Халқимизда олманинг тагига олма тушади, деган нақл бор. Буни жўн қилиб нени эксанг шуни ўрасан, дейиш ҳам мумкин. Йўлдан адашиб, бузғунчи одамлар билан ош қатиқ бўлиш, ўз юртига ҳиёнат қилиш эса яхшиликка олиб келмайди. Зотан, муқаддас динимизда хам Ватанни севмоқ иймондандир, дейилади. Аммо, мана шундай шарқона тарбиямиз, гўзал ахлоқий фазилатларимиз ва бой маънавий меросимиз қолиб, хориждаги нотовон кимсаларга қўшилиб қолаётганлар хам йўқ эмас. Энг ачинарлиси эса ИШИД деб ном чиқарган ғаламисларнинг тузоғига илиниб қолаётганлар гулдек ҳаётларини хазон қиладилар.

ИШИДчилар қилаётган барча ишларнинг барчаси муқаддас динимизга хам, Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларга ҳам тамомила зид эканлигини кўриб билиб турибмиз. Улар жиход ниқоби остида жаллодликни амалга ошираётганликлари ҳам бугунги кунда хеч кимга сир бўлмай қолди. Улар бугун тинчликсевар, мехнатсевар инсониятнинг қаттол душмани сифатида майдонга чиқдиларки, буни кўплаб далиллар исботлаб турибди.

Қора байроқ қора ният остида уюшган бир гуруҳ қонхўрлар ўзлари амалга ошираётган хунрезликлари кўламини янада кенгайтиришга уринмоқдалар. Бу йўлда улар ҳар қандай қабиҳликдан ҳам қайтмаяптилар, гарчанд фиқҳий уламолар уларнинг тутган йўллари, амалга ошираётган ишлари исломга буткул зид эканлигини бир овоздан эътироф этиб турган бўлсалар-да, уларнинг хунрезликлари, қотилликлари рад этиб бўлмас далиллар билан асосланаётган бўлсада, у ёки бу сабаб билан уларнинг пуч даъватларига ишониб, ҳам фалокат, ҳам ҳалокат гирдобига тушиб қолаётган ёшлар ҳам афсуски йўқ эмас. Бундай иймон эътиқоди заиф, дунёқараши тор, диний илмлардан етарлича бохабар бўлмаган ёшларнинг ҳам “ургимчак тўри”га тушиб қолаётганлиги бағоят ачинарли ҳолдир. Йўлини йўқотган, тўғри йўлдан ботил йўлга тушиб қолган бундай фуқароларимиз бугунги кунда Афғонистон, Покистон, Сурия, Ироқ каби бесаронжом мамлакатларда сарсон-саргардон бўлиб юрибдилар. Бир сўз билан айтганда, уларни ёлғон даъватлар, пуч ғоялар ўз домига тортиб кетди, деб айтиш мумкин. Улар баҳайбат ёлғоннинг этагига ёпишганча, киндек қони тўкилган қутлуғ макондан ота-онаси ва аҳли оиласини ташлаганча, азиз юртдошларидан айро тушганча, адоғи тубсиз жарлик бўлган томонларга йўл солишди. Улар гўёки, “Жиход қилаяпмиз”, деб инсониятга ҳам қолаверса, ислом дини аҳкомларига ҳам батамом зид ишларни амалага оширмоқдалар.

Исломда бир бегуноҳнинг қонини тўкиш катта гунох ҳисобланади. Агар масалага теранроқ назар ташлайдиган бўлсак, ислом динига зид ишларни қилаётган тўдаларнинг аслида исломга қандай дахли бор? Улар бор-йўғи муқаддас ислом динини ниқоб қилиб олганича, динга қарши ишларни амалга оширмоқдалар. Буни бошқача изоҳлаб бўлмайди. Ана шундай бир пайтда қонхўрлар галасига қўшлиб кетган айрим юртдошларимизнинг фожеаси ҳаммани ўйлантирмоқда.

