1 сентябрь — Мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат — Ўзбекистан Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келади.
Ҳеч бир халқ ўз мустақиллигига осонликча эришмаган. Бизнинг мустақилликка эришишимиз ҳам бир замонлар фақат орзу бўлган. Орадан ўтган оғир кунлардан кейин ниҳоят нурафшон тонг отди. Яъни, асрий орзу — мустақилликка эришилди. Ватанимиз истиқлоли туфайли ўз тақдиримизни ўз кўлимиз билан яратиш, ўз салоҳиятимизни ҳар томонлама намоён этиш, ўзимиз танлаган йўлдан аниқ мақсад сари оғишмай бориш имкониятига эга бўлдик.
Бугун юртимиз озод, эркин, мустақил. Унинг ўз дони, нефть-гази, машинаси, пахтаси, олтини бор. Бугун жаҳон таниган, тан олган ўз ўрни, овози бор. Ўзбекистан ўз мустақиллигини қўлга киритганига бу йил 26 йил тўлди. Мана шу давр ичида бой тарихий меросимизга, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга муносабат бутунлай ўзгарди. Миллий байрамларимиз ва урф-одатларимиз қайтадан тикланди. Мустақиллик йилларида Республикамиз қишлоқ ва шаҳарларининг қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. Замонавий услубдаги илм даргохлари, тадбиркорлар томонидан маданий-маиший объектлар, тўйхоналар, меҳмонхоналар, маданият ва спорт кошоналари янгидан кўрилди. Халқимиз фаровонлиги — давлатимиз қудратининг белгисидир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда барча соҳалар юқори суръатда ривожланиб бормоқда. Айниқса, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеи янада ортмоқда. Ватанимиз келажаги бўлган биз ёшларга Юртбошимиз раҳнамолигида катта эътибор қаратилмоқда. Бизнинг тенги йўқ ёшларимиз турли фанлар бўйича жаҳон олимпиадаларида, спортнинг турли йўналишлари бўйича халқаро мусобақаларда фаол қатнашиб келмоқдалар. Бу ривожланиш суръатини кўриб, ҳеч шубҳасиз, баралла айта оламиз: Ўзбекистон — келажаги буюк давлат!
Ватан — ғоят улуғ тушунча. Унинг маъно-мазмунини, қадри ва аҳамиятини сўз билан тўлик ифода этиш мушкул.
Ватан неъмати буюк неъматдир. Барча инсон Аллоҳ томонидан ато қилиб қўйилган мана шу неъмат бағрида туғилиб, ўсиб-улғаяди, унинг яхшиликларидан насибадор бўлади. Бинобарин унинг зиммасида мазкур муҳитга нисбатан, бу муҳит ўз ичига олган нарсаларга нисбатан маълум ҳақ-ҳуқуқлар ва мажбуриятлар пайдо бўлади. Ўзини ватанига мансуб деб билувчи киши бу ҳақдарни адо қилмоғи лозимдир. Бу ҳақ-ҳуқуқлар ватанга садоқат, уни яхши кўриш, уни кўз қорачиғидай асраб, келажак авлодларга озод ва обод холда етказиш, унинг ривожи ва равнақи учун имкониятидаги бор нарсаларни ишга солиш, унда яшовчи кишиларга нисбатан ўз мажбуриятларини адо этиш, масалан, қўшничилик, қариндошлик ҳак-ҳуқуқларини адо қилиш, одамларига зиён етказмаслик каби куплаб нарсаларда намоён бўлади.
Ҳаммамиз ватан олдида қарздормиз. Ватанга муҳаббат туйғусини фазандларимиз қалбида гўдакликлариданок шакллантиришимиз айни муддаодир. Ана шундагина мазкур буюк аждодларимизга лойиқ авлод бўлишимиз ва улар олдидаги маънавий қарзимизни узишимиз мумкин.
Олтинсой туман “Саъд ибн Абуваққос” жомеъ масжиди имом хатиби Ш.Яхёев