Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ривоят қилинишича, бир подшоҳ улкан, ажойиб қаср қурдирди. Қурилиш битгач, ўзида йўқ хурсанд бўлиб, хизматкорига: «Бу қасрни одамларга кўрсат, ким унинг айбини, камчилигини айтса, унга икки дирҳам бер ва уни тузат», деди. Бир дарвеш буни эшитиб, хизматкорнинг олдига келди-да: «Бу қасрнинг иккита тузатиб бўлмас катта айби бор», деди. Хизматкор «Қандай айблар экан?» деб сўраган эди, дарвеш: «Биринчиси – бу қасрни қурган подшоҳ ўлиб кетади. Иккинчиси – бу қаср ҳам абадий қолмайди», деди. Хизматкор бу гапни подшоҳга айтган эди, у ўзини маломат қилиб, дунёга берилиб ўтказган умрига ачинди. Кейин ўткинчи зеб-зийнат ва дабдабалардан воз кечиб, боқий қоладиган ишлар билан, ибодат билан машғул бўлди.
«Солиҳлар гулшани» китобидан