Ризқни худо беради…

Ҳар бир соҳада бўлганидек, мўмин кишининг ризқ борасида ҳам ўз қараши бўлади. Ризқнинг манбаи қаерда? Ризқни ким яратади ва уни маҳлуқотларга ким етказади? Мўмин банда ризқ, неъмат, касб ҳақида қандай эътиқодда бўлиши керак? Ризқнинг келишида қанчалик аҳамиятга эга? Келинг бу саволларга жавобни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан излаймиз.

Аллоҳ таоло айтади: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур”. Ҳамма нарса очиқ равшан китобда бордир” (Ҳуд,6).  Мўмин кишининг ризқ ҳақидаги қуйидагича бўлиши керак. Ҳар бир банданинг ризқи азалдан Аллоҳ тарафидан тақдир қилиб қўйилган. Ана ўша ризқ бандага етмай қолмайди.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам дедилар:  “Албатта банданинг ўз ризқи бор.Агар жин ва инсонлар у ризқдан бирон нарсани унга келишидан тўсиш учун йиғилсалар, бунга қодир бўлмайдилар”.

Тафаккур қилиб Аллоҳ таоло берган неъматларнинг қадрига етиб, шукр қилишимиз керак. Бизлар чин имон ва ихлос билан яшасак, Аллоҳ таолога берган неъматлари учун шукроналар келтирсак, ризқимизга янада барака беради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам ўзининг ҳадиси шарифларида шундай дейди: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани жони соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”.

      Инсон ҳар доим берилган неъматлар шукрини адо қилишга интилиши керак. Баъзилар қаноат қилмай, жонларини таҳликага қўйиб, бойлик илинжида, ноқонуний йўллар билан, чет элларга кетади. Оқибатда ўзини ҳам оиласини ҳам қийинчиликларга дучор этади. Айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга тафаккур, шукр, сабр-қаноат каби фазилатларни эгаллаш, илм-ҳунар ўрганиш сув ва ҳаводай  зарур. Қалб кўзи очиқ, касб-ҳунарли одам ҳеч қачон бировга қарам бўлиб қолмайди ва ҳаром ризқ билан озиқланмайди.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: “Токи ҳаёт экансизлар, зинҳор ризқдан ноумид бўлманглар. Ҳар бир банданинг ўзига ажратилган ризқи насибаси бордир. Ахир, инсон она қорнидан қип-қизил гўшт парчаси ҳолида тушгач, Аллоҳ унга ризқ бериб мукаммал бир инсон ҳолига келтиради-ку! Бас, ризқдан ноумид бўлманглар ва касб-корни чиройли суратда олиб бориб, ҳалол йўллар билан ризқ талаб қилинглар” деб марҳамат қилганлар.

Шундай экан ҳар биримиз Аллоҳ таолодан ҳалол йўл билан ризқланишимизни, фарзандларимизни ҳам ҳалол ризқ билан тарбиялашимизни сўраб дуолар қилайлик.  Ҳар бир еган луқмамиз ҳалол ва пок нарсалардан бўлсин илоҳим.

   “Раҳмонбеди ҳожи” жомеъ масжиди имом-ноиби:       Х.Эрназаров

                                                                                                   

 

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here