Устоз жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги ку­нини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юл­дуздир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган, ак­синча, инқирозга юз тутган. Шунинг учун ҳам халқи­мизда “Устоз отангдек улуғ”, Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган чиройли иборалар бор. Шундоқ экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор. Болаларни устозни ҳурмат қилишга, уларнинг ҳақини адо этишга ўргатиш лозим. Шунда улар билим ўр­гатган, тўғри йўлга солган, ёмон йўллардан қай­тарган кишининг қадр-қимматига етадилар. Пайғамба­римиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мураббийларга олимларни ҳурмат­лаш, муаллим ва устозларни улуғ­лаш борасида кўпгина қим­матли кўрсатмалар бер­ганлар.Имом Аҳмад, Табароний ва Ҳоким Убода ибн Со­мит­дан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расу­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кексаларимизни улуғ­ламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олим­ларимизни (ҳақини) билмаган менинг умма­тим­дан эмас”, дедилар.
Табароний “Авсат” деб номланган китобида Абу Ҳу­райрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Ра­су­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм ўрга­нинг­лар ва би­линглар, илмда хотиржамлик ва сало­бат бор, ўрга­тувчига тавозеда бўлинглар”, дедилар.Табароний “Кабир” деб номланган китобида Абу Умо­мадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расу­лул­лоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Му­но­фиқлар уч тоифа ки­шини: Исломда сочи оқарган кишини, илм­ли кишини ва одил имом (раҳбар)ни қадр­ла­майди”, дедилар.Имом Аҳмад Саҳл ибн Саъд Соидийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, олимнинг орқасидан юрилмайдиган, ҳалим (беозор, ювош) кишилар тирик қолдирилмайди­ган, қалблари ажамларники ва тиллари араб бўладиган замон келмасин”, дедилар.
Имом Бухорий Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Уҳуд жангида шаҳид бўлганларни (қабрга қўйишда) жам­лаб: “Буларнинг қайси бири Қуръонни ёд олган?!” деб сўрадилар. Қайси бирига ишора қи­лин­са, ўшани олдин лаҳад (қабр)га қўярдилар.Юқоридагилардан қуйидагиларни хулоса қилса бў­ла­ди: шогирд устозига тавозели бўлиши, унинг кўр­сатмасидан чиқмаслиги, ҳар бир ишда ундан маслаҳат олиши лозим. Яна устози олдида ўзини хо­кисор тутади, мағрурланмайди, кибрдан узоқ бўлади. Устоз хизматини қилишга ҳамиша шай туради. Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) олимларга тавозели бўлгани учун шарафландилар. У киши: “Уларга нафсимни хорлай­ман, шунда улар нафсимни икром этадилар, хор­лан­маган нафс ҳеч вақт икром этилмас”, дер эди.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) мартабаси баланд ва қадри улуғ бўлатуриб, Зайд ибн Собит ансорийнинг уловларини ушлаб етаклади ва: “Бу бизларнинг олимла­римизга қиладиган икромимиз”, деди. Яъни, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Зайд ибн Собит минган уловни етаклаб олимга эҳтиром кўрсатди.Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (Халаф Аҳмарга): “Фақат рў­парангизда ўтираман (сизга юзланиб), устозга та­возе қилишга буюрилганмиз”, деди. Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ): “Моликнинг ҳу­зу­ри­да у кишини ҳурматлаб, қоғознинг шитирлашини эшит­масин деб, китобни секин (нафис) варақлардим”, деди. Робеъ: “Аллоҳга қасам, Шофиъий менга боқиб тур­ган­ла­рида, у кишининг салобатидан сув ичишга жур­ъ­ат қила олмадим”, деди.
Халифалардан бирининг ўғли Шурайкнинг ҳузу­рига келди ва деворга суяниб турганча ҳадис айтиб бери­ши­ни сўради. Шурайк унга қайрилиб ҳам қарамади. Шунда у яна сўради. Шурайк аввалгидек қайрилиб қара­мади. Шунда у: “Халифаларнинг ўғлини паст санаш (мен­симас­лик) эмасми?” деди. Шурайк: “Йўқ, илм Аллоҳ ҳузу­рида буюкдир, мен уни зое қи­лишдан қўрқдим”, деди.
