Ислом умматини гўзал хулқ ва юксак фазилатлар билан зийнатлаган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар, улуғ хулқ узра умматларига намуна бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз салавотлар бўлсин.
Суқроти ҳакимдан “Энг лаззатли нарса нима” деб сўралганда “одоб” дея жавоб қилган экан.
Файласуфлардан бири: “Ақл – амир, одоб – вазирдир. Агар вазир бўлмаса амир заифдир, мабодо амир бўлмаса вазир ботилдир”. Яна, “қараш-қабул қилишга, обрў-одобга, хурсандлик-хотиржамликка, билиш-тажрибага, шараф-тавозеъга мухтождир” деганлар.
Фарзанд тарбияси барча жамиятда кўпчиликнинг эътиборини жалб қилувчи долзарб масала ҳисобланади. Ислом дини эса бу борада бутун инсониятга намуна бўладиган қонун-қоидалар жорий қилган. Шубҳа йўқки, эзгу хулқ ва фазилатларнинг барчаси мустаҳкам иймон ҳамда тўғри диний тарбиянинг самарасидир.
Гўдак ёшлигиданоқ Аллоҳга иймон келтириш, ундан қўрқиш, унинг кўриб турганини ҳис этиш, барча ишларда унга суяниш, унинг ўзидан мадад сўраш ҳамда унга итоаткор бўлиш каби хислатлар негизида улғайиб борса, унда яхши хулқ ва фазилатларни касб этиш, ёмон хулқлардан йироқ бўлишга малака ҳосил бўлади. Зеро, унинг қалбида мустаҳкам ўрнашган илоҳий эътиқод унинг ақли ва ҳиссиётлари устидан назорат ўрнатиб, қабиҳ сифатлар ва разилликлардан уни муҳофаза қилади.
Аллоҳга иймон келтирмаган, ундан қўрқмаган ҳолда улғайган фарзанддан ҳар қандай ёмонликни кутиш мумкин. Доно халқимизда ҳам: “Худодан қўрқмагандан қўрқ”, деган ҳикмат бор. Демак, иймон ва гўзал хулқ бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Ана шу боғлиқликни мулоҳаза қилган ахлоқшунос олимлар кўрсатмаларида: “Диний эътиқод ва Аллоҳга иймон бўлмай туриб, яхши хулқ ва салоҳиятни шакллантириб бўлмайди”, дейдилар.
Фарзанд тарбияси борасида динимизда кўрсатилган тавсияларнинг баъзиларини қуйида ҳавола этамиз:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Фарзандларингизни иззат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг” (Имом Термизий ривояти).
Али карромаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Болаларингиз ва аҳли аёлингизга яхшиликни ва одобни ўргатинг”, дея марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Юқоридаги ҳадислардан фарзанд тарбиясида мураббийлар, хусусан, ота-оналарнинг зиммасида улкан масъулият борлигини кўришимиз мумкин.
Шеробод тумани “Шеробод” жомеъ масжиди имомноиби К.Номозов