Ўтмишда қанчадан-қанча юртдошларимиз орзу-ҳавас қилишиб, лекин етишолмаган нурафшон кунларга,тўкин-сочинликда, эмин-эркин ҳаёт кечиришликдек улуғ неъматли кунларга бизлар етиб келдик.

        Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан кейин дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини эгаллади. Мамлакатимиз эшиклари хорижий мамлакатлар, уларнинг турли-туман ташкилотлари учун очиқ деб эълон қилинди. Аммо юртимизга бўлган қизиқиш, унинг минтақада эгаллаб турган муҳим мавқеи ва бир-биридан гўзал урф-одатларимизнинг асоси сифатида эътироф этилувчи Ислом дини яхши ниятли ҳамкорлар билан бир қаторда ғаразли мақсадларни ўз олдига қўйган меҳмонларнинг ташрифига ҳам сабаб бўлди. Ана шундай, юртимизга ташриф буюрган меҳмонлардан бири – бизни динимиздан айириш мақсадидаги миссионерлардир! Ваҳоланки, бизнинг ўтмишда ўтган буюк аждодларимиз ислом динини маҳкам ушлаган, дунёдаги ислом динига эътиқод қилувчи инсонларга  том маънода устозлик қилган зотлардир.

Собиқ совет тузуми даврида диний фаолият кескин таъқиқлангани, хорижий мамлакатлар билан алоқа ўрнатиш эса катта эҳтиёткорлик билан амалга оширилгани учун миссионерлик масаласи у даврларда умуман кузатилмаган. Аммо собиқ совет тузуми тарқалиб кетиши натижасида бу ҳудудга, жумладан мустақил давлат сифатида ажралиб чиққан Ўзбекистонга ҳам, миссионерларнинг оммавий ҳужуми бошланди. Маҳаллий аҳолини ўзга динларга тарғиб этиш, хусусан Ўзбекистон мисолида Ислом динидан адаштириш кузатила бошланди. Мамлакатимиз мустақил юрт сифатида илк одимларини ташлар экан, ўзлигимизни йўқотиб қўймаслик, ота-боболаримизнинг дини ҳисобланувчи Исломни ҳимоя қила олиш энг асосий вазифалардан бири сифатида эътироф этилди. Зеро, мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Ислом ота-боболаримиз динидир. Уни ташқи таъсирлардан, ёт унсурлардан тозалаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир». («Ўзб. XXI аср бўсағасида», 35-бет)

«Ёғочнинг бўшини қурт ейди доим» — бу ҳаммамиз яхши биладиган масал. Миссионерлар ҳам бошқаларни ўз тўрларига илинтирар эканлар, энг аввал динидан яхши хабардор бўлмаган, динга енгил муносабатда кун кечираётган ёки ўзини мусулмон ҳисобласа-да, ҳаётида мусулмончиликнинг бирон бир асорати қолмаган юртдошларимизга биринчилардан бўлиб қармоқ ташлашади. Демакки, миссионерлар хавфидан эҳтиёт бўлиш, уларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам афсус-надоматлар чекмаслик учун аввало ўз динимизни яхши ўрганишимиз, бўйнимиздаги мажбуриятлар, ҳақ-ҳуқуқларимиз ва динимизнинг асосий тартиб-қоидаларини ҳар биримиз яхши билиб олишимиз керак. Балки илмнинг «ҳар бир мўмин ва мўмина учун фарзи айн қилиб белгилангани»да айнан мана шу ҳикмат яширингандир.

Лекин ўз динимизни яхши билишимиз билан бир қаторда миссионерларнинг ким эканлиги, уларнинг асл мақсадлари, миссионерлик тарихи ва бу ҳаракат вакилларининг бугунги даъволари ҳақида ҳам атрофлича маълумотга эга бўлишимиз шарт.

Ёритилаётган бу мақола шу мақсадда нашрга берилмоқда, унинг асосий мақсади – халқимизни миссионерлар хавфидан огоҳ қилиш, уларни огоҳликка, сергакликка чақиришдан иборат.

 

Миссионерларнинг мақсадлари, вазифалари ва фаолияти

Юртимизда фаолият олиб бораётган миссионерларнинг асосий қисмини насронийлик дини ниқобидаги турли секталар ташкил қилганлиги учун ушбу мақолада биз насроний миссионерлар ҳақида фикр юритамиз. Агар алоҳида ажратиб кўрсатилмаса, бундан буён «миссионер» сўзи насронийлик дини ниқобидаги миссионерлик секталарига нисбатан ишлатилади.

