга нима олиб келдинг деб сўради. Мен айтдим: 60 та ҳаж-у, намоз-у, рўза, берган хайру-саховатларимни ҳужжат қилиб олиб келдим. Нидо қилувчи. Бу айтиб ўтилган амалларингнинг бирортаси бизнинг даргоҳимизга қабул бўлгани йўқ, бирор яхшироқ амалингни ҳужжат қил деди. Шунда ноумид бўлиб турганимда, нидо қилувчи  яна нидо қилиб, эй банда эсла, бир куни кўчадан ўтиб кетаётган эдинг. Кўчада одамларга азият берадиган тиканли шох-шабба турган эди, уни ихлос билан кўчани бир четига олиб қўйдинг, ушбу амалинг қилган 60 та ҳажингдан, намоз-у, рўзангдан, берган хайр-саховатингдан афзалроқ бўлиб бизнинг даргоҳимизга қабул бўлди, ва сендан рози бўлдик деди.

Юқорида ўтган ушбу ривоятдан маълум бўладики, ҳар бир амалда эзгу-ишда ихлос бўлиши лозим. Демак озодалик ва поклик учун олиб борадиган ишларимиз, саъю-ҳаракатларимизнинг кичиги бўлмайди. Зотан бу амалларда Аллоҳ таолонинг розилиги яширилгандир.

Айрим ҳолатларда кўзимизни хира қиладиган бир ҳолатга дуч келамиз, чиқиндилар кўча-куйларда сочилиб ётганини кўрамиз. Негадир баъзилар буни шаҳар кўчаларига, хиёбонларга, ҳатто оқар сув ўзанларига раво кўради. Сув бебаҳо неъмат-ку: наҳотки сув ўзанларни ифлос қилишдан қўрқмасак, ахир ота-боболаримиз болам сувга тупурма увол, гуноҳ бўлади деб тарбиялашган-ку.

Унутмайлик Аллоҳ таоло биз бандаларга шу заминни маскан этди ва кўп неъматларни биз учун ҳозирлади. Неъматлар соҳиби Роббимиз ушбу неъматларни ўзимиздан кейинги авлодларга чиройли суратда қолдиришимизни буюрган. Биз бу ишга маъсулмиз.

Денов туман “Нурил-Ислом” жомеъ масжиди имом хатиби: А.Ҳамидов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here