Инсониятни қоронғи бир дунёдан қутқариб, унга ёрқин бир олам такдим этган ҳамда бизга
дунё ва охират бахтини ҳозирлаган киши пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммаддир.
Пайғамбаримиз олдида турли бўрчларимиз бор:
— Ҳазрати Муҳаммаднинг пайғамбарлигига ишониш;
— пайғамбар хабар берган диний масалаларнинг дурустлигини хамда уларнинг Аллоҳдан
келганлигини қабул қилиш;
— унинг ахлоқидан намуна олиш;
— пайғамбаримизнинг ёлғиз бир миллат эмас, балки бутун инсониятга пайғамбар қилиб
юборилганига ишониш;
— унинг буйруқ ва тавсияларини бажариш, ман этганларидан тийилиш;
— унинг ҳаётини ўзимизга ўрнак деб билиб, унинг суннати бўйича яшаш;
— унинг номини эшитган вақтда»Соллаллоҳу алайхи ва саллам» ёки»Алайҳиссалоту
васаллам» деб дилдан ҳурматлаш;
— Аллоҳ ва пайғамбарни ўз жонимиздан ҳам кўпроқ эъзозлаш ва ҳурмат қилиш.
Аллоҳ яратган мавжудотлар орасидаги энг улуги инсондир. Унинг жисми ва бу жисм ичида
кўзга кўринмайдиган руҳи бор. Ислом дини инсон жисмини ҳар турли хасталиклардан ва
зарарли нарсалардан сақлашга ҳамда руҳий жиҳатдан камол топтиришга интилади. Яхши
инсон бўлмоқ учун ёлғиз жисмоний саломатликнинг ўзи кифоя қилмайди, балки руҳий
саломатлик ҳам зарурдир.
Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: «Аллоҳ сизнинг ташқи қиёфангизга қарамайди.
Лекин Аллоҳ сизнинг ичингизга, қалбларингизга қарайди», — дегандилар. Демак, ички
мусаффолик, руҳ мусаффолиги ислом динида ниҳоятда муҳимдир. Инсоннинг ўзи олдидаги энг
муҳим бурчларидан бири ҳам ўзини руҳий жиҳатдан камол топтирмоқдир, бузуқ ва ярамас
фикрлардан ўзини тозалаш, бошқалар ҳақида ёмон фикр юритишдан ўзини тиймоқдир.
Ислом динига кўра икки турли хасталик бор. Бири моддий, жисмоний хасталик бўлса,
иккинчиси маънавий хасталикдир. Жисмоний хасталик инсон қиёфасида кўзга ташланиб,
билиниб туради. Жисмимизни турли жисмоний хасталиклардан сақлаш ўз олдимиздаги
бурчларимиздан биридир. Маънавий хасталиклар инсон жисмида кўринмайди. ғийбат,
ёлғончилик, туҳмат, ҳийлакорлик, алдамчилик, такаббурлик, хасислик ва ялқовлик каби
хасталиклардан ҳам сақланмоқ керак.
Пайғамбаримиз айтадилар: «Икки кунини бир хил ўтказган киши зарар кўради».
Ҳақиқий мусулмон ҳар куни олдинга қараб ҳаракат қилувчи ва доимо ўзини камол топтирувчи
инсондир. Кўп ўқиган, кўпроқ меҳнат қилган ҳамда кўпроқ изланган одам ўзига, миллатига ва
динига фойдали бўлади. Ўзини яхши тарбиялаган инсон ўзининг олдидаги бурчини адо қилган
инсондир.

Шўрчи тумани Толлти ота жоме масжиди имом хатиби Рашидов Ҳайбатуллоҳ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here