Ислом дини инсонларни доимо бир-бирлари билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим.

Одамлар орасидан  вафоли, садоқатли ва ҳақиқий дўстни топиш жуда мушкул иш. Бири мансабингизга, бири пулингизга, яна бири обрўингизга дўст бўлган сохта дўстлар жуда кўп. Шунинг учун ҳақиқий дўстни топишга Яратганнинг ўзи бундай маслаҳат беради:

Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари «юзи»ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг! Дунё ҳаёти зийнатини деб кўзларингиз улардан четламасин! Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг! (Каҳф, 28).

Қуръони каримда мўминлар ўзаро бир-бирларига дўсту биродар эканликлари баён қилиниб:

Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар…”, — дейилган (Ҳужурот сураси, 10-оят). Агар бу дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади. Чунки, Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сан-манга бориб қолган тақдирда ҳам уларнинг дўстлигига путур етмайди.

Коинотдаги ҳар бир мавжудот бошқа мавжудотлар билан ўзаро узвий боғлиқ ёки алоқадор бўлганидек, инсон ҳам ўз ҳаёти давомида олдига қўйган мақсадларини амалга ошириб бориш жараёнида, хоҳ дунёвий, хоҳ ухровий бўлган барча юмушларида бошқалар билан мулоқотга эҳтиёж сезади, улар билан ҳамкорликда ва ҳамкасбликда умр кечиради.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа инсонларга Ўзининг аршиси соясидан жой беради. Улардан бири Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашган инсонлардир, — деганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса: “Аллоҳ йўлида дўстлашган инсонлар учун охиратда нурдан минбарлар барпо қилинади. Уларни кўриб ҳатто пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар”, — деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлиш инсон қалбига яхши одоб-ахлоқни жойлайди ва уни яхши ишларни амалга оширишга ундайди. Ёмонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш эса, одоб-ахлоқни менсимай, ёмон ишларни қилишга олиб боради. Ҳаётда катта муваффақиятларга эришганлар кўпинча ўз муваффақиятларининг сирини яхши дўстлар маслаҳати билан юрганликда, деб биладилар.

Расулуллоҳ бошқа бир ҳадисларида яна шундай дейдилар: “Яхши улфат билан ёмон улфатнинг мисоли гўё мушку анбар кўтариб турувчи билан темирчининг босқонини босиб турувчи кишилар кабидур: мушкдан сотиб олсанг ҳам фойда қиласан, ёнида турсанг ҳам унинг хушбўй ҳидидан роҳатланасан. Босқончининг ёнида тургудек бўлсанг, ўт учқунлари кийимингга тушиб куйдиради ёки кўмир тутуни ҳидидан лоҳас бўлиб, озорланиб ўтирасан”.

Дарвоқеъ, бирор инсонга баҳо беришда унинг ёру биродарлари қандай одамлар эканлигига қаралади. Агар улар баобрў, дину-диёнатли кишилар бўлса, ўзгалар назарида унинг ҳақида ҳам шундай фикр пайдо бўлади. Борди-ю, ошнолари Худони танимайдиган, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, муттаҳам кишилар бўлса, уларнинг касофати туфайли биродари ҳам ёмон отлиқ бўлиши табиий. Шундай экан, мусулмон киши дунё ва охирати учун манфаатли бўлган инсонлар билан ошно бўлишга эътибор бермоғи лозим.

Дўстлар бир-бирларига бирор нарса ҳадя ёки эҳсон қилганларида, очиқ юзлик билан бериб, биродари қабул этса, бунга хурсанд бўлмоқлари лозим бўларкан. Биродари бирор нарсага муҳтож бўлиб турганини сезиб қолса, унинг шу ҳожатини сиздан сўрашини кутмай, дарҳол ёрдам бериш керак бўлади. Бу борада Расулуллоҳ ҳам: “Кимики биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ҳожатини раво қилур”, — деб башорат берганлар.

Дўст танлашдаги Ислом таълимотлари мана шулардан иборат. Улар доимо бизни яхшиликка етаклайди ва ёмонликдан сақлайди.

Ангор тумани “Абу Исо ат-Термизий” жоме масжиди имом-ноиби Х.Ўзбеков

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here