Бу зот ким? Бу зот энг аввало, Абдуллоҳ — Аллоҳнинг қули, бандаси. Мана шу бандалик сифати бу инсоннинг сифатлари ичидаги энг буюк сифатдир. Инсоният бу зотнинг инсон бўлиб яралганидан фахрланади!

Бу зот ким? Бу зот Хотамул Анбиё — пайғамбарларнинг энг сўнггиси, Аллоҳ инсониятга юборган элчиларининг охиргисидир. Ундан кейин осмон ва ер алоқалари узилди! Ундан кейин Нубувват келиши тўхтади!

Бу зот ким? Бу зот Саййидул мурсалийн — Расуллар саййиди ва Имаамул Муттақийн — тақводорлар пешвосидир. Бу зот меърож кечасида Одам алайҳиссаломдан то Исо алайҳиссаломгача бўлган барча пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқиди. Инсонлар орасида ундан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиган бирор кимса йўқдир!

Бу зот ким?! Бу зот Ҳабибуллоҳ — Аллоҳнинг Ҳабиби, хойру холқиллаҳ — Аллоҳ яратган маҳлуқотлари ичида энг яхшиси, энг афзали ва Аллоҳ учун энг маҳбубидир. Аллоҳ ҳеч бир кимсани уни суйганчалик суймаган!

Бу зот ким? Бу зот роҳматан лилъааламийн — оламларга раҳмат этиб юборилган, инсонларнинг энг раҳмдили!

Бу зот ким? Бу зот сирожун мунийр — инсониятни зулматлардан нурга олиб чиқувчи нурли чироқ! Маъсият ботқоғига ботаётган башариятни убудият қуруқлигига олиб чиққан, мудроқдаги оламни уйғотган, қалбларни забт этган қалблар фотиҳидир!

Бу зот ким? Бу зот шундай бир зотки, унинг таваллудидан кўра муборак таваллуд ва унинг вафотидан кўра оғирроқ жудолик бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Унинг туғилиши инсоният учун энг буюк бахт, вафоти эса энг оғир мусибат бўлди!

Бу зот ким? Бу зот охират кунининг хатиби, байроқдори ва шафоатчисидир. Маҳшаргоҳда жамиийки маҳлуқот унинг атрофида тўпланади ва ул зот уларга хутба қилади.

Бу зот ким? Бу зот охират куни биринчи бўлиб тириладиган, сирот кўпригидан биринчи бўлиб ўтадиган, жаннат дарвозаларини биринчи бўлиб қоқадиган, ўзининг оёғи билан жаннатнинг тупроғини биринчи бўлиб босадиган зотдир!

Бу зот дунёдаги бизнинг устозимиз, охиратдаги шафоатчимиз, жаннатдаги суҳбатдошимиздир, иншаАллоҳ!

Бу зот ким? Бу зот қалбимиздаги титроқ, дилимиздаги армондир. Унинг номини эшитганда ер юзидаги бир ярим миллиард инсоннинг қалби титрайди, кўзлар ёшланади!

Бу зот ким?! Бу зот — аввалги-ю охирги гуноҳлари кечирилган бўлсада, ҳар куни Аллоҳга юз марта истиғфор айтган зот!

Бу зот — жаннатга киришлиги нақд бўлсада, кечалари оёқлари шишиб кетгунича намоз ўқиб чиққан зот!

Бу зот — кулишликка энг ҳақли бўла туриб, бирор марта баланд овозда кулмаган зот!

Бу зот — дунё подшоҳлари юмшоқ тўшакларда ётган даврда қаттиқлигидан баданига ботиб из қолдирадиган бир бўйра устида ухлаган зот!

Бу зот — дуоси рад этилмайдиган пайғамбар бўла туриб, очликдан қорнига тошлар боғлаб олган зот!

Бу зот ким? Бу зот ахлоқда комил, ҳаёда тенгсиз, зикрда бардавом, тақвода пешқадам ва сабрда намуна бўлган зотдир!

Бу зот — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар!

      Манба: islom.uz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here