Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бизга ато этган ҳайит байрамларимиз ҳақида ўйлаб кўрганмизми? Ушбу байрамларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликларига далил топа оламизми? Мен шу масалада изланиб кўрдим ва натижасини сизга илиндим.

Муҳтарам ўқувчи! Мусулмонлардан бошқаларнинг байрамларини кўрсангиз, нималарни топасиз? Албатта, у байрамлар бирор бир шахсга боғлиқ эканини тушуниб етасиз. Уларнинг байрамлари бирор шахснинг туғилиши, душманлари устидан ғалаба қозониши, бирор мансабга ўтириши ёки ҳарбий, сиёсий соҳаларда устунликка эришиши билан боғлиқ. Баъзи халқлардаги байрамлар раҳбарлари вафот этган кун билан, баъзиларида раҳбарнинг турмуш қурган куни билан боғлиқ байрамлар бор.

Бугунги кундаги байрамларни олайлик. Йилда бир кунни белгилаб, “хотин-қизлар куни” деб байрам қилишади. Ваҳоланки, Ислом дини оналарга, аёлларга бир кун эмас, йил бўйи яхшилик қилишни буюради. Ота-онага яхшилик қилиш борасида ушбу оятларга эътибор қаратайлик: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», – деб айт” (Исро сураси, 23-24-оятлар)

Истиқлолга эришилгани, бирор урушда ғалаба қозонилгани, инқилоб бўлгани муносабати билан қилинадиган байрамлар бор.

Баъзи кимсалар “Севишганлар куни” деб йилнинг муайян бир кунини байрам қиладилар. Бу кунда ўйин-кулгу, фаҳш, маст қилувчи ичимликларга муккасидан кетиш, пулни совуриш каби жирканчликларни қилишади. Яна шундай кўплаб байрамлар борки, уларнинг барчаси қайсидир шахс ҳаётида юз берган қандайдир ҳодиса билан боғлиқ.

Биз мусулмонларнинг ҳаётимиздаги икки улуғ байрамлар – Рамазон ва Қурбон ҳайитларига эътиборимизни қаратайлик. Хўш, бу байрамлар қандай муносабат билан нишонланади?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топишлари шубҳасиз улуғ ва муборак кундир. Лекин мен бирор жойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга таваллуд топган ўша муборак кунларини байрам қилишни буюрганларини кўрмадим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бадр ғазотида нусратга эришганларини ўқидим. Чиндан ҳам бу зафар ислом давлатининг бошланишига улкан ҳисса қўшган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга ўша зафар кунини байрам қилинадиган кун қилиб олишга амр қилмаган эканлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг таваллуд кунларини, уйланган кунларини, ғазотларда зафар қозонган кунларини, ҳатто тарих ўзанини ўзгартирган ҳижрат воқеаси бўлган кунни ҳам байрам куни қилиб олмаганлар. Севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан муҳим кунлар жуда кўп ўтган. Шулардан бири Макка фатҳи кунидир. Бу кун чин маънода мусулмонларнинг ғолиб ва кофирларнинг хор бўлган кунидир. Бу кун шундай улуғ, муҳим кун бўлишига қарамай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни байрам куни қилиб олишни буюрмадилар. У ҳолда икки ҳайит байрамимизни қандай муносабат ила нишонлаймиз?

Албатта, биз мусулмонларда байрам Аллоҳ азза ва жаллага қилинадиган улуғ ибодатдан кейин нишонланади. Маълумки, Исломнинг рукнлари бешта. Мўмин киши ҳар лаҳза Аллоҳ таолонинг яккалигига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам У Зотнинг бандаси ва расули эканликларига гувоҳлик беради. Бу биринчи рукн. Ҳар биримиз кун давомида беш вақт намоз ўқиймиз. Бу иккинчи рукн. Орамиздаги моли нисобга етганлар ҳар йили закот берадилар. Бу учинчи рукн.

Иккита муҳим рукн қолди. Биз мўминлар уларни йилда бир бор адо этамиз. Тўртинчи рукн рўза бўлиб, Аллоҳ таоло уни бизга ҳар йили бир ой тутишимизни  фарз қилган. Ушбу ибодат шу қадар улуғки, унинг ажри қанчалигини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳадиси қудсийда келган: “Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун, унинг мукофотини Ўзим бераман. Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилди”, деб марҳамат қилган”.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу рўза ибодатини Рамазон ҳайити байрами билан тугатишни амр қилди. Мўмин Рамазонда тутган рўзаси, тунларида қоим бўлгани ва Аллоҳ таолонинг мағфирати, раҳмати сабабли шодлансин деб Буюк Холиқ рўза ибодатидан кейинги кунни бизга байрам қилиб берди. Қандай муносабат билан байрам қилинаётганимзга эътибор беринг! Бу байрам ҳеч қандай шахсга боғлиқ эмас, балки фақатгина Аллоҳ таолонинг ибодатига боғлиқдир. Бўлганда ҳам энг улуғ ибодатлардан, риё аралашмайдиган ибодатлардан бўлган рўза ибодатига боғлиқдир.

