Муқаддас Ислом динимиз хақиқий маънода инсонпарвар ва рахим шафқат динидир. Аллоҳ таоло бандаларига мехрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандалари билиб билмай хатога йўл қўйганларида уларни тавба қилишга чақиради. Расулуллоҳ (с.а.в) “Намозга шошилинг вақти ўтиб кетмасдан аввал, Тавбага шошилинг ўлим келиб қолмасдан аввал” деб мархамат қилганлар. Чунки Аллоҳ таоло тавба эшигини икки тамонлама очиб қўйган. Биринчиси умумий тавба эшиги бўлиб қиёмат куни ёпилади. Иккинчиси эса хос тавба бўлиб, хар бир инсоннинг жони ғарғарага келганда ёпилади. Аллоҳ таоло Оли имрон сураси 133-134 оятларида “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. (Улар) енгилликда ҳам оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради” деган. Бу оятда мағфиратга шошилиш тавба дегани бўлиб бу жаннатдан аввал зикр қилинди. Чунки Аллоҳ таолонинг рахмати бўлмаса жаннатга киролмас эканмиз. Хаттоки Расулуллоҳ (с.а.в) дан сахобалар “Сизнинг амалингиз ҳам жаннатга киришга етмайдими деб сўраганларида” У зот “Менинг амалим ҳам етмайди. Аллоҳ таоло рахмати билан ўрайди, сўнгра жаннатга киритади” деганлар. Демак жаннат тайёрлаб қўйилган тақводорларнинг сифати, улар бой бўлса хаддан ошмайди, камбағал бўлса юрагини сиқиб касал бўлмайди, дуч келган яхшилик ва ёмонликни Аллоҳ таолодан деб билади. Аллоҳ таолнинг сифатларидан бири тавбани қабул қилиши, мўминнинг сифати эса тавба қилишидир. Одамлар хаётда табақаларга бўлинади. Зиёлий, Авом, Бой ва камбағал ва хаказо. Худди шундай қиёмат кунида ҳам 4-та табақага бўлиниди. 1) Халок бўлувчилар, яъни кофир, мушрик, мунофиқ ва Аллоҳ таолога ширк келтирганлар. Аллоҳ таоло уларни кечирмайди. 2) Азобга олинувчилар, яъни Аллоҳ таолога иймон келтирган лекин гуноҳ қилиб дўзахга тушушга лойиқ бўлган бандалар. Аллоҳ таоло уларни азоблаб, сўнгра жаннатга киритади. 3) Нажот топувчилар, яъни кофир ва мунофиқ кишиларнинг ёшликда вафот этган болалари. 4) Ютуқга эришувчилар, булар набийлар, расуллар, шахидлар ва солиҳ бандалар. Хар бир банда мана шу 4-чи табақага сазавор бўлиш учун харакат қилмоғи лозим. Агар инсон қилаётган гуноҳ-маъсият ишларини кичкина санаса, Аллоҳ таоло уни катта деб билади. Аксинча гуноҳ-маъсиятларини катта деб билса, Аллоҳ таоло уни кичик санайди. Машойихларимиз “Сен қилаётган гуноҳинг кичиклигига қарама, балки гуноҳ қилаётган зотнинг улуғлигига қарагин” деганлар, кичик гунох бу бировни ранжитиб қўйиш ва хаказо. Инсонларнинг қилаётган катта-кичик гуноҳлари, уларнинг Аллоҳ таолодан узоқлашишига сабаб бўлади. Агар банда буни англаб етса тавба қилишга шошилади. Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларнинг тавбасини қабул қилади. Хар бир инсоннинг гуноҳдан қайтиши ва тавба қилиши фарзи аъйн, уни доимий қилиб юришлиги вожиб амал хисобланади.
Расулуллоҳ (с.а.в) “Аллоҳ таолога тавба қилинглар. Мен хар куни юз марта Аллоҳ таолога тавба қиламан” деганлар. Бу хадис тавбани давомли қилишни билдиради. Аллоҳ таоло Тахрим сураси 8 оятида “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз” деб мархамат қилган. Демак банданинг тавбаси қабул бўладигани хақиқий насух тавба хисобланади. Хақиқий тавба –дарҳол гуноҳдан тўхташ, ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, агар гуноҳ банданинг хаққига боғлиқ бўлса, хақ эгасини рози қилишдир.
Аллоҳ таоло Нур сураси 31 оятида “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шоядки, (Шунда) нажот топсангиз” деган. Хазрати Анас (р.а) дан ривоят қилинган хадисда Расулуллоҳ (с.а.в) “Одам боласи кўп хато қилувчидир. Хато қилувчилар ичида энг яхшиси тавба қилувчидир” деганлар. Юқорида келтирилган оят ва хадислардан Аллоҳ таолонинг мархаматли, кечиримли зот экани бандалар учун катта ибрат эканлигини англаймиз. Бундай бағрикенгликни Расулуллоҳ (с.а.в) хаётлари давомида кўрсатиб бердилар, хеч қачон ғазаб қилмади. Бировдан ўч олмади, балки кечирдилар, кечиришга буюрдилар.
Хозирги кунда Президентимиз рахбарлигида давлатимиз хукумати юқорида зикр қилинганидек авф этиш ва кечиримли бўлиш йўлидан бормоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти тамонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш калониясидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни авф этиш тўғрисида Фармон қабул қилинди.
Абу Бакр Воситий (р.а) “Хамма нарсада хотиржамлик яхши, лекин уч нарсада яхши эмас; Намоз вақти келганда, маййитни дафн қилишда ва гуноҳдан тавба қилишда” деганлар. Аллоҳ таоло барчамизга хақиқий тавба қилишни насиб айласин.
Жарқўрғон туман “Исломобод” жомеъ масжиди имом хатиби А.Халилов