Муқаддас динимизнинг илоҳий таълимотида инсон учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш, зарурлиги алоҳида таъкидлаган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:
яъни: “Икки неъмат бор, кўпчилик кишилар бу иккисининг қадрига етмайдилар: сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, сиҳат-саломатлик шунчалик улуғ неъмат бўлишига қарамасдан, унинг қадрига кўпроқ уни йўқотган кишилар етади. Шунинг учун араб мақолларининг бирида айтилади: яъни: “Саломатлик соғлом кишиларнинг бошидаги тождир, уни эса фақат беморларгина кўради”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар: яъни: “Аллоҳдан офиятни сўранглар, зеро, бандага офиятдан афзал нарса берилмаган” (Имом Аҳмадривояти). Офият, бу саломатлик ва омонлик демакдир. Шунга биноан, ота-боболаримиз қачон ва қаерда бўлмасинлар Аллоҳ таолодан биринчи навбатда тинчлик ва саломатликни сўрайдилар. Саломатлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати экан, биз бандалар унинг шукронасини адо этмоғимиз, айни пайтда уни асрашни зиммамиздаги омонат деб билмоғимиз лозим бўлади. Зеро, қиёмат куни Аллоҳ таоло бизларга берган барча неъматларидан ҳисоб китоб қилар экан, саломатлигимиз ҳақида ҳам алоҳида сўрашлиги муқаррар. Буҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: яъни: “Албатта, қиёмат куни бандадан биринчи бўлиб сўраладиган савол шуки: “Сенга танангни соғлом қилиб бермаганмидик, сени муздек сув билан қондирмаганмидик” (ИмомТермизий ривояти). Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар келтирадиган гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан сақланмоқлиги лозим. Ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини Ғарб ва Шарқ табиб-докторлари бир овоздан тасдиқлаганлар.
Инсон ҳаёти, айниқса, ёшларимиз келажагига раҳна солиши мумкин бўлган, гиёҳвандлик, ичкиликбозликга қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқароси, қолаверса ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд зарарли иллатларни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг шарафли бурчидир.
Албатта, динимизда кишига касаллик етганида уни даволашга изн берилган. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари касалликдан даволанишни умумий маънода мубоҳ дейдилар. Аммо, касаллик оғир бўлиб, уни даволашнинг иложи, яъни дориси бор бўлса, у ҳолда даволанишни вожиб, деганлар. Бунга қуйидаги ҳадиси ширифни далил қиладилар: яъни: Усома бин Шарийк р.а. ривоят қилиб айтадилар: Мен Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларига бордим. Саҳобалари гўё бошларига қуш қўниб турганидек, қимир этмай ўтиришар эди. Салом бериб, сўнгра ўтирдим. Шу вақт ҳар тарафдан аъробийлар келиб: Ё Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Даволанинглар, зеро, Аллоҳ таоло бирор дардни берган экан, унинг давосини ҳам пайдо қилиб қўйган, фақат бир дарддан бошқа. У ҳам бўлса кексаликдир” – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ, деган нақлга мувофиқ динимизда саломатликни асрашга катта эътибор қаратилган ва унинг олдини оладиган барча омиллар кўрсатиб берилган. Масалан, динимизнинг поклик ва озодаликка барпо қилингани, мудом моддий ва маънавий покликка буюрганининг ўзи ҳам шунга далолат қилади. Шунингдек, қайси амаллардан қайтарган ва нима нарсаларни ҳаром қилган бўлса албатта, унинг замирида ҳам инсоннинг соғлигини асраш, умуман ҳаётини ҳимоя қилиш мақсади ётади. Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар:
яъни: “Қайси қавмда фаҳш ишлар пайдо бўлиб, ҳатто уни ошкора қилишга ўтсалар, у қавмда вабо ва ўтган ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқалади” (Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳозирги кунда ОИТС деган касалликнинг асл пайдо бўлиш ва тарқалиш сабаби айнан фаҳшу мункар ишларга ружу қўйиш, ор-номус, ибо-ҳаё, иффат каби фазилатларни унутиб, разолат йўлига ўтиш эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, аждодларимиз ҳатто эшитмаган бундай офатдан сақланишимиз учун миллий ва диний қадриятларимизга риоя қилишимиз ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: яъни: “Ким Аллоҳнинг неъмати келгандан кейин уни ўзгартирар (ношукрлик қилар) экан, албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Бақара сураси, 211-оят). Бошқа бир оятда эса,
яъни: “Бу (жазоларнинг сабаби) Аллоҳнинг бир қавмга инъом этган неъматини, то улар ўзларидаги нарсани (муносабатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмагунларича, ўзгартирувчи бўлмаганидандир” — деган (Анфол сураси, 53-оят). Шундай экан, Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлмиш соғлигимизни асрайлик, саломатлик вақтимизни ғанимат билиб аввало, ўзимиз қолаверса, фарзандларимиз, эл-юртимиз манфаати ва равнақи йўлида ҳалол ва савобли амаллар қилиш билан бу неъматнинг қадрига етиб, шукрини бажо келтирайлик. Зеро, шукронаси адо этилган неъмат бардавом ва безавол бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қиладилар: яъни: “Аллоҳ қандай дардни берса, уни шифоси билан юборади” (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло юртимизга тинчлик, халқимизга офият, ризқу рўзимизга баракотлар ато этиб, икки дунёмизни обод айласин
Ангор тумани “Абу Исо ат-Термизий” жоме масжиди имом-ноиби Аблазов Мухтор