Шогирд устозига: “ё устоз”, “ё муаллим”, “жаноб муал­лим”, “жаноб домла” деб мурожаат қил­син. Устози­нинг исмини устоз борлигида ҳам, йўқ­ли­гида ҳам айтмасин. Агарда айтиш жудаям керак бўлса, “фазилатли устозим бундай дедилар” ёки “устозим фалончи бундай дедилар”, ёки “йўлбошчим фалоний бундай дедилар”, деб айтсин.Шўъба: “Агар биронтадан бир ҳадис эшитсам, унга қул бўлардим ва унинг ҳузурига тез-тез бориб турардим”, деди.
Таълим олувчи бола устози тирик вақтида ҳақига дуо қилиши, устоз вафот этганидан сўнг авлодлари, қарин­дошлари ва дўстларидан хабар олиши, қабрини зиёрат қилиши, устозга истиғфор айтиши, унинг номидан эҳсон қилиши, динда, илмда, хулқда унинг ўргатганларига риоя қилиши, илмига эргашиши (иқти­до қилиши), одоби билан одобланиши лозимдир.Шогирд устозидан етаётган баъзи азиятларга сабр қилмоғи, бу ҳол устоздан илм олишига монелик қил­мас­лиги керак. Албатта, устоз шогирдини бекор­дан-бекор койимайди. Шогирд бундай пайтда ўзини тафтиш қилсин, устозидан узр сўрасин. Шундай қилса, устоз ва шогирд узоқлашмайди, қай­тага яқинлашади. Шогирд хато қилса, устоз уни йўлга солади.Улуғ салафларимиз айтадилар: “Ким илм олиш­да сабр қилмаса, нодонлигича қолади. Сабр қилса, дунё ва охи­рат саодатига эришади”. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Толиб бўлиб хорландим ва матлуб бўлиб азиз бўлдим”, деди.Шофиъий (раҳмаҳуллоҳ) айтади: «Суфён ибн Уяй­нага: “Сизга одамлар ернинг турли бурчагидан таъ­лим олгани келадилар, сиз уларга қаттиқ гапирасиз. Улар сиздан кетиб қолишлари ва сизни тарк этиш­ла­ридан қўрқмайсизми?” дейилганида, у киши: “Шунинг учун улар мени тарк этсалар, улар аҳмоқдир”, де­дилар».
Яна у киши дейдилар:
Устоз ва табиб ҳар иккиси
Агар ҳурматланмаса, насиҳат қилмас.
Дардингга чидар агар табибга жафо қилсанг,
Нодонлигингга чидар агар устозга жафо қилсанг.
Шогирд устози ҳузурида одоб, тавозе билан ўтириши, чалғимаслиги, бутун эътиборини у кишига қаратиши лозим. Ўтирганида бармоқларни қирcил­ла­тиш, ҳуда-бе­ҳуда йўталиш, томоқ қириш, бурин тор­тиш, пишиллаб нафас олиш, у ер-бу ерини қашиш, ёни­да­ги билан гап­лашиш кабилар устозга ҳурмат­сиз­лик саналади. Чунки устоз рўпарасида қанча толиби илм ўтирса, барини кўриб, нима билан машғуллигини билиб туради. Шогирд­нинг битта ноўрин ҳаракати уни ранжитиши, фикридан чалғитиши мумкин. Натижада дарс маромига етмай қолади.
Олимнинг шогирд устидаги ҳақларини баён қи­лиш­да ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай деди­лар: «Олим (устоз)нинг сендаги ҳақи: ҳаммага умумий салом бер­санг, устозга саломни хос қил, унинг ҳу­зурида қўлинг ва кўзинг билан ишоралар қилма, “фалончи бу сўзнинг ак­сини айтди” дема, бировни ғийбат қилма, унинг ха­то­сини қидирма, агар адашса, узрини қабул қил, уни Аллоҳ учун улуғла, агар иши (ҳожати) бўлса, уни қилишга шошил, ҳузурида бирон киши билан шивирлаб гаплаш­ма, кийимидан ушлама, агар дарс беришни кечиктира­диган бўлса, ундан талаб қилма, суҳбатидан тўйиб қолма, чунки у хурмо дарахтига ўхшайди, ундан қачон бир нарса тушади деб кутгин (интизор бўл)».
