Азиз биродарлар, илоҳий, азалий бир қоида мавжуд: “Ким ўзини бу дунёнинг ҳаром лаззатларидан ўзини тийса, Аллоҳ таоло унга бу дунёда иймон ҳаловатини, ибодат лаззатини ва қолган ҳалол роҳатларни насиб қилади ва охиратда эса унга абадий лаззатларни муяссар қилади”. Булар зино, маст қилувчи ичимликлар ичиш, бировнинг устидан масхаралаб кулиш, ақлни шоширадиган ва инсонни бўшаштирадиган моддаларни истеъмол қилиш. Бу ишлар инсониятга зарар бўлгани учун Парвардигори олам буларни барчасини ҳаром қилган. Сoлим ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу оталаридан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бир маст қилгувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир”.
Нима нарса инсонни маст қилса, ақлини кетказса у ҳаром бўлади. Спиртли ичимликми, гиёҳванд нашаларми ёки бирор моддаларни ҳидлаб маст бўладими барибир ҳаммаси ҳаром. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хоҳ у кўп бўлсин, хоҳ у озгина бўлсин бари бир ҳам ҳаром”. Мен озгина ичаман маст қилмайди ёки озгина истеъмол қиламан дейишлик тўғри келмайди. Мана Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шариат ҳаддини, чегарасини бизларга билдириб қўймоқдалар. У озми кўпми ҳаммаси бир ҳукмда. Умму Салама “Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар”.
Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ушбу ҳадис шариф билан маълум бўлмоқда. “ҳар бир бўшаштирувчи” деганларида ҳозирги тил билан айтилганда наркотик моддаларининг алоҳида васфидир. Чунки бундай вабо, яъни наркотик моддалари ибтидоси, бошланиши ҳижрий 10 асрлардан бошланган. Фиқҳий китобларимизда ана ўша асрдан бошлаб, бу хилдаги масалалар кириб келган. Шайх Санъоний “Субулус салам” китобларида шундай фатво берганлар: “Нима бўлса ҳам, маст қилувчи нарса ҳаромдир, хоҳ у нашага ўхшаган ичилмайдиган нарса бўлса ҳам”. Шайх ал Хаттоб ўзларининг “Мавоҳибул Жалил” номли китобларида наша билан афюнни хамр деб санаганлар. Барча уламолар иттифоқ бўлиб: “Гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган тижорат ҳаромдир, уларни истеъмол қилган ҳолда намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаром, уни садақа қилса гуноҳкор бўлади, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди” деб фатво беришган.
Динимиз бизларни покликка, тоза-озодаликка чақиради ва бировга озор бермасликка ундайди. Шундай экан бизлар шунга амал қилиб яшайлик ва ҳар хил касалликлардан йироқ бўлайлик.
Олтинсой туман “Имом Бухорий” жомеъ
масжиди имом хатиби: М.Жуйриков