Бутун дунёни ва дунёдаги барча махлуқотларни яратган Парвардигори олам, барча махлуқотларнинг аълоси ва мукаррами қилиб инсон зотини яратди ва дунёдаги кўп нарсаларни инсон зотига хизмат қилдириб, бўйсиндириб қўйди. Бунинг учун инсонлар шукр қилиши керак. Меҳрибон Парвардигор инсон зотининг дунёга келишини ниҳоятда мўъжизали ва ҳикматли қилиб қўйган. Шундай ҳикматларидан бири, одамларни ака- ука, ама- хола, тоға-жиян ва ҳоказо қариндошлардан иборат қилиб яратганидир. Қариндош — уруғларсиз инсон бўлмайди. Зеро, қариндош — уруғлар, бир — бирларининг қийинчиликларида, мусибат-у хурсандчиликларида бир — бирларига шерик ва кўмакдош бўлдишади. Лекин, минг афсуслар бўлсинки ҳозирги вақтда кўплаб гувоҳи бўламизки, қариндошчиликлар рисоладагидек эмас. Қариндошлар орасида арзимаган гап сўзлар ва бошқа ҳар хил низолар сабаб, қариндошлар бир бирларидан силаи раҳмни узиб кетиш, ҳатто ака- ука билан, опа-сингил билан, тоға- жиян билан юз кўрмас бўп кетиш ҳолатлари учраб турибди.
Муқаддас ислом динимизда инсонларни силаи раҳм қилишга буюради. Силаи раҳмнинг маъноси кенг қамровли бўлиб, унинг дастлабки маъноси оила ришталарини маҳкам тутишдир. Зеро , Пайғамбаримиз алайҳиссалом; “Яхшилик қилишни яқинларингдан бошланглар” деб марҳамат қилганлар. Ва яна Аллоҳ ҳузурида энг мақбул амаллардан бўлган силаи раҳм ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар; “Салом билан бўлса ҳам қариндошликни боғланглар” Ахир қариндошларсиз тўй томошаларимиз қандай татийди, маърака маросимларимиз қандай ўтади, қариндошларсиз ҳаётимиз татимайди. Бир қориндан тушган ака- ука, опа- сингил ва бошқа қариндошлар, Аллоҳдан қўрқиши лозим. Қурони каримнинг муҳим ўринларида силаи раҳм ҳақида зикр қилинган. Аллоҳ таоло инсон зотини силаи раҳмни узиб кетишдан Аллоҳдан қўрқишга буюради. Зеро Аллоҳ таоло қўрқишликка буюрган ҳукмлар шариатда асосий ҳукмлар қаторидадир. Пайғамбар алайҳиссалом; “Қариндошлар билан алоқани узган одам жаннатга кирмайди” деб марҳамат қилганлар.
Демак Аллоҳнинг иродаси ва шариат ҳукмлари, қариндошларни, нафақат қариндошларни балки барча мусулмон инсонларни бир бирлари билан интифоқ, бир- бирларига раҳм шафқатли бўлиб яшашликка буюради. Муқаддас ислом динимизда ғойридин яни бошқа дин вакилларига ҳам меҳр шафқат ва мурувватли бўлишга буюради. Чунки дунёда ҳар хил миллат ва ҳар хил дин вакиллари яшайди. Жойи келганда уларнинг ҳам ҳурматини жойига қўйиш лозим. Маймун ибни Маҳрон айтади: “Уч нарсада мусулмон ва номусулмон баробардир: Биринчидан ким билан аҳдлашган бўлсанг, аҳдинга вафо қилгин, хоҳ номусулмон бўлсин, хоҳ мусулмон. Албатта аҳд Аллоҳ учундир. Иккинчидан, Орада қариндошчилик бўлса, силаи раҳм қилгин, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Учинчидан, кимики сенга омонат берса, омонатини адо қилгин, хоҳ номусулмон бўлсин, хоҳ мусулмон”.
Хулоса шуки, силаи раҳм инсонлар учун энг муҳим амаллардан бўлиб, шариатни ҳам, жамиятни ҳам мустаҳкамловчи омиллардандир. Шундай экан аввало ўзимиз учун ва бошқалар учун нажот йўлини очиб берувчи бу амалга бепарво бўлмайлик. Шояд айнан шу туфайли нажот топувчилардан бўлсак.
Алимов Ўрал Алибой ўғли
“Саид Баҳромхон” жомеъ масжиди имом хатиби.