Пайғамбаримз соллаллоху алайхи ва саллам: «Беш нарсани беш нарса келишидан олдин ғанимат бил; қариликдан олдин ёшликни, касал бўлишдан олдин саломатликни, фақирликдан аввал бойликни, машғулликдан аввал бўш вақтни ва ўлимдан аввал ҳаётни» деб марҳамат қилганлар (Байҳакий ва Хоким ривояти).
Ёшлик — умрнинг бир бўлаги, лекин уни бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос тарафи бор. У ғайрату шижоат билан бирга ўткинчи ҳавасларга ҳам тўла фасл.
Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагаунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Биринчиси — умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси — ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси — мол дунёни қаердан топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси — билган илмига қандай амал қилгани» ( Имом Доримий ).
Демак, ёшлик умрнинг ғанимат фасли экан, ёшларимиз бундан унумли фойдаланиб қолишлари керак.Бугун уларнинг илм олиши, касб-ҳунар эгаллашлари учун барча шароит ва қулайликлар муҳайё. Албатта, эртасини ўйлаган, вақт қадрини билган ёшларимиз умрнинг ғанимат фаслини беҳуда совурмайди. Минг афсус, баъзан кўчада вақтини фойдасиз ишларга сарфлаб, компьютерга термулиб, ижтимоий сайтларда ҳам кўз нурини, ҳам олтинга тенг паллани ҳавога совураётганларни кўрамиз.
Улуғ тобеинлардан Хасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бўлган, сизлар дирҳам — динорларингизга харис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ харис эдилар… Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: «Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалинга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Ҳоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва ҳоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди».
Биз учун умримиз неча кундан иборатлиги эмас, балки бугунги кунимизда, айни лаҳзаларда қандай яшай олишимиз муҳим. Бугунимизни, ҳозиримизни, қандай ўтказишимиз аҳамиятли. Зеро, лаҳзанинг умри асрга тенг бўлиши мумкин. Умр яшалган фурсат билан эмас, балки ана шу вақт ичида қилинган яхши амаллар билан мазмун топади.
Абдусалом Султонов
Олтинсой туман «Хидиршо Ота» жомеъ масжиди имом-хатиби