Инсон боласини ўстириш, асраш, тарбиялаш вазифаси оилага, яъни ота-онага
топширилган. Оила Аллоҳ амри билан яратилган илоҳий бир мактабдир. Бу мактабнинг
ўқитувчилари- ота-она. Инсон боласи бу мактабда ўз олдидаги, миллати, оиласи ва дини
олдидаги вазифалар, бурчларни ўрганади. Оилада олинган тарбия инсоннинг диёнатли,
ахлоқли ва ҳар томонлама яхши бўлишида катта аҳамиятга эга.
Муборак китобимиз Қуръони каримда Аллоҳ одамларни уйланишга буюрган. Оила ҳар
қайси миллатнинг кичик бир бўлаги, оила кучли бўлса, миллат ҳам қудратли бўлади. Шунинг
учун ислом дини оилага алоҳида эътибор билан қарайди. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида:
«Уйланиш кимнинг қўлидан келса, уйлансин», — деганлар.
Балоғат ёшига етгандан сўнг уйланиб болаларни тарбиялаш дини ва миллати учун
масъулиятли бўлиш имкони бўлган ҳар бир мусулмонга фарздир. Уйланиш савоб саналади.
Уйланмаган одам савобдан бенасиб қолади. Пайғамбаримиз шундай дейдилар: «Дин бўйича
Аллоҳ учун уйланган одам динининг ярмисини адо қилган бўлади. Иккинчи ярмиси
учун Аллоҳга суянсин, Аллоҳга таянсин».
Никоҳ билан никоҳсиз яшаш ўртасида катта фарқ бор. Никоҳ Аллоҳ буюрган савобли иш
бўлгани ҳолда, никоҳсиз икки кишининг бирга яшаши Аллоҳ томонидан қатъий ман этилган ва
ҳаром қилинган иш ҳисобланади. Никоҳ динга ва миллатга хизматдир. Никоҳсиз бирга яшаш ўз
нафсига ва шайтонга хизматдир. Никоҳ азиз динимизни ва миллатимизни сақлайди, никоҳсиз
яшаш диний ва миллий мавжудликни еб тугатади ва буларнинг йўқолишига сабаб бўлади.
Шунинг учун Аллоҳ никоҳни фарз, зинони ҳаром қилган.
Никоҳ ҳар бир миллатнинг негизидир. Никоҳ тугаса, миллат ҳам тугайди. Бу бир илоҳий
қонундир. Болалар туғилмаса, насл давом этмаса, миллат қандай қилиб давом этсин?
Уйланишни истаган одам дини, миллати ва ўз наслини давом эттириш учун масъулият
олишни истаган фидокор кишидир. Уйланган одам ўз нафсидан кўра миллат ва динини афзал
кўрган инсондир.
Уйланиш халқ олдида, гувоҳлар ҳузурида амалга оширилади. Уйланиш яширин бир иш
бўлмай, аксинча, очиқ ва шарафли бир ишдир.
Уйланган одамлар уйланишнинг диний ва миллий бир воқеа эканлигини унутмайдилар.
Бир-бирлари билан яхши яшайдилар. Кичкина масалаларни кучайтириб муаммога
айлантирмайдилар. қайғу ва шодликларини ўртоқлашиб, бир-бирларига таянч бўладилар. Бир
жон, бир тан каби яшайдилар.
Инсон ҳаётида турли воқеалар бўлади. Ёрқин кунлар бўлганидек, ёмғирли, булутли ва
қоронғу кунлар ҳам бўлади. Мана шундай вақтларда ҳам сабр этиш билан оила ҳаётини давом
эттиришга ҳаракат қиладилар
Шўрчи тумани Толлти ота жоме масжиди имом хатиби Рашидов Ҳайбатуллоҳ