Қуръону Каримда Жаноб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларга раҳмат ўлароқ юборилганликлари ифода этилган (Анбиё, 107). Ёмғир ер юзи учун шу қадар раҳмат-ки, у сабаб ерда ҳаёт жонланади, яшнаб, равнақ топади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятни маънан жонланишига, руҳан равнақ топишига сабаб бўлганлар ва бўлишда давом этмоқдалар. У зот келтирган дин билан инсониятнинг катта қисми бутларга сиғинишдан, ваҳшийликлардан халос бўлдилар. У зотнинг чексиз меҳр-шафқатлари, беҳад марҳаматларини кўрсатадиган бир нечта ҳодисаларга қараймиз.
Масалан: Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳу, Исломга киргач, қабиласини ҳам бу динга даъват этади. Лекин қабиласи уни рад этади ва Амр Расусуллоҳдан қавмини дуоибад қилишларини сўрайди. Расулуллоҳ қўлларини кўтариб, шундай дуо қиладилар: «Аллоҳим, уларга ҳидоят бер, уларни иймонга келтир». Шунга ўхшаш яна бир мисол келтириш мумкин. Сақиф қабиласи билан бўлган жангда, Сақиф камончилари мусулмонларга катта талофат етказади. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, Сақифни ўқлари бизни яксон этди, уларни бир дуоибад қилинг», дейишганида пайғамбаримиз: «Аллоҳим, Сақифга ҳидоят бер», дейдилар.
У зотни ўлдиришни қасд этганлар ҳам, шафқатли зотнинг чексиз марҳаматларидан ўз насибаларини олишган. Масалан: Сафарларнинг биридан қайтишда Расулуллоҳ бир дарахт остида, ҳордиқ чиқариб, ётиб ухларканлар, бир бадавий мушрик қўлида қилич билан, у зотни ўлдиришни қасд қилади. Энди қилични суқмоқчи бўлганида Расулуллоҳ кўзларини очадилар. Мушрик: «Менинг қўлимдан сени ким қутқаради?», дейди. Расулуллоҳ, хотиржам ҳолатда: «Аллоҳ», деб жавоб берадилар. Шу пайтда мушрик, ғайбдан зарба егандай гандираклаб, қўлидан қиличи тушиб кетади. Расулуллоҳ қилични олиб: «энди сени ким қутқаради?», деб сўрайдилар. Мушрик: » ҳеч ким», дейди. Пайғамбаримиз уни кечирадилар ва қўйиб юборадилар. Бундай муносабатни кутмаган мушрик, натижада Исломга киради.
Расулуллоҳнинг «раҳмат пайғамбари» эканликларидан ҳайвонлар ҳам бебаҳра қолмаган. Масалан: Пайғамбаримиз алайҳи салом мушук сабаб бир аёлнинг илоҳий жазога йўлиққанини айтганлар. Бу аёл мушукни қамаб қўйиб, овқат бермагани етмагандай, ўзи ризқини топиб ейишига ҳам йўл бермайди. Натижада мушук ўлади. Аёл шу сабаб, азобга гирифтор бўлади. Бошқа бир аёл эса, итга қилган яхшилиги сабаб, жаннатга ноил бўлади. Пайғамбаримиз алайҳис салом айтишларича, чўлда кетаётган бир аёл қаттиқ чанқайди. Бир қудуқни кўриб қолиб, қудуққа тушиб, чанқоғини қондиради. Қудуқдан чиққанида, чанқоқдан тили осилиб, ўлар ҳолга келган итга кўзи тушади ва қайтиб қудуққа тушиб пояфзалида сув олиб, итга ичиради. Шу иши сабаб, Аллоҳни розилигини топади
Олтинсой тумани «Саййид Мухиддинхон» жоме масжид имом хатиб Сирожиддин Мухиддинов