Бугунги кунда дунёни ташвишга солаётган коронавирус инфекциясининг тарқалиши, унинг оқибатида ўлим ҳолати қайд этилаётгани ҳар бир инсонни хушёрликка, покликка, унинг олдини олиш тадбирини кўришга ундамоқда.
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа мурожаат қилди.
Дарҳақиқат, маълумотларга аҳамият берадиган бўлсак, бугунги кунгача 160 дан ортиқ мамлакатда коронавирус тарқалгани, касалланганлар сони 190 минг нафарга етгани, 7,5 минг ўлим ҳолати қайд этилгани ҳар бир кишини хушёр бўлишга чақиради.
Шу боис, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан бир қатор хайрия ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жонлиқлар сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонларга ва меҳрибонлик уйларига хайрия қилиш ишлари бошланди.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлар идораси Сурхондарё вилоят вакиллиги ҳам хайрли ишлар ва дуою тазаррулар адо этди. Хусусан, 20 март куни Сурхондарё вилоятида жами сўйилган қорамол 2 та, сўйилган қўй 58 та, нажот сўраш намози 33800 та, Солатан тунажжино 4725 та, Солатун нория 4525 та, фотиҳа сураси 4325 та, ихлос сураси 4265 маротаба ўқилди.