Эр номига доғ тушираётганлар

Сарлавҳадан баъзи бир эркакларимиз ранжиши мумкин. Бу ҳамма эркакларимизга тегишли эмаслигини ва бекорга бу сарлавҳа қўйилмаганлигини қуйида англайдилар ва тўғри тушуниб хулоса чиқарадилар.

Ҳозирги кунда бўлаётган никоҳ тўйларини ва тўйдан олдинги ирим-сиримларни кузатсак, ўғил уйлантиришдан кўра қиз чиқариш жуда қийин бўлиб қолмоқда. Чунки ҳозирги куёвларимиз келин олмаяпти аксинча бир маънода “келинларимиз” куёв сотиб олмоқдалар. Нега деганда келинга 5-10 кийимлик сарпо ва оз микдорда қалин пули берилади. Кейин ҳамма қийинчиликлар келин томонда бошланади. Келин томон куёв томоннинг ҳар бир оила аъзосига сарпо қилиш бошланади. Кейинги навбат эса ор-номусни, эрлик ғурурини, ҳамийятини четга суриб қўйган “куёв” га  сарпо қилиш. Сарпо қилгандаям қандай, “куёв” нинг ўзи келин ва келин томон билан бозорга бориволиб, уни оласан, буни оласан деб танлаб кетаверади. Унинг танлаган кийимига келин пул санаб бериб, у кўрсатаётган нарсаларини олиб бериб кетаверади. “Куёв” ларимиз кундан кунга беор бўлиб бормоқдаларки, ҳатто соқолини оладиган ускунаса-ю, совун, шампунигача, яна қўшша- қўшша кийим олдирмоқдалар. Буни олдиргандан кейин айнан келин олиб берган нарсаларни кўз-кўз қилиш мақсадида кечки базм уюштириб, ўртоқларини чақиради бу қандай беорлик, беандишалик. Қани бу ерда эркаклик ғурури.

Булар етмагандай байрамлар, туғилган кун деган нарсалар ҳам бор. Шунча оғирлик етмагандай куёвнинг хонадонини ва унга бериладиган хонани мебеллар билан тўлдириш ҳам келиннинг зиммасига тушади. Уйни жиҳозлагандаям қандай, қимматбаҳо ва энг асосийси чет элники бўлсин дейилади. Бу нарсалар кимга керак? Ахир икки ёш бахтли бўлишса, қолган нарсалар топиладиган нарсалар-ку. Ундан кўра уларга оила аталмиш даргоҳни ҳурмат қилишни, қадрига етишни ўргатиш керак эмасми?.

Яна энг ачинарли ҳолатлардан бири шундаки баъзи бир эркакларимиз “Биз уйланган пайтларда келин томон куёвга ва куёв томонга сарпо қилишмасди. Ҳозирги куёвлар маза қилишяпти. Шунинг учун қайта уйлансамми”  деб ҳазил аралаш гапиришмоқда. Бунга нима дейсиз? Бугунги куёвларнинг ҳолига ҳавас қилиш эмас уялиш керак аслида. Лекин азиз эркакларимиз буни оддий ҳолат деб қабул қилишмоқда. Бу эса энг ачинарли ҳолатдир.

Агар келин томон куёв томоннинг айтганларини қилишмаса, тўйдан кейин қиз бечорани кўзини очиришмайди. Шунинг учун қийналишса-да бу амалларни бажаришади.

Муқаддас ислом динимиздан озгина хабари бор одам тушунадики, аёл кишини боқиш, кийдириш едириш, унинг ҳамма эҳтиёжларини таъминлаш эркак кишининг зиммасидалигини. Лекин бунинг акси бўлмоқда. Буларнинг эса олдини олмоғимиз керак. Чунки биз Темурийлар авлодиданмиз. Ўзбек деган номга лойиқ бўлишимиз керак. Шунинг учун эркакларимиз ўзларининг ғурури, ор-номуси мардлиги билан бошқа юрт вакилларига ўрнак бўлишлари керак. Аёлларимиз эса ана шу эркакларимизни ҳурмат қилиб улар топиб келган ҳалол ризққа қаноат қилишлари, ҳамда биргаликда фарзандларига яхши тарбия бериб, шу азиз ватан учун керакли шахслар қилиб тарбиялашлари лозим бўлади.

      Олтинсой туман бош отинойиси:    С.Сирожова

                                                                                                             

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here