Шогирд устози ўтирган синфга ёки хос жойга кириш­да изн сўрайди, устоз бир ўзи бўладими ёки бошқалар билан бўладими, барибир. Агар рухсат бермаса, қайта сўрамаслик керак. Устоз ҳузурида чиройли кийинмоқ, ўзига қарамоқ, хушбўйликлар сурмоқ керак. Илм ўрга­нишга, масжидга шундай борадилар. Чунки илм ўрганиш ҳам ибодатдир.Овқатланаётган идишингиз қанча чиройли, покиза бўлса, иштаҳа ҳам шунча яхши, нонушта кўнгилли бўла­ди. Устоз ҳузурида ҳам шогирднинг қалби чи­ройли, по­киза бўлиши керак. Бундай қалбга илм ўтиради, сама­раси кутилганидек бўлади.Шогирд устозидан бир ҳукмни ёки қимматли фикр­ни, ёки бир ҳикоя, шеърни эшитса, уни ёд олсин ёки эсда сақлаб қолсин. Тинглаётганида ҳайрати юз-кўзларидан сезилиб турсин. Ато: “Мен ҳадисни бир кишидан эшитаман, ваҳолан­ки, мен бу ҳадисни ундан яхшироқ биламан, шундай бўлса ҳам, ўзимни билмагандек тутаман”, деган. Яна у: “Мен бир ҳадисни бирон бир ёш йигитдан аввал эшитмаганимдек эшитаман, ваҳоланки, мен у туғилма­сидан олдин ҳадисни эшитганман”, деган.
Шогирд дарс пайтида ҳафсаласизлик қилмасин, балки зеҳнини ўткирласин, саволларга жавоб бериш билан машғул бўлсин. Устоз айтган дарсни албатта тайёрласин. Агар устознинг сўзини англамай қолса, узр айтиб, сўраб билиб олсин. Бундай ҳолатдан устоз ранжимайди, балки шогирдининг талабчанлигидан, лоқайд эмаслигидан хур­санд бўлади. “Сўраб ўрганган олим, орланиб сўраман ўзига золим”, дейдилар ҳазрат Навоий. Албатта, биз айтаётган талаблар бола мак­табга ёки мадрасага борганида ўз-ўзи­дан пайдо бўлиб қолмайди. У ўқув даргоҳига боргунча, ус­тозга рўпара бўлгунча, оила даврасида бу ҳақда тушунча шаклланиши керак. Бу ишга хусусан ота-она, бобо ва бу­вилар, амма-холалар масъулдирлар. Токи бола мактаб, ус­тоз ҳақидаги ту­шун­чаларга олдинроқ эга бўлсин, бирда­нига нотаниш оламга тушиб қолгандек бўлмасин. Албатта, бола ўқишга қатнаётган ака-опаларини кўриб илк кўник­мани олади. Лекин бу кўникма ота-онанинг, кат­таларнинг таъ­кид­лаши, тушунтириши билан мукам­мал бўлади.
Ҳабиб ибн Шаҳид: “Эй ўғлим, фақиҳларга ва олимларга эргаш, улардан илм ўрган ва одобларидан олгин, чунки бу менга кўп ҳадисдан маҳбуброқ”, деди.Мухаллад ибн Ҳусайн бир куни Ибн Муборакка: “Биз кўп ҳадисдан кўра кўп одобга муҳтожроқмиз”, деди. Баъзи салафлар фарзандларига: “Одобдан бир боб ўрганиш етмиш боб илм ўрганишдан яхши­роқ­дир”, деб таълим берган.Суфён ибн Уйайна: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) катта мезондирлар. Нарсаларнинг у ки­ши хул­қига, сийратига ва йўлига мувофиқ келгани ҳақ ва уларга мувофиқ келмагани ботилдир”, деди. Ибн Сирин: “Улар илм ўрганган каби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўлларини ҳам ўргана­ди­лар”, деди.Албатта, биз зикр этаётган одоблар устозлар ҳақини адо қилиш, тақволи бўлиш, Исломга содиқ қолиш, Аллоҳ учун виқорни умид қилиш, Исломни ақида ва шариат деб, Қуръони каримни дастур деб имон келтиришни талаб қилади

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан.

✍️✍️Сурхондарё вилояти Олтинсой туман «Хидиршо ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдусалом СултоноB

УМИ Сурхондарё вилоят вакиллиги

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here