Далил ва маълумотлар тахлили шуни кўрсатадики, айрим юртдошларимиз ислом ниқоби остида иш тутаётган кимсаларнинг қармоғига нега осонлик билан илиниб қолмоқдалар? Бунинг бир неча сабаблари бор:

биринчидан иймон эътиқоди суст, заиф киши, ким бир томонга етакласа ортидан эргашиб кетаверади. Иккинчидан эса, таъма илинжи уни тубсиз жарликка бошлайди. ИШИДчилар қўлига тушиб қолган юртдошларимиз тақдирида ҳам шундай ҳолни кузатиш мумкин. Террорчи тўдалар ўзларининг қора даврасини янада кенгайтириш учун барча воситалардан унумли фойдаланишмоқда. Улар катта миқдорда пулни, фаровон ҳаётни, жаннатни ваъда қиладилар. Узоқ ўлкаларда мардикорлик қилиб юрган баъзи юртдошларимиз бу қармоққа осонгина илиниб қолмоқдалар. Маълумотларга қараганда, ИШИДчилар болаларни махсус марказларда жаллодликка ўргатмоқдалар. Масалан, асирларга қарата ўқ отишади ёки бўлмаса бўйнига тиғ тортиб бўғизлашади. Ҳали дунёни таниб улгурмаган болалардан ана шундай қилиб қотилларни, жаллодларни тайёрлашмоқда.

Жаҳондаги 126 та мамлакатнинг пешқадам уламолари ИШИДчиларга очиқ хат йуллашди: Сизлар аёлларни қамоқхоналардаги каби тутқун шароитга солиб қўйдингиз. Уларии ўз қарашингизга кўра кийинишга мажбурладангиз, кўчага чиқишларини ва таълим олишларини ман қилдингиз. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва мусулмон аёлга фарздир”, деганлар… Сизлар болаларни урушда одам ўлдиришга мажбурладингиз. Уларни шунга ўргатдингиз. Ҳукмингиз остида қурол кўтариб кесилган бошларни ўйнаб юрган, жангда қатнашиб одам ўлдираётган, мадрасаларингизда азобланаётган, муайян ишларни қилишга мажбурланаётган болаларни кўраяпмиз. Баъзиларини ўлдириб ҳам юбордингиз. Бу борада қуйидаги гапларни айтиш кифоя: бу ишларнинг барчаси бегуноҳ одамларга нисбатан содир этилаётган жиноятлардир. Бу болалар шариат нуқтаи назаридан ҳали мукаллаф бўлмаган норасидалардир. Шунингдек, аёлларнинг ишларига, касб қилишларига, хуқуқлардан фойдаланишларига рухсат бермадингиз. Уларни ўз жангчиларингизга эрга тегишга мажбурладингиз. Буларни қандай қилиб тўғри иш деб бўлади?”

Дунё уломаларининг бу очиқ хати шунга яаққол ишора қилмоқдаки, ИШИДчиларнинг тутган йўли ҳам, ишлари ҳам пировард натижада ўзларини боши берк кўчага киритиб ташлайди. Аслида улар боши берк кўчага кириб қолишган. Лекин шунга қарамасдан, улар замонавий техника-воситаларидан хусусан, интернетдан имкон қадар кенг фойдаланишмоқда. Ғўp ёшлар уларнинг сайтларига кириб, чалкаш диний оқимлар таъсирига тушиб қолмоқдалар. Шундай экан, минг бир орзу умидлар билап вояга етказаётган фарзандларимиз тақдири учун бефарқ бўлмайлик. Уларга бунёдкорликка йўғрилган тарбия бериб, комил инсон этиб тарбиялайлик. Зотан, халқимизда ҳикматли бир нақл бор. Тўғри дарахтнинг тагига эгри соя тушмайди”. Маънавият, маърифат ва чин инсонийлик фазилатлари билан суғорилган тарбиянинг эса ҳеч вақт меваси тахир бўлмайди.

Бобур Усмонов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here