Бу турдаги миссионерларнинг асосий мақсадлари худди бошқа миссионерлар каби турли йўл ва усуллар билан ўз сафларини маҳаллий миллат вакиллари ҳисобига кенгайтиришдан иборатдир.

Уларнинг мақсадлари асосан уч нуқтада жамланади:

  1. Халқларни насронийлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий, маънавий жиҳатдан Ғарб давлатлари таъсир доирасига олиш.
  2. Халқларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш, уларни ўз динидан чиқариш ва динсиз қолдириш.
  3. Қадимдан насроний бўлганларни ўз динларида мустаҳкамроқ туришга чорлаш ва улар сафини «янги насронийлар» билан тўлдириш.

Миссионерлар ўз мақсадлари йўлида ҳеч қандай воситани аямайдилар, уларнинг усул-найранглари доимо такомиллашиб боради. Мана улардан бир нечтаси:

  1. Инсоний ёрдамлар кўрсатиш. Бунга, албатта, моддий ёрдамлар (тиббиёт, озиқ-овқат) ва сўзсиз, «руҳий» ёрдамлар киради.
  2. Маҳаллий халқ тилида ўша халқнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда, сифатли, рангли, расмли даъват китобчаларини бепул тарқатиш. Мусулмонлар учун чиқарилган бу китоблар кўпинча Қуръон оятлари билан «безалади».
  3. Насронийликни тарғиб қилувчи газета-журналлар чиқариш.
  4. Насронийликка қизиқтирувчи аудио-видео кассеталар тарқатиш.
  5. Радио-телевидение орқали жонли кўрсатувлар тайёрлаш. Бу кўрсатувлар орқали аҳолини мулоқотга чорлаш, адреслар алмашиш.
  6. Турли мавзуларда тадбирлар ва анжуманлар уюштириш.
  7. Мусулмон ўлкаларга турли номлар остида (масалан, ҳамшира, тил ўргатувчи, тарбиячи) миссионер кадрлар жўнатиш.
  8. Якка шахсларга даъват хатлар жўнатиш.
  9. Ёшлар жамиятлари билан ҳамкорлик қилиш.
  10. Инглиз тили, компьютер ўргатиш ниқоби остида миссионерлик кутубхоналарини, клубларини ташкил этиш.
  11. Ўз сафларига қўшилганларни моддий рағбатлантириш, уларни чет элларга жўнатиш, иш билан таъминлаш.
  12. Ўз юртларига келган саёҳатчиларни ҳам назардан четда қолдирмаслик.

Ушбу найранглар таъсири остида мусулмон кишида уч ҳолат кузатилади:

Мусулмон киши бошқа динни қабул қилади ёки бошқа динни ҳам ҳақ йўлда деб ўйлай бошлайди ё камида ўз динига бўлган садоқати йўқолади.

Баъзи ватандошларимизнинг уларга эргашиб кетаётганлигига биринчи сабаб – ўз динимиз йўл-йўриқларидан мутлақо бехабарлик. Ислом дини моҳияти оммага яхши етказилмаяпти, даъват ишлари суст. Мана шу бўшлиқни миссионерлар уддабурронлик билан тўлдиришмоқда.

Иккинчи сабаб – маърузаларимизнинг таъсирчанлиги оз. Баъзи имомларимизнинг жума мавъизаларига қулоқ солиб турсангиз, зерикарли, илмий жиҳатдан саёз маъруза қилишади. Ҳолбуки, миссионерларнинг чақириқлари кучли, ниҳоятда ҳис-ҳаяжонли.

Учинчи сабаб – ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалардан, ногиронлардан, боқувчисидан айрилган қариялардан кўнгилдагидек тез-тез хабар ололмаяпмиз, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатолмаяпмиз. Миссионерлар бу йўл билан баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлашяпти ва уларнинг ишончини қозониб, диний даъватни тарғиб қилишмоқда.Муқаддас динимиз таълимотида ҳам инсоннинг ўз динини ҳимоя қилишлиги таъкидланган, ҳамда  мана шу киндик қонимиз томган жаннатмонанд юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро доимо сергак, бўлаётган ҳар қандай дунёвий ва диний воқеа –ҳодисалардан огоҳ бўлмоғи лозим.Халқимизни, азиз юртдошларимизни ҳеч қачон тўғри йўлдан оздирмасин!Ғаразли ниятли инсонлар тўрларига илиниб қолишликдан доимо огоҳ бўлайлик азиз юртдошлар!

 

 

Жарқўрғон тумани “Оққўрғон”  жомеъ масжиди имом хатиби Рўзиев Худойберди

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here