Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмон ўрнак бўлиш биз учун эмас. Ҳибасидан қайтувчи худди қусуғига қайтган ит кабидир», дедилар».
Шарҳ: «Ҳиба» араб тилида «манфаат берадиган нарсани бировга етказиш» дир. Ҳанафий фуқаҳолар истилоҳида эса:
«Ҳиба муайян молни бировга эвазига мулк қилиб беришдир».
Бу таърифдан маълум бўладики, вақтинчалик фойдаланиб туриш учун ёки ижарага берилган нарсалар ҳиба бўлмас экан.
Шариатда ҳиба мандуб амал ҳисобланади.
Ҳиба ҳадя, садақа, атийя ва бошқа маъно ҳамда муомалаларни ҳам ўз ичига олади. Бу истилоҳларнинг маьнолари бир-бирига жуда ҳам яқиндир.
Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлади.
Агар молни бирор шахсга уни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун берилса, у ҳадя бўлади.
Ўлими олдидан мол улашиш атийя бўлади.
Бошқа ҳолатларда эса бирор одамга мол бериш ҳиба бўлади.
Уламоларнинг ижмоьи ила ҳибанинг барча турлари мустаҳаб дейилган. Айниқса қариндошларга ҳиба қилинса, жуда ҳам яхши бўлади.
Уламолар ҳибанинг ийжоб, қабул ва қабз билан амалга ошишига ҳам иттифоқ қилганлар.
Маълумки, қайт қилган одам у нарсани ҳеч қачон оғзига қайтариб олмайди. Бировга совға берган одам ҳам берган совғасини қайтариб олишни қилган қусуғини оғзига қайтариб олиш билан баробар кўриши керак экан. Бу фақат итларга хос иш экан.
«Одоблар хазинаси, 2-жуз» китобидан.