Бешинчи рукн қолди. Бу ҳаждир. Бу ибодат ҳам ўта муҳим бўлиб, йўлга қодир бўлганларга умрда бир марта ҳаж қилиш фарздир. Ҳаж ибодати йилнинг муайян кунларида бўлиб, ихлос билан ушбу ибодатни адо этган мўминга гуноҳлардан онасидан туғилган кунидагидек пок бўлиб қайтиш ва жаннат мукофотига эришишдек улкан ажрларни қўлга киритади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси уни туққан кундек қайтади», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».

Иккисини бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Барча ибодатлар қатори ҳаж ҳам холис Аллоҳ учун қилинади. Ушбу ибодатнинг аҳамияти улуғлиги сабабли унинг сўнггида қурбон ҳайитини нишонлаймиз. Яъни қурбон ҳайити ҳам Аллоҳ учун қилинадиган улуғ ибодатдан сўнг нишонланади.

Шунингдек, икки ҳайитимизни нишонлаш тартиби ҳам гўзалдир. Бошқалар ўзлари учун жорий қилиб олган байрамларида маст қилувчи ичимликларни ичиб, фаҳш ботқоғига ботиб, турли жиноятлар, ахлоқсизликлар қилсалар, биз мусулмонларда байрам ибодатдан бошланади. Барчамиз ҳайит намозини ўқиш учун намозгоҳларга, масжидларга борамиз. Рамазон ҳайитида намозга бориш олдидан фақиру мискинларга фитр садақаси берамиз. Қурбон ҳайитида эса намозни ўқиб келгандан сўнг жонлиқ сўйиб қурбонлик қиламиз ва унинг гўштидан фақиру мискинларга ҳам улашамиз.

Бизнинг байрамларимиз шунчаки байрам эмас, балки у фақирлар, мискинлар, етимлар, беваларнинг кўнглига шодлик киритиладиган, қариндошлар, кексалар ҳолидан хабар олинадиган, болаларга ҳайитлик улашиладиган байрамдир.

Биз мўминлар байрам кунларимизда ҳам Аллоҳ таолога боғланиб, Унга хушуъ ила ибодат қилиб, Уни зикр қилиб байрамимизни ўтказамиз. Биз Буюк Холиқимизни ҳеч қачон, ҳатто байрам кунларида ҳам унутмаймиз.

Бизнинг байрамимиз Аллоҳ таолонинг мағфирати, раҳмати ва ризосидан шодланиб ўтказиладиган том маънодаги байрамдир. Бизнинг байрамимиз Аллоҳ таолога йўлиқишга тайёгарлик кўриш онларидир.

Бошқа халқларнинг байрамлари қайсидир шахсларнинг бошидан ўтган воқеаларга боғлиқ бўлиши, бизнинг байрамларимиз эса улуғ ибодатлар муносабати билан нишонланиши нимага далолат қилади? Шубҳасиз ушбу байрамларимизнинг масдари илоҳий масдар эканига далолат қилади! Ислом Аллоҳ таолонинг дини эканига далолат қилади!

Қани айтингчи, ер юзида Пайғамбарлар, анбиёлардан бошқа ким ўз қавмига ибодатлардан сўнг нишонланадиган байрамларни жорий этди? Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расули бўлмаганларида биз умматлари учун ибодатдан кейин нишонланадиган байрамларни жорий қила олармидилар?

Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотлардан зафарга эришган кунларини байрам куни этиб эълон қилмадилар? Нима учун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган кунларини, Макка фатҳ бўлган кунни биз умматларига байрам куни этиб белгиламадилар?

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги энг улуғ ва муҳим ҳодиса бу у зотга ваҳий орқали нубувватнинг келишидир. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша улуғ кунни ҳам байрам куни этиб белгиламадилар. Бунинг сабаби у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир ишни ўзларича қилмасликлари, балки барча ишни илоҳий амр билан бажаришларидир.

Биз икки ҳайит ва уларнинг нима муносабат билан нишонланиши ҳақида ўйлаб кўрсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликларига очиқ-ойдин далилларни кўрамиз. Ҳа, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларича бирор иш қилмадилар, балки ҳаммасини Аллоҳ таолонинг ваҳийси билан бажардилар. Буюк Холиқимиз у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни васф этиб шундай деган: “У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳий, холос” (Нажм сураси, 3-4-оятлар).

Бизларни мусулмонлардан қилиб яратган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here