Абу Ҳурайра (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таолонинг йўллардан айланиб зикр қиладиганларни ахтариб юрадиган фаришталари бор. Улар Аллоҳ таолони зикр қилаётган жамоатга дуч келсалар, бир-бирларини: “Ахтарган нарсангизга келинг!” деб чақирадилар. (Ҳаммалари келиб,) уларни қанотлари билан ўраб дунё осмонигача бўлган кенгликни тўлдирадилар. Аллоҳ таоло Ўзи жуда яхши билгани ҳолда фаришталардан сўрайди:
— Бандаларим нима қиляптилар?
— Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтишяпти ва Сени улуғлашяпти, – деб жавоб беришади.
— Улар Мени кўришганми?
— Йўқ, Парвардигор (кўришмаган).
— Кўрганларида нима бўларди?
— Агар кўрганларида Сенга яна ҳам қаттиқ ибодат қилишга, Сени жуда улуғлашга киришиб кетишар, Сенга кўп-кўп тасбеҳ айтишарди.
— Улар нимани сўрашмоқда?
— Жаннатни сўрашмоқда.
— Жаннатни кўришганми?
— Йўқ, Парвардигор (кўришмаган).
— Кўрганларида нима бўларди?
— Кўрганларида унга яна ҳам қаттиқ интилишар, уни яна ҳам қатъий исташар, унга қизиқишлари чандон катталашарди.
— Нимадан паноҳ сўрашмоқда?
— Дўзахдан паноҳ сўрашмоқда.
— Уни кўришганми?
— Йўқ, Парвардигор (кўришмаган).
— Кўрганларида нима бўларди?
— Кўрганларида эди, ундан янада қаттиқ қочган, ундан янада қаттиқ қўрққан бўлишарди.
— Сизларни гувоҳ қиламан (яъни, гувоҳ бўлинг), уларни кечирдим!
Расулуллоҳ (с.а.в.) сўзларида давом этиб бундай дедилар: “Улардан бир фаришта айтади: “Уларнинг орасида фалончи гуноҳкор банда ҳам бор. У мазкур жамоат аҳлидан эмас. У бир иш билан ўтиб кетаётган эди, (буларни кўриб, шунчаки келиб) ўтирди”. Аллоҳ таоло: “(Майли,) уни ҳам кечирдим! Булар шундай жамоатки, уларнинг шарофатидан улар билан ўтирганлар ҳам бадбахт бўлмайдилар”, деб марҳамат қилди».
Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари.
Узун тумани Бахоуддин Накшбанд жомиь масжидининг имом хатиби Олимов Абдурахмон.