• Инсонийлик жамияти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимий равишда ривожланиш ва ўзгаришда бўлади. Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди, десак хато бўлмайди. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни орқада қолдирди. Дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланадилар, ахборот алмашадилар, турли масалаларни ҳал қиладилар.
    Интернет пайдо бўлгандан бери баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевизор, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатсак яхши, ёмонликка ишлатсак ёмон нарсага айланади. Бу ердаги энг муҳим омил – инсон омилидир. Чунки инсон бир пайтнинг ўзида яхши маълумот ҳам, ёмон маълумот ҳам тарқатиши мумкин. Унинг муқобилида бошқа бир инсон яхши ёки ёмон маълумотни қабул қилиб олиши мумкин. Демак, бизнинг энг муҳим вазифамиз, интернетдан ёмон мақсадда фойдаланаётган инсонларга, айниқса ёш авлодга тўғри йўлни кўрсатиш, зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир. Бошқа томондан эса ижтимоий тармоқларда миллий-диний қадриятларимизга зид нарсаларни тарғиб қилаётган шахслар таъсирига тушмаслик йўлларини ўргатишдир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
    яъни: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур” (Зориёт сураси, 55-оят).
    Қуйида динимиз таълимотларига уйғун ҳолда интернетдан фойдаланиш одобларини санаб ўтамиз:
    • Ниятни яхши қилиш;
    Яхши ният – динимиздаги энг гўзал асослардан биридир. Ҳатто, бир қараганда дунё иши бўлиб кўринган ишлар ҳам яхши ният билан ибодатга айланади. Худди шундай интернетдан фойдаланишда ҳам динимиз қоидаларига мувофиқ иш қилишни ният қилган киши, иши битиши билан бирга савобга ҳам эга бўлади. Пайғамбаримиз машҳур ҳадисда шундай дейдилар:
    яъни: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир…” (Имом Бухорий ривояти).
    • Интернетга киришдан аввал умрнинг қадрини ёдга олиш;
    Ҳадиси шарифда умрнинг қадри ҳақида шундай марҳамат қилинади:
    яъни: “Қиёмат куни беш нарса ҳақида сўралмагунича Одам боласининг қадами Парвардигори ҳузуридан силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида қандай ишлар қилгани, бойликни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билган нарсаларига қай даражада амал қилгани (сўралади)” (Имом Термизий ривояти).
    • Интернетдан олинадиган ва тарқатиладиган барча маълумотлар шариатимиз рухсат берган нарсалар бўлиши керак;
    Интернет хилват жой бўлганидан, одамлар орасида қилмайдиган ишларимизни, ёлғиз қолганда ҳам ўзимизга раво кўрмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни доим кузатиб турганини ҳис қилишимиз катта даражадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
    яъни: “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни)ҳам билур”(Ғофир сураси, 19-оят).
    • Болалар интернетдан фойдаланганда уларни ҳеч ҳам қаровсиз қолдирмаслигимиз керак;
    Инсоннинг дўсту ёрлари унга катта таъсир ўтказади. Интернетда болаларимиз ким билан мулоқот қилмоқда, кимлар билан дўстлашмоқда – бу ниҳоятда муҳим. Чунки ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:
    яъни: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё кийимингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан келаётган қўланса ҳид димоғингни ачитади” (Имом Муслим ривояти)
    Юқорида инсон бир ўзи интернетдан фойдаланиши ҳақида гапирдик. Бундан ҳам муҳимроқ яна бир фаолият бор, яъни икки ва ундан ортиқ кишилар орасидаги виртуал алоқалар. Бунга чат, форум, фейсбук, телеграм, инстаграм ва твиттерларни мисол қилиш мумкин. Бугунги кунда мана шу соҳада ўзимизни тўғирлаш, хато-камчиликларимизни ислоҳ қилишга жуда-жуда муҳтож бўлиб турибмиз. Чунки аксарият жамият, дин, оила ва шахсиятга таҳдидлар мана шу йўлдан келмоқда. Қуйида бу йўналишда ҳам энг муҳим одобларга тўхталамиз:
    • Интернетдаги ўзаро алоқаларда ҳам динимиздаги умумий қоидаларга риоя қилиш, ман қилинган ишлардан қайтиш асос бўлиши керак;
    Бошқача айтганда ижтимоий тармоқлар ғийбатчилар “жавлон” урадиган майдон бўлиб қолмаслиги керак. Бу соҳада ҳам намунали бир инсон сифатида фаолият юритиш лозим бўладики, эрта қиёматда пушаймон бўлиб қолмайлик.
