Маданият ниқобидаги иллат

“Оммавий маданият” моҳиятан ҳаммани бир қолипга солиш учун бошланган вайронкор ғоявий курашнинг шиори ҳисобланиб, унинг таг-замирида жаҳон халқларини ўзларининг миллий қадриятлари ва турмуш тарзларидан маҳрум этиб, ўз йўриқларига юритмоқчи бўлганларнинг ёвуз мақсадлари яширин. Янаям тўғрироғи, бу – сунъий равишда ўйлаб топилган бир маданият бўлиб, унда инсон ва унинг нафсига шу даражада эрк бериладики, натижада оғзингизга келган гапни айтасиз, кўнглингиз тусаган ишни қиласиз, энг ёмони,  шунга рағбатлантириласиз.

“Оммавий маданият” чиларга ибо, ҳаё, ор-номус, ғурур деган тушунчаларнинг мутлақо аҳамияти йўқ. Инсонпарварлик фазилатлари, ўзни тарбиялаш, нафсни енгиб, комилликка эришиш ғоялари ҳақида умуман гапирмаса ҳам бўлади.

Ваҳоланки, инсонпарварлик ўзбек халқи миллий қадриятларининг, маънавиятининг ажралмас бир қисмидир. Фазилат сифатида ҳам бу халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Инсонпарварлик кишиларнинг бир-бирига ҳурматида, қадр-қимматида, меҳр-шафқатида, диёнатида, ўзаро кўмаклашувида, бошқаларнинг қувончу қайғусига шерик бўлиб, ўзгалар қувончидан ва бахтидан севинишда, халқининг бахти ва ютуқларидан фахрланишда яққол кўринади.

Ўзбек халқининг турмуш тарзи, меҳнатдаги фаолияти, ўзаро муносабатлари, ҳамкорликлари, ҳамдардликлари, вафодорликлари, бир-бирига суянишлари, яхши қўшничиликлари, болажонликлари, ота-онанинг болага меҳри, боланинг ота-онага ҳурмати, садоқати каби қадриятлари инсонпарварлик ғояси билан суғорилган.

Ўзбек халқи ҳамиша меҳр-шафқатли бўлган, барчага ёрдам қўлини чўзган. Халқимиз ўзининг инсонпарварлигини фашизмга қарши кураш йиллари барча миллатларнинг етим болалари бошини силаб, ўз тарбиясига олганида ёрқин намоён этган. Буюк шоиримиз Алишер Навоийнинг қўйидаги байти асрлар оша барча инсонлар учун ибрат бўлиб келмоқда:

Одами эрсанг, демагил одами

Ониким йўқ, халқ ғамидин ғами

Шундай экан, бизга “Оммавий маданият”дан дарс бермоқчи бўлаётганлар албатта мулзам бўлиб қолишлари аниқ. Миллий маданиятимиз ва маънавиятимиз Ватан ҳамда миллат шаънини ифодалар экан, садағанг кетай ота юртим, она халқим, ҳамиша ўз қадрини билган ва тарихда ёрқин из қолдирган аждодларим, келажаги буюк Ватаним дейишга ҳақлимиз.

 “Домулло Афанди” жомеъ масжиди имом хатиби А. Мирзаев

 

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here