Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Рум салтанати томон ҳарбий юришни амалга оширдилар.
Рум шоҳи Қайсар бунга қадар Ислом лашкарлари ҳақида анча-мунча маълумотга эга бўлган эди: мусулмонлар ўз эътиқодида мустаҳкам, Раббиси ва Пайғамбарига содиқ, метин иродали, ҳақ йўлда ўлимдан ҳам қўрқмас жасур инсонлар, деб хабардор қилинган эди. Қайсар буни синаб кўриш мақсадида, асирга олинган мусулмонларни тириклайин келтиришларини амр қилди. Уруш қурбон ва асирларсиз бўлмагани каби бу урушда ҳам икки тарафдан талайгина асирлар олинди. Ислом лашкарларидан Абдуллоҳ ибн Хузофа розияллоҳу анҳунинг тақдирига ҳам асирлик битилган эди.
Қайсарнинг хизматкорлари Абдуллоҳни келтиришиб: «Бу одам Муҳаммадга биринчилардан бўлиб иймон келтирганлардан экан», – дейишди. Қайсар Абдуллоҳ ибн Хузофанинг юзига синчиклаб қаради. Бир оз тикилиб тургач унга деди:
– Хоҳласанг сени ўлдирмасдан тириклайин қўйиб юбораман.
– Эвазига нима сўрайсан, – деди Абдуллоҳ ибн Хузофа.
– Насронийликни қабул қиласан.
– Асло! – деди Абдуллоҳ пинагини бузмай.
– Майли, у ҳолда сенга давлатимнинг ярмини тортиқ қиламан. Бунга кўнасанми?
– Давлатингнинг ярми эмас, ҳаммасини берган тақдирингда ҳам, кўз очиб юмгунча фурсатга иймонимдан воз кечмайман, – деди қўллари кишанланган ҳолда, қаҳқаҳа отиб кулишдан ўзини тутолмаган Абдуллоҳ.
– Буни осиб қўйинглар, – деб топшириқ қилди Рум ҳукмдори.
Хизматкорлар Абдуллоҳ ибн Хузофани қўлидан осишди, оёғидан осишди, лекин азоблашлар самара бермади. Рум шоҳи сўнгги чорани қўллашга қасд қилди. Ёғ тўлдирилган катта қозонга гулхан ёқтирди-да, Абдуллоҳ ибн Хузофанинг кўз ўнгида бир мусулмон асирни тириклайин қозонга ташлаттириб юборди. Варақлаб қайнаб турган ёғга тушган асирнинг гўшти суягидан бир зумда ажраб кетди. Бу ўта даҳшатли манзара эди. Кейин Қайсар Абдуллоҳга юзланиб: «Сени ҳам шу тақдир кутяпти, динингни ўзгартирасанми ё қозонга тушасанми?» – деб сўради. Абдуллоҳ бу сафар кескинроқ оҳангда рад жавобини берди. Уни ҳам қозонга ташлашга амр қилинди. Жаллодлар Абдуллоҳни қозон олдига олиб боришди. Шу пайт улуғ саҳобанинг кўзларидан тирқираб ёш оқа бошлади. Хизматкорлар дарҳол шоҳга хабар қилишди: «Анави мусулмон қозоннинг олдига борганда йиғлаб юборди». «Уни қайтариб олиб келинглар», – деди Қайсар.
– Эй Абдуллоҳ, энди динингни ўзгартирарсан. Ахир қайнаб турган ёғда жизғанак бўлишни истамасанг керак?
– Асло, ҳоматама бўлма!
– У ҳолда нега йиғладинг?
– Йиғлашимнинг сабаби ўлимдан қўрққаним эмас. Балки Аллоҳнинг йўлида фидо бўлаётган жоним атиги бир дона эканига йиғлаяпман. Қани энди баданимдан чиққан тук-толаларим сонича жоним бўлса-ю, ҳаммаси Аллоҳнинг йўлида шу қозонда қовурилса…. Мен шунга йиғладим.
– Жасоратингга, садоқатингга қойил қолдим. Ҳақиқатан Муҳаммаднинг тобелари унга ўта садоқатли экан. Майли, сенга сўнгги таклифимни билдираман. Пешонамдан бир ўпсанг, жонинг омон қолади.
– Фақат мени эмас, бошқа асирга тушган биродарларимни ҳам озод қиласан, шунда пешонангдан ўпаман!
– Мен розиман, – деди Рум шоҳи Қайсар.
Абдуллоҳ ибн Хузофа «Ислом лашкарларининг жонини сақлаб қолиш учун бир кофирни пешoнасидан ўпсам, Аллоҳ мени жазога тортмаса керак» –деб фикр-мулоҳаза қилди ва тўғри бориб Қайсарнинг пешонасидан ўпди. Шоҳ сўзининг устидан чиқди. Барча асирларни Абдуллоҳга қўшиб озод қилди.
Абдуллоҳ ибн Хузофанинг садоқати ва жасорати ила жони омон қолган барча мусулмон аскарлари Абдуллоҳ бошчилигида халифа Умар ибн Хаттоб ҳузурига тириклайин қайтиб келдилар ва воқеани баён қилдилар.
Шунда Умар ибн Хаттоб минглаб лашкарларни тўплаб: «Ҳар биримиз Абдуллоҳ ибн Хузофанинг пешонасини ўпамиз! Мен ўзим бошлаб бераман!» – деди.
Минглаб ислом аскарлари қатор навбатга туриб Абдуллоҳ ибн Хузофанинг пешонасини табаррукан ўпиб чиқдилар. Бу воқеа тарих зарварақларига муҳрланди.
Ана оддий бир мусулмоннинг иймонига садоқати!
Ана оддий бир мусулмоннинг иймоний жасорати!
Ана адолатли раҳбарнинг ходимини муносиб тақдирлаши!
Ислом динини бизгача етиб келишида моли ва жонини аямасдан хизмат қилган саҳобалардан Аллоҳ рози бўлсин!
«Мулла Худойбердиб» жоъме масжиди имом хатиби Исохон Аминов