Мана ўзининг ҳар йилги анъанасига содиқ қолган ҳолда, юртимизга баҳор фасли ташриф буюриб, кетидан миллий ва қадрли байрамимиз Наврўзи олам ҳам келди. Қир-адирлар ям-яшил тусга кириб, лола-қизғалдоқлар билан ястаниб олишган. Қизларимиз атласу-адраслардан кўйлаклар кийишиб ва қошларига ўсмалар қўйиб, чаккаларига мажнунтолдан сочпопуклар тақиб олишган. Момоларимиз ва онахонларимиз дошқозонларда сумалаклар қайнатишмоқда. Сумалакдан қўни-қўшни, қариндош-уруғларга тарқатиш ишлари, халқимизнинг меҳр-оқибатли эканлигининг яна бир далилидир,
Бу байрамни барчамиз интизорлик ва ҳис-ҳаяжон билан кутамиз. Ушбу кунда ҳаммаёқ супириб-сидирилади, дарахтлар танаси оқланади, боғларга янги кўчатлар ўтказилади, совға-саломлар олиб кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олинади. Турли туман баҳорий кўкатлардан турли хил пишириқлар пишириб қўни-қўшниларга улашилади.
Наврўз байрами кунларида ҳар бир инсон ўз уйини ва атрофини тозалаш билан машғул бўлади. Чунки бу мусулмончилик талабларидан биридир. Ислом поклик динидир. Наврўз келишидан олдин барча ҳашар ишлари, тозалик ишлари билан машғул бўлади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Албатта, Аллоҳ таоло яхшидир яхшиликни севади, сахийдир саховатни севади, покдир покликни севади. Шунинг учун покланинглар. Яҳудийларга ўхшаманглар, ён-атрофларингизни пок тутинглар”.
Яна мана шундай эзгу амаллардан бири боғларга дарахт кўчатларини экишдир. Бу иш биз учун қанчалик савобли амаллардан эканлиги ҳақида бир нечта оят ва ҳадисларда баён қилинган. Шулардан бири бу ҳадисдир: Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мусулмон бирор дарахт ёҳуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосилидан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бунинг учун унга ажру савоб ато этилур” деб марҳамат қилдилар”. Бу ҳадис кўчат экиш аҳамияти улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).
Беморни зиёрат қилиш эса Ислом динида энг савобли амаллардан ҳисобланади. Бунга, ушбу келтириладиган ҳадислар ажойиб далилдир.
1. “Бемор биродарининг зиёратида борган мусулмон киши, то қайтиб келгунча, жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади”.
2. Бир киши касал кўришга борса, у раҳмат ҳовузида сузади. Агар касалнинг олдида ўтирса, раҳмат ичида чўкади.
Пайғамбаримиз расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан марҳамат қиладилар:
“Агар бемор ҳузурига кириб қолсанг, сени ҳаққингга дуои хайр қилишини сўра. Чунки, унинг дуоси фаришталарни дуоси каби мустажобдир”.
Бошқа бир ҳадисда эса,
“Бир мусулмон бошқа бир мусулмоннинг касаллигини эрталаб кўрса, албатта унга кечқурингача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурин касални кўрса, албатта унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади”.
Ривоят қилинишича, бир киши, Умми Дардо разиаллоҳу анҳунинг олдига келиб, қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. У киши овутдилар: “Унинг энг катта давоси касалларни бориб кўриш, жанозага қатнашиш ва қабристонни зиёрат қилиш”. У киши бир муддат шундай қилдилар ва қалби юмшаганини сезиб, ичида бир хурсандчилик тўйди, сўнг Умми Дардонинг олдига келиб: “Сизни Аллоҳ таоло мукофатласин”, деди.
Барча эзгу амаллар каби беморни зиёрат қилишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим.
Баҳор айёми ва Наврўзи олам туфайли юртимизда ана шундай беморлар ҳолидан хабар олиш кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари каби эзгу ва савобли амаллар янада кўпроқ бажарилади. Ҳар биримиз мана шундай савобли амалларни кўпроқ бажарайлик. Наврўзи олам байрами барчамизга муборак бўлсин.Хонадонларимиздан қут-барака аримасин, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Давлатова Турдихол
Олтинсой туман бош имом хатиби котибаси