    • Интернетдаги ўзаро алоқаларда мусулмон киши ўзига тақво, яхши гумон, бағрикенглик ва чиройли хулқни лозим тутиши керак;
    Тақво, яхшилик ва ҳусни хулқ ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:
    яъни: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрққин, ёмонликка яхшиликни эргаштирки, ёмонликни ювиб кетади, одамларга чиройли хулқ билан муомала қил” (Имом Термизий ривояти)
    Афсуски, ижтимоий тармоқларда мусулмонлар бир-бирини ҳақорат қилиши, туҳмат, ҳаттоки бўҳтон қилиши, обрўйига путур етказиши, ғийбат қилиши, ўзининг она юрти ва жамиятда фитна уруғларини сочиши кузатилиб турибди. Энг ёмони бундай кишиларда холислик топилмаяпти. Улар баъзи пайтларда “тирноқ ичидан кир қидириш”га тушмоқдалар. Лекин кўз ўнгларида турган яхши ишлар, ислоҳотлар ва ўзгаришларни кўришмаяпти. Гоҳида ўзлари нима исташаётганини ҳам англамай қолишмоқда.
    • Интернет орқали ўзга жинс вакиллари билан алоқа қилишда номаҳрамлик масаласига жуда эҳтиёт бўлиш керак;
    Мана шу масалага бепарво бўлиш, кўп муаммоларга сабаб бўлмоқда. Эркакка келган хатлар хотиннинг қўлига тушиб, оилага путур етмоқда, ёки эр хотиннинг бегона эркаклар билан ёзишмаларини топиб олиб, талоқ қўймоқда. Ҳали оила қурмаган ёшлар орасида ҳам ижтимоий тармоқларда турли ношаръий алоқалар, ҳаёсизлик, зинонинг виртуал кўринишлари кузатилмоқдаки, бу биз учун огоҳлантирувчи “қўнғироқ” бўлиши керак. Тўғри, шариат қоидаларига амал қилиб, беғараз мақсадлар билан, зарурат миқдорича бирор маълумот олиш, сўраб ўрганиш мумкин. Лекин ўзаро “электрон муҳаббат” алоқаларини ўрнатиш ҳаром ҳисобланади.
    • Интернет орқали ўзаро алоқада ёлғон, уйдирма хабарлар, сурат, аудио ва видео маҳсулотларини тарқатмаслик талаб қилинади.
    Бу ишни турли мақсадларда қилиниши мумкин. Кимдир мақсадига етиш учун, кимдир шов-шув кўтариш, кимдир одамларнинг устидан кулиш учун қилади. Баъзилар диний маънодаги ёлғон хабар тарқатадилар (яқинда Қуёшдан “эртага жавоб берасиз”, деган овоз келмоқда деб маълумот тарқатишди) ва бу билан динга ёрдам бермоқчи бўладилар. Аслида динимиз ундай “ёрдамлар”га муҳтож эмас ва ёлғон хабарлар тарқатиш динимизда қаттиқ қораланади.
    Бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб, дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда қандай умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ёки ўзаро алоқада ҳам шу асосларга риоя қилиши шарт. Акс ҳолда, турли ноқулайликлар ва гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
    Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собитқадам қилсин!

    Музработ тумани бош имом хатиби Бобохон Косимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here