БОҒИЙЛИК – ИЛЛАТ
Боғийлик араб тилидан таржима қилинганда зулм қилувчи, душманлик қилувчи, тажовузкор маъноларини англатади.
Истилоҳий маъноси ҳақида уламолар: «Боғий бирор таъвил (бирор сўз ёки феълдан кўзданган махфий мақсадни ўз фикри билан изоҳлаб бериш )га кўра адолатли амирга қарши чиқувчи мусулмонларнинг қурол-аслаҳага эга бўлган тоифасидир», — дея таъкидлайдилар.
Мусулмон раҳбар томонидан талаб етилган закот каби ҳақларни бажаришдан бош тортиш ҳам унга қарши чиқиш ҳисобланади. Боғий бўлиш учун хато таъвил билан амирга ноҳақ қарши чиқувчилар мусулмон ҳамда қурол-аслаҳага эга бўлишлари лозим. Акс ҳолда улар боғий эмас, балки оддий қароқчи ва йўлтўсар ҳисобланади.
Қуръон каримнинг Нисо сураси 59 — оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй мўъминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!».
Уламоларнинг таъкидлашларича, мусулмонлар ичидан сайланган (ёки тайинланган) бошлиқ ва раҳбарлар Аллоҳга итоат қилар эканлар, уларга итоат этишлик вожиб дейилади. Улар бу борада бир қатор ҳадислардан далил келтирадидар. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Сизларнинг устингиздан гарчи ҳабаш қул (бошлиқ бўлиб), унинг боши майиздек (қора) бўлса ҳам (сўзини) тингланглар ва итоат қилинглар».
Бу ҳадисни муҳаддислар султони Имом Бухорий ривоят қилган бўлиб, ҳадис мазмунидан бошлиққа итоат қилиш, унинг сўзини тинглаш шартлиги тушунилади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг «тингланглар ва итоат қилинглар» деган сўзи буйруқ шаклида бўлиб, у вожибни тақозо қилади. Бундан ташқари ҳадисдан итоат қилинадиган бошлиқнинг оқ ёки қора танли бўлиши, асл насабли бўлиши ёки бўлмаслиги, бой ёки камбағал оиладан чиққанлиги аҳамиятсиз экани тушунилади.
Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким менга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ва кимики амрга итоат қилса менга итоат қилибди, кимки амрга осий бўлса менга осий бўлибди» (Имом Молик ривояти).
Шубҳасиз, мусулмон киши ўз раҳбарига итоат этиши, унинг ҳаққига хайрли дуо қилиши ва бунинг акси бўлган боғийликдан сақланиши лозимдир.
Ислом уламолари фикрига кўра, шариатта боғийларга қарши кураш (жанг) олиб боришга рухсат берилган бўлиб, мусулмонлар, мазкур жараёнда ўз раҳбари томонида бўлиши ва унга ҳар томонлама ёрдам беришлари лозим. Шунингдек, боғийларга қарши олиб борилган курашларда ўз раҳбари томонидан туриб ўлдирилган мусулмон «шаҳид» ҳисобланади. Улар тарафдан ўлдирилганларга эса жаноза намози ўқилмайди. Бу ҳақида Бурхониддин Марғиноний шундай дейди: «Давлатга қарши боғий бўлган ва йўлтўсарлик билан шуғулланганлар ўлдирилса, уларга жаноза намози ўқилмайди, чунки Ҳазрати Алий (р.а) боғийларга жаноза ўқимаган эди».
Агар боғийлар тўғри йўлга қайтсалар, улар билан жанг қилинмайди. Раҳбар уларга қарши кураш олиб боришдан олдин уларни тутган йўлларидан қайтариш ва ўз итоатига киришга таклиф қилади ва қарши чиқиш сабабларини сўрайди. Шунда улар ҳал қилиш мумкин бўлган ишни талвб қилсалар ва бу талаб жамият манфаатига зид бўлмаса кўриб чиқилади, акс ҳолда рад этилади.
Боғийларга ёрдам бериш ёки уларга қурол-яроқ сотиш мумкин эмас. Чунки улар сотиб олган қуроллар билан одил раҳбарга қарши чиқади. Шу сабабли жумҳур уламолар боғий ва фитначиларга қурол-аслаҳа сотиш харом эканлигини такрор ва такрор таъкидлайди. Имом Аҳмад: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фитна вақтида қурол сотишдан қайтарганлар», — дейдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримни Моида сурасининг 2-оятида: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!»,-дея ёмонликка кўмак беришдан қайтарган.
Boysun tumani imom, [02.11.21 10:40]
Мусулмон раҳбарга қарши чиқмаслик ҳақида ақида китобларда ҳам кўрсатмалар мавжуд. Жумладан, «Шарқ ақоиди Таҳовий»да қуйидагилар баён этилади: «Раҳбар ва бошлиқларимизга гарчи жабр қилсалар ҳам қарши чиқишни маъқул кўрмаймиз. Уларни дуоибад қилмаймиз, уларга итоат қилишларидан бош тортмаймиз. Модомики гуноҳ ишга буюрмас эканлар, уларга итоат қилишни Аллоҳ таолога бўлган фарз итоат деб биламиз. Уларга салоҳият ва офият тилаб хайрли дуолар қиламиз».
Бойсун туман “Пулхоким” жомеъ
масжиди имом хатиби: А.Тошматов